Қайнона уялинқираб бош эгган келинига жилмайиб қараб қўйди-да, ўғлига қзланди:
— Сен бориб машинани тайёрлаб тур-чи. Биз Нигорахон билан икки оғиз гапимиз бор.
— Хўп, ойижон, хўп.
Ўғлининг ҳовли адоғидаги гараж томон кетганини кўрган қайнона паст овозда келинидан сўради:
— Нигорахон, эскиларда “Онангни отангга бепардоз кўрсатма”, деган нақл бор. Пардоз-андозингиз сал маромига етмаганми дейман-да...
Хижолатдан юзлари олов бўлиб кетган келинчак дарҳол бош эгди ва минг истиҳола билан:
— Анов... менга... қайноналарга косметика ёқмайди, дейишганди... — дея олди аранг.
Солиҳа хола “пиқ” этиб кулиб юборди.
— Нима, қайноналар аёл эмасми? Ё улар бир пайтлар ёш бўлганини унутиб қўйишганми?.. Гапнинг қисқаси, қизим, менинг фикримча, аёл киши ҳамиша гўзал бўлиши керак. Айниқса уйда, жуфти ҳалолининг ёнида...
Солиҳа хола бошчилигида келин-куёв меҳмондорчиликка мўлжалдан сал эртароқ отланишди.
Хола машинани катта супермаркет дўкони ёнида тўхтатди-да, ўғлига қаради:
— Ҳали вақтимиз бор. Дўкон айланиш ёшларга ярашади. Мен машинада ўтира тураман. Сизлар бир томоша қилиб келинглар...
Дарвоқе, Солиҳа хола келинининг “Қайноналар косметикани ёмон кўришади” деган гаплардан сўнг пардоз-андоз буюмларининг каттагина қисмини уйида қолдириб келганлигини аллақачон фаҳмлаб олган эди. Шу сабабли уйдан чиқиш олдидан ўғлига шипшиди:
— Келинга у-бу нарса совға қилсанг яхши бўларди. Ҳар қалай, бугун эр-хотин сифатида биринчи марта кўчага чиқишларинг...
Солиҳа хола зукко келини ўзига нима танлашини тўғри фаҳмлаганди.
Айнан шу дўкон ёнида маҳалладош аёллардан баъзилари Солиҳа холани кўриб қолишади ва дарҳол келиб салом беришади. Гапдан-гап чиқиб, хола ғурур билан ўғли ва қизи (ҳа, хола “келиним” демайди, “қизим” дейди) дўконга кириб кетганини айтади.
Шунда кексароқ аёллардан бири лаб тишлайди ва бошини сарак-сарак қилган кўйи:
— Солиҳа, бу аҳволда келинингизни эркалатиб юбормасмикансиз, — дейди.
Бу эътирозга жавобан хола мийиғида илжаяди ва ишонч билан дейди:
— Менинг қизим ўқиган-билган, оқ-қорани таниган, эҳтимолки, баъзи нарсаларни бизга қараганда ҳам яхшироқ тушунган қиз. Бир сўз билан айтганда — замонавий келинчак. Энди замон шуларники. Мен қизимнинг яна ўқишини, илм қилишини, ҳаётдан ўз ўрнини топишини, доим интилиб, ҳаракат қилиб яшашини истайман. Хўш, нега энди менинг қизимдан катта олим, катта давлат арбоби чиқмаслиги керак экан? Нега энди мен шундай оқида қизимни тўрт девор ичида сақлашим керак экан? Ҳали кўрасизлар, менинг келиним ё бўлмаса сизнинг келинингиз келажакда мисол учун Тансу Чиллер эришган даражага ҳам эришади. Шундай эмасми?..
Маҳалла аёллари индамай ортга қайтишди-ю, кейин йўл бўйи ўзаро баҳслашиб келишди. Кимлардир Солиҳа холанинг гапларини маъқуллашса, кимлардир бутунлай инкор қилар, жумладан, “Келин энг аввало қайнона-қайнотасининг хизматини қилсин, илмга бало борми?!” дейишарди ишонч билан.
Бу орада эса Солиҳа хола тўлиб-тошиб, тинмай илжайиб қўяётган кенжатойи Азимжон ва бахтиёрликдан кўзлари чақнаётган келини, тўғрироғи қизи Нигора билан меҳмондорчиликка бормоқдайди.
Абдуқаюм Йўлдошев
https://t.me/IJOD07