Шундоқ, номигагина юзини юзимга теккизди. Тилида эса доимги савол: «Нима овқат?» Эҳ, менинг худбингина ўғлим! Сенинг ёнингда сени қанчалар соғиндим!
2013 йил 10 декабрь
Кундалигим! Ҳар қандай байрам олдидан одамларнинг хурсандчиликда юришини кўриб менинг ҳам ҳавасим келиб кетади.
— Бу йил бирга нишонлаймиз-а?! Ваъда бердинг, а?
— Ойи, хўп дедим-ку, кўрамиз…
— Кўрамизми? Аниқ эмасми?!
— Ойи, мен ҳозир ишдаман. Байрамга эса йигирма бир кун бор, бунча шошасиз?!
— Болаларни олиб келсанглар эди…
— Хўп, мен сизни олиб кетаман ўша куни, бўладими?
— Майли, фарқи йўқ!
Менинг уйимдами, унинг уйидами, чиндан фарқи йўқ. Биз биргаликда, бир оила бўлиб ўтирсак, мана шу менинг истагим…
2014 йил 7 январь
Кундалигим! Ёлғизлик изтироби жуда ёмон эканини яна бир бор ёзмоқчиман. Ўша куни ўғлимни кутдим. Аммо у келмади. Фақат SMS ёзиб юборибди: «Ойи, сиз билан байрамни кейинги йил, албатта, нишонлаймиз. Бу йил келинингизнинг ота-онасиникига кетдик. Яхши ўтиринг, уч-тўрт кунда ўтамиз!»
Аёллар учун ўғил фарзанд ўзгача неъмат. Барча эркаклар гарчи ўғил кутишса-да, оналар каби ўғилнинг ситамларига чидай олишмайди. Ўғил отага инжиқлик қила олмайди. Ўғил қандайдир айб ишини отасидан яширади, аммо онасининг нигоҳидан эмас. Ҳар қандай ўғил уйга кирар-кирмас: «Ой-и-и!» деб киради. Ҳа, шундай. Токи уйлангунича! Сўзларимда алам борми? Менимча, аламдан кўра ўкинч бор, соғинч бор. Уч-тўрт кун деганди, бир ҳафта ҳам ўтди, ҳамон эшик тиқ этса, қараб қўяман. Ўғлим! Менинг худбингина паҳлавоним!
2015 йил 10 июнь
Кундалигим! Шифохонадаман. Бугун мени кўргани ўғлим, қизим, набираларим келишди. Уларнинг борлиги, ёнимда ўтириши, мен билан суҳбат қуриши нақадар бахт. Қани энди касалхонада умримнинг охиригача қолсам! Ниятимдан ўзим ҳам қўрқиб кетдим. Аммо начора, шундагина улар мени соғинишганини ҳис қилсам, шунга ҳам розиман, албатта. Бироқ ўғлимнинг авзойи бузуқ. Менга билдирмаяпти-ю, болаларини жеркиб ташлаганидан билдим. Хотини келмагани, тез-тез қўл телефони жиринглаётганига қараганда, аниқ аразлашиб қолишган. Балки, касалхона харажатлари бунга асосий сабабдир. Ахир салкам бир ойдан буён шу ердаман. Кўриб турибман, муолажаларга озмунча пул кетаётгани йўқ.
— Энди сизнинг дориларингиздан ҳам озод қилайликми уни?!
Қизимга бундай ёрилиб ҳам бўлмайди. Дарров жазавага тушади.
— Қийналиб қоляпти-да!
— Ойи! У сизнинг битта-ю битта ўғлингиз! Шунга қарамай, сизни ташлаб чиқиб кетди. Энди арзимаган уч-тўрт сўм пулига ҳам ачиняптими?!
Нима учун «Ташлаб кетди», деган сўзни бу қиз шунчалар кўп гапираркин, а? Ахир бу сўзни эшитмаслик учун мен суҳбат мавзусини қанчалар айлантираман-ку! Мана шу сўзлар юрагимга санчилиб қолади, мени обдан қийнайди, сўнг кўз ёш билангина чиқиб кетади!
2015 йил 31 декабрь
Кундалигим! Ниятим холис экан! Умримнинг сўнгги кунларини мана шу касалхонада ўтказяпман. Болаларим эса ҳар икки куннинг бирида ёнимда. Менда аллақачон саратон аниқланган, болалар эса буни яширишган экан. Наҳотки жилла қурса бу дардимни эшитгач, ўғлим мени уйига олиб кетишни истамади?
О, йўқ, мен яна худбинлик қиляпман! Ахир ўғлимнинг менга жуда кўп пули кетяпти-ку. У ёнимга тез-тез келяпти. Ҳатто тунов куни мени овқатлантириб ҳам қўйди. Лекин қандайдир… Қандайдир хаёли бошқа ерда, буни сезяпман. Ахир оналар ҳамма нарсани сезишади-ку. Биламан, унинг уйига кетгиси келяпти, хаёли аразлаб юрган рафиқасини қайтаришда, болаларида… Йўқ, болажоним, сен болаларни бунча кўп ўйлаб куйинма! Қўй! Улар, барибир… Ёза олмаяпман. Бу гал нафақат кўз ёшлар туфайли, балки ҳолсизликдан ҳам. Ёза олмаяпман. Ташқарида қор, жуда чиройли қор. Ана, ўғлим келяпти! Болажоним, ёнимга сўнгги бор кулиб кир. Мажбуриятдан эмас, гўдаклигингда ошиққанинг каби мен томонга ошиқиб кир!..»
Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА
@hojionalarkanaliЯқинлармизга юборамиз🌼🌸🌺
┄┅অঠই 🕋 ইঠঅ┅┄
📚 ХОЖИ ОНАЛАР КАНАЛИ 🔺
𝕂𝕒𝕟𝕒𝕝𝕚𝕞𝕚𝕫𝕘𝕒 𝕆𝕓𝕦𝕟𝕒 𝔹𝕠'𝕝𝕚𝕟𝕘➖⬇️https://t.me/hojionalarkanaliКаналга киришни унитмадизми 👆🎁