САДАҚА ҚИЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИ
Ислом дини инсонларни бир-бирига яхшилик қилиш, муҳтожларга ёрдам беришга ундайди. Бунинг энг улуғ йўлларидан бири — садақа беришдир. Садақа нафақат моддий ёрдам, балки инсонларнинг дунё ва охират ҳаётида бахтли бўлишига хизмат қилувчи улкан ибодат саналади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
ٱلَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمْوَٰلَهُم بِٱلَّيْلِ وَٱلنَّهَارِ سِرًّۭا وَعَلَانِيَةًۭ فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِندَ رَبِّهِمْ ۖ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ
"Молларини кечаю кундуз, махфий ва ошкора сарф қилувчилар — уларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга ҳеч қандай қўрқув йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар."
(Бақара сураси, 274-оят)
Ҳадисларда садақа ҳақида
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) садақанинг улкан савоби ҳақида бир неча ҳадисларда таъкидлаганлар:
مَا نَقَصَتْ صَدَقَةٌ مِنْ مَالٍ
"Садақа бериш билан мол ҳеч қачон камаймайди."
(Имом Муслим ривояти)
Бу ҳадисдан маълум бўладики, садақа моддий жиҳатдан камайиш эмас, аксинча, барака ва кўпайиш сабабидир.
الصَّدَقَةُ تُطْفِئُ الْخَطِيئَةَ كَمَا يُطْفِئُ الْمَاءُ النَّارَ
"Садақа гуноҳларни ўчиради, худди сув ўтни ўчирганидек."
(Имом Термизий ривояти)
Садақанинг турлари
Моддий садақа — пул, озуқа, кийим-кечак ва бошқа моддий ёрдамлар;
Жисмоний садақа — бировга ёрдам бериш, табассум қилиш, йўлдан тўсиқ олиб ташлаш каби амаллар;
Илм садақаси — илм ўргатиш, яхши сўз айтиш, ҳақиқатни етказиш.
Хулоса
Садақа қилиш — мусулмоннинг қалбидаги имон ва раҳмдиллик белгисидир. У нафақат дунёда барака, балки охиратда жаннатга сабаб бўлади. Садақа қилган инсон Роббисига яқинлашади, қалби покланади ва жамиятда меҳр-шафқат муҳити яратилади.
Аллоҳ таоло бизларни садақани яхши кўрувчи, унга амал қилувчи банда қилиб, савобларидан баҳраманд қилсин!
"Ҳазрати имом" жоме масжиди имом-хатиби: Ҳабибуллоҳ қори Абдуразаков
┈┉┅━❀🍃🌺🍃❀━┅┉┈
Telegram |
Facebook |
Instagram |
Youtube