#jamoatchilik_nazorati
Одамларга ишониш керак!Ишдан қайтишда нон олмоқчи бўлиб, бир нечта новвойхоналардан ўтиб келдим. Ногоҳ йўл четида турган "Нон" ёзувини кўриб тўхтадим. Коляскада усти ўралган нон, 4000 деган ёзув ҳам бор. Аммо сотувчи йўқ. Шу атрофдаги тўрт бешта дарвозани тақиллатдим, ҳеч ким чиқмади, чиққаниям бизга тегишли эмас, дейишди. Нима қилишни билмай турсам, бир йигит:
"ака нонни олиб, пулни қўйиб кетаверинг" деди. Нон ўралган адёлни кўтардим, димоғимга гуп этиб иссиқ нон тафти урилди. Боз устига ўзим яхши кўрадиган чапчак нон эканлиги учун гарчи эҳтиёж 4 та бўлса ҳам 10 та олиб, пулини адёл тагида қолдирдим. 10 та ноннинг пули устига яна
ўн минг қўшиб ҳам қўйдим.
Уйга келиб энди кийим алмаштираман деганимда, бир дўстим телефон қилиб чақириб қолди. Зарур иш деди. Тезда етиб бордим, иш битгач яна ўша нон турган жойдан ўтишга тўғри келди. Қарасам, бир ўсмир йигитча турган экан. Нон тугаган. Мен унга ярим соат олдин нон олмоқчи бўлганимни, аммо ҳеч ким йўқлиги учун кетиб қолганимни айтиб, нега шу ерда турмайсан, дедим. Нонни биров индамай кўтариб кетса, нима қилардинг, дея танбеҳ ҳам берган бўлдим. У эса новвойхонада ўзи ва акаси ишлашини, нонни қўриқлаб ўтиришга вақти йўқлигини,
ҳали шу пайтгача ноннинг пули ҳеч кам чиқмаганлигини айтаркан, одамларга ишониш керак, деди. Нонни сотиб бўпсан, нега кетмаяпсан, десам,
э, ака, кимдир ўн минг ортиқча пул ташлаб кетибди, адашиб бергани эсига тушса, қайтиб келар, деб турибман, деди...
Ёш боланинг тоза қалби, ишончи, беғуборлигини кўриб, шубҳа гумонларга борганимдан, уни синамоқчи бўлганимдан уялиб кетдим. Аста мошина томон юрарканман, дунёнинг бузилиб кетишига йўл қўймайдиган бу йигитчанинг гаплари миямни, вужудимни эгаллаб олган эди:
"ОДАМЛАРГА ИШОНИШ КЕРАК!"©️ Журналист Мақсуд ЖОНИХОНОВнинг фейсбукдаги саҳифасидан.〰️〰️〰️〰️〰️
Kanalga obuna bo‘ling👇
https://t.me/jamoa_nazorati