Фармон Тошев


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: not specified


Кўнглимдан кечган барча фикрларимни Сизлар билан баҳам кўришни истайман

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Statistics
Posts filter


Ассалом, Қатар!


Яхшини мақтайди ким бир ёмонни кўрмайин,
Ношукр бўлманг сира сиз жаҳонни кўрмайин.

То тирик, инсон яшар кўп орзу истаклар била,
Ҳой-ҳавас келмайди лекин омонни кўрмайин.

Чин сабоқлар кўрмаса, иқтидор бефойдадир,
Бўлмади оқил киши оғир замонни кўрмайин.

Кўп малол бошинг уза турса бир нодон киши
Қақшамас асло асаб, у нотавонни кўрмайин.

Ҳар хатолиғ заҳмини дарду ғам деб англама,
Бўлмагай доно киши офат, зиённи кўрмайин.

Тинч Ватан осмонига ҳар куни шукрона қил,
Қочмагай озод қуш асло камонни кўрмайин.

Қайданам у меҳрибон, жонкуяр бўлгай агар,
Бандаки, жисми аро озори жонни кўрмайин.

Фармоно, дунё кўриб, дунёга оид гап дегил,
Шаъни юртга сўз дема ёт ошённи кўрмайин.

@farmontosh
2025 йил 28 февраль.
Қатар, Доха.


Forward from: ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ
Кураш фалсафаси...


Шогирд устозидан сўради:
– Агар йиқилганимдан хабар топсангиз, нима дердингиз? – Тур, дердим.
– Яна йиқилсам-чи?
– Яна тур, дердим.
– Бу ҳолат қачонгача давом этиши мумкин: йиқиласан, турасан, йиқиласан, турасан?
– Тирик экансан, йиқилавер, ўрнингдан туравер. Фақат ўликларгина йиқилиб қайта турмайдилар
.

@𝐇𝐚𝐲𝐨𝐭_𝐅𝐚𝐥𝐬𝐚𝐟𝐚𝐬𝐢


Forward from: Nurboy Jabborov saboqlari
​​🌹АЁЛ КИМ?

• Биринчи бўлиб, диктатор Фиръавнга бутун иймони, куч-қуввати ва шижоати ила юзма-юз турган шахс – эр эмас, АЁЛ. У – Саййида Осиё.

• Биринчи бўлиб, Каъбатуллоҳнинг бино қилиниши ва Макка шаҳрининг гуллаб-яшнашига сабабчи бўлган шахс – эр эмас, АЁЛ. У – Ҳожар онамиз.

• Биринчи бўлиб, Ер юзидаги энг пок сув – Замзам булоғидан ичишга эришган шахс – эр эмас, АЁЛ. У – Ҳожар онамиз.

• Биринчи бўлиб, Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирган шахс – эр эмас, АЁЛ. У – Хадича онамиз.

• Биринчи бўлиб, Ислом учун жонини фидо қилган шахс – эр эмас, АЁЛ. У – Сумайя розияллоҳу анҳо.

• Биринчи бўлиб, Ислом учун мол-мулкини ҳеч иккиланмасдан фидо қилган шахс – эр эмас, АЁЛ. У – Хадича онамиз.

• Биринчи бўлиб, Сафо ва Марва орасида югурган шахс – эр эмас, АЁЛ. У – Ҳожар онамиз.

• Билмаган ҳар кимса билиб олсинки, Аёл – Ислом учун фахрдир.

• Аёлларни ҳурмат қилган ва уларнинг қадр-қимматини билган эрларга Аллоҳнинг саломлари бўлсин...


                 ҚАЙТМАГАЙ

Баҳор қайтар ҳар йили такрор,
Юрагу оламга бағишлаб  ҳузур.
Дарёда оқади олтин лаҳзалар,
Афсус, қайтмас биз ўтган умр.

Қайта-қайта келгай орзулар,
То ўлгунча янги бўлади ҳавас.
Ҳатто қайтар омонат, лекин
Деган сўзни қайтариб бўлмас. 

Озор берманг мискин юракка,
У ҳамма вақт арзин айтмагай.
Ҳушёр асранг,асранг жон каби,
Йўқотилган ишонч қайтмагай!

@farmontosh
2025 йил 27 февраль.


                  Ф А Р Д Л А Р

Одобсизлар улғайган сайин,
Нодон одам  бўлмоғи тайин.
                 *  *  *
Дўст дунёда тўп-тўп бўлмагай,
Кексаларда дўст кўп бўлмагай.
                 *  *  *
Кимки ҳаракатдан тинмагай,
У қаришни писанд қилмагай.
                 *  *  *
Омадлардан келмагай роҳат,
Ташвиш ичра бўлгай ҳаловат.

@farmontosh
2025 йил 27 февраль.
                


Ул нечук тақдир ахир, кўп билар ном бўлмаса,
Иштиёқ, истак нечун, гар дилда ором бўлмаса.

Барча умринг беқадр ё бесамар кетган демак,
Ҳар амал ё ибратинг авлодга пайғом* бўлмаса,

Мудраган туйғу билан ишқивор бўлмас кўнгил,
Ёр учун ошуфта кўз ё қалб деган дом* бўлмаса.

Ким уни чин ёр дегай ё ким ҳабиб билгай яқин,
Ул садоқатда магар Фарҳоду Баҳром бўлмаса.

Эй юрак, тарки муҳаббат айлама жон бор экан,
Не керак бу қалб магар ишқ учун жом бўлмаса.

Фармоно, бермас у таскин жонфидо ошиқ учун,
Ёрга ишқинг гар унинг васфида илҳом бўлмаса.

@farmontosh
2025 йил 27 февраль.
Пайғом  - сўз, хабар, нақл маъносида.
Дом  -  тузоқ.


Йил йилга ўхшамас баҳор бўлмаса,
Ишқда не моҳият дийдор бўлмаса.

Мақсаду муддаонг сароб сингари
Қалбингда иштиёқ, қарор бўлмаса.

На қул у, на эркин, мақоми йўқдир,
Гар унда бир макон- диёр бўлмаса.

Жоҳиллик йўлига қадам қўймагай,
Бевиждон, беиймон, беор бўлмаса.

Ошиққа соғинчнинг ётдир хумори,
Қалбида суйгани -дилдор бўлмаса.

Оғриқли юракка бепарво бўлманг,
Ҳеч нола қилмайди озор бўлмаса.

Фармон хаёлини чалғитма зинҳор,
Ул қандай яшайди ашъор бўлмаса.

@farmontosh
2025 йил 26 февраль.


                   ТЎРТЛИК

Ҳаёт боқий ҳар тонг қуёш пайдо учун,
Кўп кўрингай кўнгил дарди Ялдо учун.
Самимият, ишқ йўқ магар, қиёматдур,
Олам бутун диллар дилга шайдо учун.

@farmontosh
2025 йил 26 февраль.


Бўлса ҳолинг танг магар, арзинг ёмонга қолмасин,
Ажратур иймондан ул, фикринг гумонга қолмасин. 

Ҳар киши заҳмат чекиб, топсин тугал чин ризқини,
Дон хирмонда борида ризқинг сомонга қолмасин.

Бўлма ғофил, не кечар олам аро, бохабар, огоҳ бўл,
Эҳтиёжинг қалбга бўлсин, ҳеч ош,нонга қолмасин.

Асрагил виждонни сен, ҳам асрагил иймонни сен,
Дарду оғриқ, изтироб мискин бу жонга қолмасин.

Кимга ҳам айт, кўҳна дунё ҳиммат айлар яхшилик,
Мушкулинг гарданга ол, ҳаргиз замонга қолмасин.

Фармоно, сен дилда боринг эл била кўргин баҳам,
Дилда боринг ҳеч қачон элдан ниҳонга қолмасин.

@farmontosh
2025 йил 26 февраль.


Газетанинг ташриф қоғози
 
Яқинда зиёлилар даврасида ўқимишли киши ўтирганларга қўлидаги газетани кўрсатиб, "Қаранг, "Кўрганинг эмас, еганинг сеники!". Сарлавҳани ниҳоятда чиройли, кўринарли қилиб беришибди. Сарлавҳа газетанинг пардози-да!", деди. Эҳтимол, бу гапда ҳам жон бордир, камина шу соҳанинг одами бўлганим учун бу сафар айнан сарлавҳалар ҳақидаги хулосаларим билан ўртоқлашгим келди.


Batafsil: 👉 https://zarnews.uz/cpxk


@farmontosh


                   ҲОЛАТ

Сочи узун мажнунтол,
Мендан битта сўра ҳол.
Иккимиз ҳам бир телба,
Дийдор кутаман бежол.

Сойнинг суви югурик,
Иккимиз ҳам бош эгик.
Ёр бунча ҳам бағритош,
Айт, ёрга не сўз дедик?

Ўхшатмасдан учрамас,
Иккаламиз бирга маст.
Икки ошиқ- бир мискин,
Санам қилдиму ё қасд?

Сенинг толангда нола,
Менинг ноламда тола.
Эшитмаса ёр дардим,
Қилгум сенга ҳавола.

Сой бўйида қўш ғариб,
Кутишдан турар ҳориб.
Сувга ташлай арзимни
Хабар берсин у бориб.

Неча йилки шу ҳолат:
Зор айлади муҳаббат.
Сен сойга тикиласан,
Шеър ёзаман мен фақат.

Тунни кунга улай ман,
Сен боринга ўлай ман.
Майли, ғариб, беозор
Бир япроғинг бўлай ман.

@farmontosh
2025 йил 25 февраль.


Озор берма ўзгага кунинг кўриб юравер,
Яхши инсонлар била давр суриб юравер.

Бир синов оғриғини дунё ғами деб билма,
Омад кулгани чоғда қандни уриб юравер.

Вафо кутма, бефойда бетайин ё ағёрдан,
Унинг жавоби аён: "тошинг териб юравер!".

Ғариблигида киши шодмон бўлолмайди,
Ўз Ватан қучоғида кўкрак кериб юравер.

Ғурурингни йўқотсанг жамоат ичра агар,
Бечора ёки беҳол, шўринг қуриб юравер.

Дунёсидан ўзинга ҳиммат истама аммо,
Фармоно, ўзгаларга меҳр бериб юравер.

@farmontosh
2025 йил 25 февраль.


Яхшилар суҳбатидан давра бағри чоғ бўлар,
Ҳар ким бир ниҳол экса, албатта у боғ бўлар.

Эй, миллат фидолари, ҳушёр ва огоҳ бўлинг,
Бир жоҳилнинг аъмоли эл номига доғ бўлар.

Нодон, ғофил кишидан эл афсус, хижолатда,
Акобир, хуш ахлоқнинг кўргани ардоғ бўлар.

Аҳли заҳмат беғараз ўз фарзини қилгай адо,
Аҳли шуҳрат ишда йўқ, аммо у сайроғ бўлар.

Битта миллат ичра асло бўлмагай бегонаси,
Бир Ватаннинг бандаси эт ила тирноғ бўлар.

Фармон, фикри бузуқлар савлатига ишонма,
Кимнингки кўнгли тоза, у тетик ва соғ бўлар.

@farmontosh
2025 йил 24 февраль.


Насибангни эй рафиқ, сен ахтариб юрма ҳалак
Ризқини ҳар кимсага бергай синаб одил фалак.

Эй юрак, мардона тургил ақлу виждон олдида,
Қўллагай ва бошинг узра айланур омад, малак.

Бу ҳаёт боқий тегирмондур, ки чархи тўхтамас,
Ким кепак, ким дон, унга қози ул тақдир - элак.

Ишда моҳир, дилда соҳир бўлса эл фарзанди у,
Ҳеч қадр бермайди асло, кийганинг зар ё алак.*

Аҳли мискин ҳамда донода хавотир сезмадим,
Нафси ўпқонларни кўрдим, ўй-хаёли жонсарак.

Ақлу виждон ҳам шууринг оҳоридин ҳушёр бўл,
Ҳар гуноҳинг, бил, Худо огоҳларидин бир дарак,

Яхшилик қил, яхшилик чин ҳаётнинг нақшидур,
Дил, тилингдан,Фармоно, тушмасин эзгу тилак.

@farmontosh
2025 йил 24 февраль.
Алак  - оддий мато.


Forward from: Mehr ulashing
Video is unavailable for watching
Show in Telegram
🎤 "Келасанми?"

Оҳангги руҳимизга сингган тарона...
Ўзгармаган овозни шунчаки тингланг!


Video is unavailable for watching
Show in Telegram


ДОНОЛАР БИЛИБ АЙТАДИ

* Жонимизни яхши кўрамиз, аммо жон- Аллоҳники;

* Молу давлатни яхши кўрамиз, у эса - меросхўрларники;

* Дунёни севамиз, уни эса барибир тарк этамиз.

Абу Туроб НАХШАБИЙ.

@farmontosh


БОЙЛИК

Ҳаёт экан, майли, давлат ҳам тўпла,
Топганингдан иқбол, толеинг кулсин.
Фақат қул бўлмагин бойлик шавқига,
Бойлик ҳушёр ақлинг измида бўлсин.

@ farmontosh
2025 йил 23 февраль.


                   ИЛМ

Илм турфа гуноҳдан паноҳ,
Бунга мозий то ҳануз гувоҳ.
Илм олиш савобдир гарчи,
Илм билан мақтаниш гуноҳ.

@farmontosh
2025 йил 23 февраль.

20 last posts shown.