Нима қилдим койиб, тақдирдан нолиб,
Бу савдолар қондан ўтган, афсуски.
Дўстлар оҳанг тўла юрагим қолиб
Эшигимга қулоқ тутган, афсуски.
Афсуски, ҳалвога дўнмас ғўралар,
Тойчоққа йўл бермас қари йўрғалар.
Бедилнинг кўзларин кўрган қарғалар
Чорбоғимда тупроқ титган, афсуски.
Афсуски, тушмадим мен ҳам осмондан,
Яхшидан ёмонман, яхши ёмондан.
Жон деб кечиб кетар эдим-ку жондан
Онамнинг кутгани кутган, афсуски.
Афсуски, шаббода судраган хасман,
Куйим ўзимга тан, ўзим сармастман,
Кўчангиздан қайтиб куйлаб ўтмасман,
Азал менга шуни битган, афсуски.
Афсуски, шарҳи йўқ жимлигингизнинг,
Сиз ҳам ўйлармисиз кимлигингизни.
Биламан-ку маккор шумлигингизни –
Шайтон бел олишмай ютган, афсуски.
Афсуски, олдинда кўнгил йўқ, дил йўқ,
Карвон сўнгидаман гиёҳу гул йўқ.
Фожиам шундаки, орқага йўл йўқ,
Имкон қўлдан кетган... кетган... афсуски.
Иқбол МИРЗО
https://t.me/dilgamaktublar