***
Мен кетдим,
Бошимда тумонат савол.
Сен қолдинг
Эшигинг қия очилиб.
Энди бу ерларнинг борлиги хаёл,
Энди бу кўнгилнинг эшиги қулф.
Остона қолади юраги синиқ,
Автолар кезади шаҳарни шаддод.
Ёмғирга айланиб кетар хўрсиниқ,
Ойнага урилар саволлар бот-бот.
Тамаки тутуни тутади танни,
Таъқиқ чироғини ёқар светофор.
Мунғайиб шарпалар кезар туманни,
Гуё бу айрилиқ ҳар кеча такрор.
Метрода шивирлар дастаклар секин,
Поезд жим қўзғалар, кўпчийди миш-миш.
“Аслида севармиш, кўнмасмиш лекин”
“Қайсидир ҳамкасбнинг кимидир эмиш...”
Йўлак,
Гавжум кўча,
Бетартиб дунё,
Нигоҳларда чарчоқ, мудроқ, совуқлик.
Зинадан отилиб чиқасан, гўё
Юрагингни ҳамма кўриб тургандек.
Руҳсиз бир учрашув,
Қайтиш, кутиш, жим,
Бахтиқаро хона кузатар зимдан.
Билмайман, кимдандир шеър ўқиб бердим,
Рауф Парфиданми, Усмон Азимдан.
Сўнг умид узилар, изҳорлар тиниб,
Минг йил ўтган каби эврилар олам.
Мағрурликнинг оддий, сўнгсиз ўйини –
Кутавериб қайтиб кетётган одам.
Ташлаб кетдим сени, ўзимни шундай,
Таъналар, маъзурлар, ҳукмлар тинди.
Мен тентиб, довдираб дайдиган тунда
Мени деб йиғлади қайдадир кимдир...
©️
Дадахон@dadaxonmuhammadiy