Келажакда aқллилик ҳақиқий қадриятга айланадими?Пол Грэм, стартаплар акселератори Y Combinator асосчиси, келажакда технологиялар, хусусан, нейросетлар инсонлар ақл-идрокига катта таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, 20 йил ичида инсонлар мустақил фикрлаш ва ёзиш қобилиятини йўқотиши мумкин, чунки бу жараёнларни нейросетларга топширишга кўникиб боряпмиз. Бу
ҳодиса келажакда жамиятдаги энг муҳим кўникмалардан бири бўлган мустақил фикрлаш элиталарнинг ўзига хос хусусиятига айланишига олиб келади.
Грэмнинг фикрига кўра, инсонларда чуқур фикрлаш жараёнини қўллаб-қувватлайдиган асосий восита ёзиш бўлиб, айнан ёзиш орқали инсон тафаккури чуқурлашади ва таҳлил қилиш қобилияти шаклланади. Агар ёзиш жараёни нейросетларга юкланса, инсонлар фикрлаш қобилиятини йўқотиб қўйиши эҳтимоли юқори. Унинг таъкидлашича, бу жараён инсониятни иккига бўлиш хавфини келтириб чиқариши мумкин: «фикрловчилар» ва «тайёр маълумотни истеъмол қилувчилар»
.Пол Грэм шунчаки футурист эмас; унинг раҳбарлигидаги Y Combinator акселератори Airbnb, Reddit ва Stripe каби машҳур компанияларнинг юзага келишига ёрдам берган. Шу боис, унинг фикрлари технологик дунёнинг келажаги учун муҳим. У ёзган эсселар стартапчилар учун йўл-йўриқ сифатида қабул қилиниб, технологиялар ва бизнес ривожи борасида дастлабки қадамларни белгилаб беради.
Грэмнинг прогнозига кўра, одамлар вақти ўтиши билан турли вазифаларни нейросетларга топширишга одатланиб боради. Бугунги кунда нейросетлар инсонларнинг ҳар куни бажариши керак бўлган кўплаб вазифаларни енгиллатяпти – матн ёзиш, таҳлил қилиш, ҳатто ижодий ёзишда ҳам ёрдам бераётгани кузатиляпти. Бу жараён бир томондан қулай, лекин унинг узоқ муддатли таъсирлари инсонларнинг интеллектуал даражасига зарар етказиши мумкин.
«Чуқур фикрлаш фақат ёзиш орқали бўлади».
Агар инсон ёзишдан воз кечса, унинг фикрлаш қобилияти ҳам секин-аста сусайиши мумкин. Натижада инсонларнинг интеллектуал даражаси пасайиб, чуқур фикрлай оладиганлар жамиятдаги кам сонли гуруҳга айланади. Бу гуруҳ маълум бир интеллектуал ва ижтимоий қадриятга эга бўлади, чунки мустақил фикрлаш қобилияти камдан кам инсонларда қолади.
Грэмнинг бу фикрлари тўғридан тўғри антиутопик жанрларда кўриладиган сценарийни эслатади. Кўплаб антиутопияларда жамият ўз интеллектуал мустақиллигини йўқотиб, технологияларга тўлиқ боғлиқ ҳолга келган инсонлар кўрсатилади. Грэмнинг фикрича, ҳозирги нейросетлар ривожи одамларни фикрлаш ва ёзишдан воз кечишга одатлантиради ва бу ҳақиқатдан ҳам хавотирли.
Грэмнинг сўзлари жамиятга аниқ хабар юборади: интеллектуал мустақилликни сақлаб қолиш муҳим ва келажакда янада қадрланадиган ҳодисага айланади. Агар инсонлар ўз фикрлаш қобилиятини сақлаб қолишни хоҳласа, нейросетларга тўлиқ боғланиб қолмасдан, ёзиш ва таҳлил қилиш каби ақлий фаолиятларни мунтазам давом эттиришлари зарур.
@nurbekalimov