Kanada orzusi


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Blogs


Канада ҳақида кўпроқ ёзсам, гапириб қўйсам, кечиринг! Чунки шу ердамиз)

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Blogs
Statistics
Posts filter


rel='nofollow'>​​Алберта университети профессори Тимоти Колфилд “Ишонч иллюзияси” (The Certainty Illusion) китобида нега информацион оламимиз сершовқин, бетартиб эканига бир нечта фактларни келтирибди:

– 2025 йилгача қилинган ҳисоб-китобларга кўра, энди кунига 463 экзабайт рақамли маълумот яратилади. Бу 212,765,957 DVD'га тенг дегани.
– Тахминан йилига 2 миллионта академик мақолалар чоп этиляпти.
– Ҳар куни Google'дан 8,5 миллиард маълумот қидирилади ва минглаб янги мақолалар эълон қилинади.
– YouTube'га ҳар дақиқада қарийб 500 соатлик контент жойланади.
– Аксаримиз қўл телефонларимизни кунига юз маротабалаб текширамиз.
– Одамлар кунига 74 гигабайт маълумотни қайта ишлаши ҳисоб-китоб қилинган. Неврологлар Сабина Ҳайм ва Андреас Кейлнинг айтишича, атиги беш юз йил аввал бир ўқимишли одам умри давомида китоб ва афсона, ривоятлар орқали 74 ГБ маълумотни қабул қилган.

@chnizomiddinova


Музлаган Онтарио кўлида оқбош бургут билан Канада ғозининг 20 дақиқалик олишуви акс этган фотолар тармоқларда, ОАВда роса айланди.

Буни турли медиа нашрлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг ён қўшнисини 51-штат қилиб олмоқчилиги, аввал жорий қилиб, эртаси ёки индини бекор қилаётган божлари, ақлга сиғмас баёнотларига жавоб рамзи деб шарҳлаяпти. Фотограф Мервин Секейра ҳам қушлар жангини “ўта рамзий” дебди.

Муз устида тинч ўтирган ғозга ҳе йўқ, бе йўқ бирдан ҳужум қилиб, рақибини туртиб-тортқилаб, олишиб-олишиб, муродига етмаган бургут жимгина учиб кетворибди охирида.

@chnizomiddinova


#til_haqida

Муҳрим Аъзамхўжаев мана бунда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1914 йилги саёҳат хотираларидан парча жойлаганди. Тил билан боғлиқ қайдлар қизиқ. Яҳудийларнинг кўҳна иброний тилига муҳаббати ва уни келажак авлодга етказишдаги ҳаракатлари ҳақида Беҳбудий домла ҳам ҳайратини яширмаган экан.

Университетга киргунимча ўзим ҳам ўзбек тилининг жозибаси, чиройли тил эканини тўла англамаганман. Чунки мактабдаги она тили дарсларимиз ўлда-жўлда, ўқитувчи кўп алмашган, уйдаги мулоқот эса тожик тилида бўлган. 2-курсга ўтибгина ўзбек адабиётини жиддий ўқиганман.

Ҳозир ўйласам, Ғафур Ғулом, Асқад Мухтор, Абдулла Қаҳҳор, Шукур Холмирзаев, Аҳмад Аъзам, Анвар Обиджон, Эркин Аъзам (бакалавр ишимда ёзувчи фиқраларини таҳлил қилгандим), Усмон Азим асарларини ўқиб, тилга меҳрим ортган экан. Фақат шуларгина эмас, бошқаларининг ҳам таъсири бор, лекин буларни қайта-қайта ўқийверганман.

Канадага келгач, табиийки, инглиз тили уйдан ташқарида доминантга айланди. Болаларнинг янги тилни тез ва осон ўрганиши бизни бир тарафдан қувонтирса, бошқа томондан она тилини унутиб бориши шахсан мени ранжитади (тўнғич қизим аввал инглиз тилида фикрлаб, кейин уни ўзбекчага ўгириб, айрим сўзлар таржимасини тополмаса, мулоқотда шартта инглизчага ўтиб кетяпти). Уйда ўзбек/тожик тилларида гаплашсак-да, мактаб-боғча муҳити, социаллашув барибир устун келаркан.

Илгари аҳамият бермасдим, лекин уйда ҳам инглиз тилида гаплашадиган ўзбекларни кўриб, энсам қотадиган бўлди яқиндан бери. Болалар шундоғам мактабда, жамоат ичида инглизчани тоза талаффуз билан ўрганади. Аммо шунгаям қаноат қилмай, кундалик ҳаётда ўзбек ота-онанинг боласи билан тўла инглизча гаплашиши эриш туюлади менга.

Лекин она тилида гаплашишга аҳамият берадиган ватандошлар ҳам бор. Ўтган ой Алберта университетида PhD қилаётган опамнинг уйида меҳмон бўлдим. Суҳбат пайти тил мавзусидан гап кетди. Ўрта ва бошланғич синфда ўқийдиган икки боласи билан ота-она ўзбек тилига бошқа тиллар (русча, инглизча)дан сўз қўшмай, соф гаплашиш бўйича ўйин ўйнашаркан. Ким кам хато қилиб, жарима балларини кўпайтирмай, ҳаммани ютса, келаси ҳафта дам олиш кунлари қаерга боришни ҳал қиларкан.

Бу кичик ҳаракатдир, аммо менга ёқди – бўтқа тилда гаплашгандан кўра, русча-инглизчани аралаштирмай, соф она тилида гаплашган яхши барибир. Боланинг бир қанча тилларни ўрганиб, политолог бўлиши кимни қувонтирмайди, аммо бу она тилини унутиш ҳисобига бўлмаслиги керак, менимча.

@chnizomiddinova


Йўл-йўлакай...

@chnizomiddinova


#maktab_xabarlari

Билмадим, балки вақт ўтиб, “эътиқод эркинлиги”, “диний бағрикенглик” деган жумлаларни эшитсам, ҳозиргидек ҳайратланмас ва алоҳида ёзиб ўтирмасам керак. Аммо кеча мактаб директоримиздан келган имейлни ўқигач, шу каналда хотира қилиб қолдиргим келади.

Директор Кэтлин Дюранс 3-4 хабар ораси мусулмон ўқувчи ва ота-оналарни яқинлашаётган Рамазон ойи билан табриклабди. Эътиборимни тортгани, рўзадор ўқувчилар тушлик пайти синфхонада қолгиси келмаса (яъни бошқа болалар овқатини еяётган пайти), алоҳида жойда вақт ўтказиши, кимдир пешин намозини адо этмоқчи бўлса, кутубхонада ҳозирланган жойдан фойдаланиши мумкинлиги айтилибди.

Бу бошланғич синфлар мактаби. Болалар 1-синфдан 6-синфгача ўқийди, кейин ўрта мактабга ўтади. Шунга қарамай, ҳар бир бола ва унинг дини, диний ибодатлари, байрамлари албатта ҳурмат қилинади.

@chnizomiddinova


rel='nofollow'>​​#bobur_haqida

Заҳириддин Бобур шахси ва шеъриятига мухлислигим қачон бошланганини аниқ билмайман. Лекин “Маърифат” газетасида ишлаб юрган йилларим экани тахминга яқинроқ. Чунки атрофимда ашаддий бобурхонлар, “Бобурнома”ни йилда бир қайта ўқийдиганлар бор эди. Уларнинг суҳбати, мақолалари сабаб қизиқишим ортаверган.

Бобур инсонийлик, шоир ва шоҳлик бобида буюк бўлганини ҳар 14 февралда такрорлаймиз. Лекин унинг катта ШАХС бўлганини кўпда англамаймиз. “Ҳаа, бир шоҳ-да, Ҳиндистонни босволиб, даврини сурган” дерди бир ўртоғим. У ҳазиллашармиди, ё жиддий айтармиди, билмайман.

Бобур ҳақидаги стереотипларни (масалан, Андижон қовунини соғиниб, энтиккани) айнан “Бобурнома” синдирган. Уни йиғлоқи, нуқул ватан ҳажри билан яшаган, заиф, нотавон деб тасаввур қилганман негадир. Бунақа сифатли одам бошқа юртда давлатчиликка асос солармиди, дея танқидий фикрламабманам.

Икки йил аввал Gazeta.uz’да “‘Бобурнома’ни нега ўқимаймиз?” саволини қўйиб, Ҳусан Нишонов ва Ориф Толибдан интервью олгандим. Ўшанда йилда бир мемуар асарни такроран ўқишдан чарчамайдиган Ҳусан Нишонов суҳбат пайти фарзандларига Гулбаданбегим, Гулрангбегим ва Муҳаммад Бобур деб исм қўйганларини айтгандилар. Шуни эшитиб, бунинг олдида менинг мухлислигим хиралашиб қолганди.

Ориф Толиб таъбири билан айтганда: “Бобур шоир сифатида боғда қўлини иягига қўйиб, ўй суриб ўтириб, ижод қилган шоир эмас. От устида туриб ижод қилган ва “Бобурнома” панд-насиҳат жамланган китоб эмас”.

@chnizomiddinova


Forward from: Lingvist Iroda Azimova
Bobur aqlli, irodali, kuchli shaxs sifatida qiziq menga. Biz haliyam uni yaxshi o‘rganmayotgandaymiz.
Men Boburni o‘sha "Yulduzli tunlar" asosida olingan videofilmdan taniganman, yaxshi ko‘rganman (5-sinfda o‘qirdim shekilli qo‘yilganida).
Kino, seriallar obtashasak bo‘ladi aslida Bobur haqida.
Filolog sifatida bugun Boburni eslamay o‘tkazib yubora olmadim.

Bir narsa esimga tushdi: hindistonlik kursdoshim "Boburni yomon ko‘raman. Bizni birinchi mustamlaka qilgan Bobur bo‘ladi", degan edi.

Boshqa pokistonlik kursdoshim o‘zini Bobur askarlarining avlodi hisoblardi va mo‘g‘ulman derdi, bundan faxrlanardi.

Rasm bugungi.

@psixolingvist


BBC'да Ўзбекистонда туризм ривожи учун қурилаётган янги, замонавий иншоотларнинг аслида туризм соҳасига зарари ҳақида мақола чиқибди.

Тарихий шаҳарларда қурилаётган турли-туман ситилар, кўҳна мажмуага яқин қад кўтараётган иморатлар сайёҳларни кўпам жалб этмаслиги, Ўзбекистон советлардан мерос хатони такрорлаётгани ҳам айтилибди (муаллиф кузатувларини давом эттириши керак, менимча)

Ростанам, сайёҳ замонавий бинони кўраман деб келмайди, аллақандай ситига кўзи учиб тургани ҳам йўқ. Мегаполислардан, якрангликдан чарчаган одам экзотик маскан қидиради, тарих нафасини сезишга, неча минг йиллик экспонат билан юзлашишга югуради, туб аҳоли турмуш тарзининг сунъий эмас, ҳақиқатга яқин манзарасини кўргиси келади.

Талабаликдан Самарқанд дарвоза маҳаллалари, Тошкентнинг эски шаҳар қисми, Навоий кўчаси, Чорсу, Эски жўва бозори, Ўрда, Зарқайнар тарафларда кезишни ёқтирардим. Абдулла Қодирий маҳалласига борганимда, ҳаяжонланиб кетгандим: шу кўчалардан Қодирий домла ўтиб-қайтган-а, деб.
Охирги йиллари қандайдир ситилар, савдо марказлари қурилди, биттасигаям бормабман.

Ўзимиз ҳам Ўзбекистон ичида яшаб, Бухоро, Самарқанд ёки Хивага ситини деб эмас, кўҳна обида, қадамжо, музейларини кўргани борамиз. Келадиган сайёҳ ҳам шундай-да. Туризмдан келадиган даромад ҳаммага фойда. Лекин эски иморатни нозик идишлар дўконига кириб қолган филдек “синдириб”, бузиб ё муҳофазага олинган объектга зарар етказиб, топган уч-тўрт тангани тезда йўқотиш ҳам мумкин-да.

@chnizomiddinova


#tadqiqot

Ўзбекистонда диссертация ёздириш нархи $3000 дан $5000 гача бўлиши мумкин экан. Манба.

Мен ҳам уч-тўрт кишини биламан – пулга ёздирган PhD ишини. Ҳозир университетда ишлаб, дарс бериб юришибди.

Бакалавр ё магистр пайтимиз диплом иши ҳимояси ўтгач, CD дискка ёзиб топишириш сўраларди асосий матнни. Нега десам, архивда туриши керак деб бўрттиришарди вазиятни. Билсам, биздан кейин келадиган ота-онасининг эркатойларига айрим “савобталаб”, “бола бечора ўсал бўлиб қолмасин” дейдиган серҳиммат “домлалар” тайёр ишларни юмалоқ ёстиқ қилиб “яп-янги диплом иши” ясаб беришаркан.
Мен диплом ва магистр иши ёзган йиллари (2016 ва 2018 йил) плагиаторликка қарши кураш деган гаплар номига эди, холос.

@chnizomiddinova


🌨 Шундай тўхтамай ёғаверса, эртага тиззагача етса керак...

@chnizomiddinova


Шу китобни ўқияпман. Жонатан Ҳайдт телефон, гаджетлар, ижтимоий тармоқларга қарам янги авлоднинг бугунги ва эртанги муаммоларини таҳлил қилибди.

Бир ўринда муаллиф болалар ўйинларига тўхталади. Яъни телефонга қарам авлод пайдо бўлмасидан аввал болалар ўйинлари шахс шаклланишида қанчалик муҳим бўлганини айтади.

Шу таҳлилларини ўқиётиб, хаёлимга Шукур Холмирзаевнинг болалар ўйинларига бағишланган бетакрор ҳикоялари келди. Адиб ўйиннинг бола характеридаги ролини тиниқ тасвирлаган. Ўйинларда ҳалоллик, ғирромлик, устамонлик, чаққонлик, синчилик, қувлик ва бошқа сифатлар шаклланиши мумкин. Ё шахсга айланади, ё...

Яна шу мавзудаги ҳикояни Муҳаммад Шарифнинг “Толкўприк” китобида ўқигандим.
Болаликдаги чиллак, бештош, ланка, пақпақ(лой ўйини) ва ҳоказо ўйинларда ютиш, ютқизиш ҳаёт-мамотдек туюлган. Ютган – шод, ютқизган уйига шумшайиб, эртанги ўйинни яхшироқ ўйнаш режасини тузиб қайтарди.

Афсуски, телефонга қарам бўлаётган болаларнинг шундай ўйинлар билан улғаяётгани ҳақида бугун эшитмайман.

@chnizomiddinova


Эронликларнинг бир-бири билан хайрлашаётганда ишлатадиган ибораси ёқди — “Худо ҳафез”

@chnizomiddinova


Китоб дўконида кўриб қолдим: 1500 йилдан буёғига чоп этилган француз, немис ва лотин тилларидаги нодир китоблар экан. Кўпи яхши сақланган.

@chnizomiddinova


#maktab_formasi

Баъзан йўқ жойдан “мактаб формаси”, вазирлик стандарти, “долзарб форма ойлиги” деган гаплар чиқиб қолади. Ҳамма бир хил кийиниши керак, палон пулга мактаб тасдиқлаб берганини олсин, ҳаммаси мажбурий деган “қатъий талаблар”дан, рости, энсам қотади.

Бундай қоидаларни мактабига хоҳлаганини кийиб, вақти келса, пижамаси, уй шиппаги, севимли ўйинчоғи билан дарсда ўтирадиган эдмонтонлик ўқувчи эшитиб, миясига сиғдиролмаса керак. Бола ўзига қулайини кийиб келади.

Тўғри, ҳар нарсада меъёр, муайян чеклов бор – бу ердагилар ҳам шунга риоя этади, жуда бачканалашмайди. Аммо жонажонда формадан-да муҳим ишлар тиқилиб ётганда яна форма дейилса, ёмғир ёғиб, лой-балчиққа айланган йўлдан мактабига қатнаётган болалар расми кўз олдимга келади.

Мактаблари таъмирталаб, канализация етиб бормаган ёки ичимлик сувда муаммоси талай, дарсликлари баҳсталаб, танқидлар ичида қолган, ўқитувчилари маоши паст бўлган бир пайтда формага ёпишиш – пойдевори қулай деяётган уйни косметик таъмирлашга ўхшайди мен учун. Ялтираб турса бўлди-да.

Қизим 1-синфга Эдмонтонда чиқди (бундан, рости, хурсандман. Чунки икки давлат таълим тизимини таққослайвермайди). Ҳеч қандай форма, алоҳида кийим олиб бермадик. Бисотида борини, ҳали кичраймаган бўлса, ювиб, дазмоллаб кийиб чиқаверди. Август охирида мактаб бозорига югур, янги носки, сочига тасма, кофта-юбка, дафтар-ручка ол қилмадик.

Ўқув қуроллари мактаб маъмурияти имейлга юборган ҳавола орқали буюртма берилади – онлайн дўконнинг ўзи мактабга етказади. Бир йилда бир марта. Фонд пули, ремонт пули, дарслик ижараси, ўқитувчилар байрамига йиғ, 8-мартга совға ол, битирув кечасига кўйлак тиктир деган гаплар умуман йўқ.

Боланинг бор эътибори ўқиш, саводини яхшилаш, танқидий/ижодий фикрлашни ўстириш, жисмоний машғулотлар ва ижтимоий фаолликда бўлади.

Биз ота-оналар олдига мактаб маъмурияти қатъий талаб ёки шартлар қўймади бирор масалада. Аксинча, қандайдир тадбир, лойиҳа бўлса, узрхоҳлик билан имейл ёзилади ва вақт-шароитга қаралади. Боланинг ўқишдаги камчилиги, сустлиги ё муаммоси бўлса, синф раҳбари индивидуал гаплашиб, бирга ечим қидиради.

Афсуски, оҳори тўкилмаган форма жорий қилган билан таълим ривожланиб, болалар ақлли, илмда пешқадам бўлиб кетмайди-да.

@chnizomiddinova


#maktab_xabarlari
13 январдан бери Эдмонтонда мактаб техник ходимлари намойиши бўляпти. Шаҳардаги 3 та мактаб олдида ҳар куни 3000 дан ортиқ ишчи (ҳамшира, таржимон, қабулхона маъмури, ижтимоий хизмат ходими ва ҳкз) маош оширилиши, меҳнатига одамдек ҳақ тўланишини талаб этиб, норозилигини билдиряпти.

Ўтган ҳафта давомида қизим ўқийдиган бошланғич синф мактабидаги ҳолатни кузатдим. Ёрдамчи куч йўқлигига ҳамма иш директор ва ўқитувчилар зиммасида қолди.

Телефон қўнғироғи, имейл, эшик қўнғироғи, барча маъмурий ишга директор масъул бўлди.

Эшик олдида ҳар тонг болаларни кутиб-кузатишга ўқитувчилар галма гал навбатчилик қилди.

Автобусда келадиган болаларни боғча мудири (мактаб ичида боғча бор ва ундаги ишчилар ҳам намойишда) рўйхатдан ўтказди, ўқитувчилар эса ўқувчиларни ичкарига олиб кирди.

Техник ходимлар юмуши асосий иши фақат дарс беришдан иборат ўқитувчи елкасига тушди. Менимча, ёрдамчи куч қадри ўтган вақт ичи яхшигина билинди.

Энди муросага келишар.

Фотолар интернетдан олинди.

@chnizomiddinova


Кеча кичкинамни боғчадан олгани вақтлироқ бордим. Кийинтириб, кетишга тайёрлагунимча бир непаллик аёл билан суҳбатлашиб қолдим.

Непал ҳақида ҳужжатли фильм кўрганман, дегандим, гап-гапга уланиб кетди. Одатда “Қачондан бери Канададасиз?”, “Эдмонтон ёқдими?”, “Бошқа провинцияларда ҳам яшаб кўрганмизсиз?”га ўхшаш саволлардан бошланади гап. Суҳбатни шулар қиздиради-да.

Непаллик опанинг айтишича, Канадада яшаш у ва оиласи учун энг тўғри танлов бўлган экан. Саккиз йил олдин иккита сумкам, икки болам ва эрим билан келганмиз. Қўлимизда арзимаган чой чақа, оёғимда резина шиппак бор эди дейди. Ҳозир ўйлаганларимга озми-кўпми етдим. Астойдил ишласанг, бу ерда орзуларинг тезроқ ушалади – умринг қашшоқликда ўтиб кетмайди. Ҳарҳолда, оч қолмайсан, пулинг бўлади, дейди.

Непалда-чи, десам, устимдан куляпсанми, ўзимни юртимда шундай яшасам, совуқдан совуқ Канадага келармидим дегандек қаради.

Қандай тилда гаплашасизлар, деб сўрасам, расмий тил непали экан. Лекин юздан ортиқ қабила, каста тиллари бўлганига биримиз иккинчи кастани тушунишимиз қийин дейди. Унда умуммулоқот қандай бўлади, десам, инглиз тили бор-ку дейди. Унга кўра непалликларни инглиз тили бирлаштираркан. Бошқа каста тилини ўргангунча, сочим оқариб, умрим ўтади, инглиз тили энг осон, қулай тил дейди. Инглиз тилимиз бўлгани учун ҳам шундай давлатларга иккиланмай йўлга чиқаверамиз деб қўйди.

Яна бошқа гаплар ҳам бўлдию, уларни ёзмаганим яхши. Ўзим билганим етар😅

Ҳаёт қизиқ: бири ўзбекистонлик, бошқаси непаллик бўлан икки иммигрантнинг боғчада бир-бировига ҳасрат қопини очиб ўтиришини ким ўйлабди...

@chnizomiddinova



17 last posts shown.