🤲 Аёлларнинг намоз ўқиши эркаклардан фарқ қайсилар?!
❗️САВОЛ: Аёлларнинг намоз ўқиши эркаклардан фарқ қилар экан. Шу фарқларни айтиб ўтсангиз?
✉️ ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳанафий мазҳабимизнинг мўътабар китобларида эркак ва аёлларнинг намозлари ўртасида фарқ борлиги баён қилинган. Қуйида аёлларга хос бўлган намоздаги ҳолатларни санаб ўтамиз:
📌 “Аллоҳу акбар” деб намозга кириш пайтида аёллар қўлларини елка баробари миқдорича кўтаради;
📌 Қўл боғлашда аёллар икки қўлларини кўкраклари устига қўядилар;
📌 Рукуъ пайтида қўл бармоқлари ёйилмайди балки, жипс ҳолда бўлади; Икки тирсаклари билан қимтиниб, уларни биқинларига теккизиб туради, тиззалари бироз букилади, эркакларга ўхшаб беллари билан бошлари тўғри бўлмайди, балки рукуъ деса бўладиган даражада эгиладилар;
📌 Саждага борганларида ҳам қимтинган ҳолларида қоринларини икки сонларига тегадиган қилиб сажда қиладилар;
📌Ўтириш пайтида яъни қаъдада аёллар икки оёқларини ўнг томонга чиқариб, чап думбасига ўтиради;
📌Саждада аёллар билакларини ерга теккизиб, қимтиниб турадилар;
📌Бирор намозни овоз чиқариб ўқимайди. (манба: “Мухтасарул виқоя” ва “Фатовои Ҳиндийя” китоблари)
Уламоларимиз ушбу фарқларга кўплаб ривоятларни далил сифатида келтирганлар. Жумладан:
Язийд ибн Абу Ҳабиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллаҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган икки аёлнинг олдидан ўтдилар ва: “Қачон сажда қилсангиз, гўштнинг баъзисини ерга теккизинг. Албатта, аёл киши бунда эркакка ўхшамас”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Али розияллоҳу анҳу: “Қачон аёл киши сажда қилса, қимтиниб ўтирсин, икки сонини йиғиштирсин”, деганлар (Имом Ибн Аби Шайба ривоят қилган).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У зот шундай дедилар: “Қачон аёл киши намозда ўтирса, бир сонини иккинчи сони устига қўяди. Қачон сажда қилса, қорнини сонига имкони борича қимтиниб теккизади. Чунки, Аллоҳ таоло унга назар солиб туради ва “Ҳой, фаришталарим! Сизларни гувоҳ қиламанки, уни мағфират қилдим”, дейди”, (Ибн Адий “Комил” китобида ва Байҳақий “Сунан” китобида ривоят қилган). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
@byAbulfaqiyh_Hanafiy