* Унутмас мени боғим
ОНА НИЯТИ
От чоптириб чиқдинг уйингдан,
От чоптириб қайтгин, илоҳим!
Қўлингдаги жиловинг каби
Эркинг бўлсин ўзингда доим.
Майли, мени ўйлама, болам,
Топганингни сарф қил ўзингга.
Лек бировга бўлмагин қарам,
Нам тегмасин сира тизингга.
Улғайтирдим полвоним дея,
Толиққанда дармоним дея.
Шамол каби елиб борасан,
Олисдаги осмоним дея.
Осмонингни олиб қайт, болам,
Қолиб кетма осмон васлида.
Отанг қурган бу кичик ҳужра
Осмондан ҳам кенгдир аслида.
От чоптириб чикдинг уйингдан,
От чоптириб қайтгин, илоҳим!
Қўлингдаги жиловинг каби
Эркинг бўлсин ўзингда доим.
***
Кел, эй, кўнгил, шаробдай қуйил
Қақраб қолган қақроқ лабимга.
Маст бўлайин, майлига буткул,
Малҳам бўлсанг соғинч дардимга.
Туйғулардан кўзим қамашиб,
Узоқ йиллар куйладим ойни.
Илон каби ул ҳам чирмашиб,
Туйғулардай авради мени.
Ой ҳам бугун бегона менга,
Бегонадир осмон ҳам ахир.
Умидимдай суяндим тонгта,
Бу тонгларки йилт этган шамшир.
Маст айларди шудгорнинг ҳиди,
Замин бугун димиқиб ётар.
Чигирткалар саси ҳам тинди,
Сукут юрагимга наштардай ботар.
Умр ўхшар эгик дарахтга,
Белин букар буюк бир соғинч!
Мен ҳушимда ўхшаб карахтга,
Тушларимда яшайман нотинч.
Шовуллаган сойни куйладим,
Оқиздирмас ҳатто соямни.
Мен ҳамиша бахтни ўйладим,
Чақмоқларга санчиб миямни.
Йўқ! Тугамас кўнгил сафари,
Бўлмаса ҳам армоннинг васли.
Бўл ҳаётнинг ғолиб аскари,
Қалбим сендан топдим тасалли!
Кел, эй, кўнгил, шаробдай қуйил
Қақраб қолган қақроқ лабимга.
Маст бўлайин, майлига буткул,
Малҳам бўлсанг соғинч дардимга.
Тилак ЖЎРА
Уланиш учун: https://t.me/Buxoro_adiblari