266 минг хонадон ёки 10 кунлик метан: айрим истеъмолчилар томонидан ноқонуний ишлатилган табиий газ ҳақида таҳлилОхирги вақтларда истеъмолчилар томонидан энергоресурслар, хусусан, табиий газдан ноқонуний фойдаланилиши билан боғлиқ ҳолатлар кўплаб фош этиляпти. Бу, аввало, соҳада рақамлаштириш кўламининг кенгайгани, қолаверса, тизимда назорат механизмлари такомиллаштириб борилаётгани билан бевосита боғлиқ.
Масалан, “Ўзэнергоинспекция”нинг берган маълумотига кўра,
2024 йил 1 декабрдан жорий йил 15 февралгача табиий газдан ноқонуний фойдаланишга оид
167 та ҳолат аниқланган. Бу орқали
82 миллион 158,9 минг куб метр табиий газдан асоссиз фойдаланилиб, давлат манфаатларига
210 миллиард 428,2 миллион сўмлик зарар етказилган.
Шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг берган маълумотига кўра, жамият масъул ходимлари томонидан мазкур даврда
6472 та ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича
50 миллион 890 минг куб метр табиий газ учун
117 миллиард 300 миллион сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Қолаверса, шу вақт оралиғида
4942 дона маиший газ баллонида
77,8 тонна (36 минг куб метрга тенг) ҳажмдаги суюлтирилган газнинг ноқонуний сотилиши олди олинди.
Айтиш ўринлики, ҳисобот даврида ноқонуний фойдаланилган табиий газ ҳажми
133 миллион 84,9 минг куб метр бўлиб, бу миқдордаги табиий газ
266 минг 170 та хонадоннинг қишки даврдаги бир ойлик меъёрий базасига тенгдир. Қолаверса, агар ушбу газ ресурсларидан оқилона фойдаланилганида, метан заправкалар
10 кун давомида узлуксиз ишлаш имкониятига эга бўларди.
Маълумот ўрнида: аниқланган барча ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, назорат органларига юборилган.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш бўйича Бош прокуратура, “Ўзэнергоинспекция” ва бошқа тегишли масъул идоралар томонидан доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Жамоат назорати