ОНАДАН СЎКИШНИНГ ҲУКМИ
❓789-САВОЛ: Киши ўз биродарини онасидан сўкишининг ҳукми қандай? Онадан сўккан кишига қандай жавоб қайтариш керак?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Шариатимизда сўкинишнинг ҳукми – ҳаромдир. У ижтимоий алоқаларнинг бузилишига, инсонларнинг ҳақоратланишига олиб келадиган бадхулқликдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида сўкишни қаттиқ қоралаганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир. У билан урушиш эса куфрдир”, деганлар” (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий ривояти).
Фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирса ва уни ҳалол санаса диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилмоқда. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради.
Биринчи бўлиб бошқа шахсни сўккан одамга иккинчи томон ҳам дарров ўт олиб, сўкишни бошлаб юбориши керак эмас. Биринчи шахс уни сўкиш билан катта гуноҳ қилди. Ўзининг беодоб, пасткаш эканлигини кўрсатди. Энди иккинчи киши у билан тенглашмаслиги шарт. Ниёз ибн Ҳимор разияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
“Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй, Расулуллоҳ! Бир одам мени сўкса, у ўзимдан паст бўлса, ундан ғолиб келадиган бўлсам, менга бирор нарса бўладими?” деб сўрадим. У зот: “Икки сўкишган, обрўйини тўкаётган ва ёлғон гапираётган кишилар икки шайтондир” дедилар (Имом Ибн Ҳиббон ривоят қилган).
Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ниёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳуга ўзини сўккан одамга жавоб қайтаришга изн бермадилар. Агар шундай қилса, икки беодоб шайтоннинг бири бўлиб қолишини тушунтирдилар.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Катта гуноҳларнинг каттаси инсоннинг ўз ота-онасини лаънатламоғидир”, дедилар. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Қандай қилиб одам ўз ота-онасини лаънатлайди”, деб сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам бировнинг отасини сўкса, у ҳам бунинг отасини сўкади, онасини сўкса, онасини сўкади”, дедилар (Имоми Бухорий ривояти).
Кўриб турибмизки, одамларни сўкиш жуда ҳам жирканч ва ёмон ҳолат экан. Ота-онага раҳмат, иззат-обрў келтиришнинг ўрнига ўзининг беодоблиги ила лаънат, сўкиш келтириш нақадар бадбахтлик. Бу нарса доим ҳар бир мусулмоннинг ёдида туриши лозим. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
👇👇
@ALRISALAH_UZ