Alibek Anvariy


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Telegram


O‘zimdan yomonini ko‘rmadim.
Kubro

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Telegram
Statistics
Posts filter


Forward from: А. А.
Romanni tushuntirish


​​#Таваллуд_санангиз_муборак
#Нажмиддин_Эрматов
#32_ёшда

▫️▫️▫️

2011-2012 йилларда Насимхон Раҳмон ("Осиё йўлбарси") деган қадимшунос олим ЎзМУнинг журналистика факултетига декан бўлиб тайинланганидан сўнг имтиҳондан ўтиш бали осмону фалак(250-280 балл!)дан Она заминга эна бошлаган. Нега?! Чунки порахўрлик, бункер-мункер деган "ўйин" деярли ўйналмаган. Табиийки, бу ҳол "ўйинчи"ларга бағоят малол келгач, "Осиё йўлбарси" четга сурилди... Сўнг яна "кўпкари"... "Бос, бос, қамчи бос!"...

Лекин Насимхон Раҳмон деканлик даврида ўқишга кирган манглайи отнинг сағринидай ярақлаган журналистлар бугун мамлакатнинг турли буржларида қалам йўнаётир... Улар бир қур эффект берди.

Курсдошим, дўстим, қадрдоним, маслакдошим Нажмиддин ҳам ўша пайтда кучи билан ўқишга кирган. Талабалар турар жойида қаватимиз бир, хоналаримиз қарама-қарши эди.
– Шеърият антологиясини бериб туринг!
– Фақат тезроқ қайтаринг!

Нажмиддин бошдан-бош шеър ёзарди! Унга кўпчилик ШОИР деб мурожаат қиларди. Нажмиддин камгап, ўйловли, аллақандай ғамгин туюларди. Ўшанда даҳлизларда тор кўтариб юрардим, баъзан бемаҳал тинғирлатиб кўпчиликнинг баъдига тегардим. Нажмиддиннинг бир шеърини ўзимча куйга солиб, бир-икки айтганман ҳам: "Мен кетурман олисларга, // Кўнгил деган армон қолур...".
Нажмиддинга ҳазиллашиб:
– Қайғурманг, қарийб бойсунликсиз! – десам доим:
– Аксинча, сиз деярли деҳқонободликсиз, – дерди.
Лекин боболаримиз бир даштда қўй ҳайдаганига ишонаман!

Ўйлаб қарасам, у шу кунга қадар панд бермаган: вақтида келган, ишдан, ҳашардан қочмаган, элчиликни жойига қўйган, алдамаган, ваъдасини бажарган, бировга чил бермаган, ёрдам қўлини чўзган, борини борича қабул қилган...

Унинг шоирлиги кейинги ўн йилда тизимли шаклланди. У "Келма" номли шеърини "кўр қани" деб биринчилардан менга ўқитган. Фикримни айтганман.

Нажмиддиннинг мардлиги, дангаллиги, тантилиги, очиқ кўнгиллиги унинг зийнати. Уни шу кунга қадар бирор марта ҳам ёмон кўрмаганман. Қизиқ. Ҳатто жиғимга ҳам тегмаган!

Нажмиддин бор жойда латифалар, ҳангомалар туғилаверади.
2019 йил 20 августда Мансур Жумаевнинг никоҳ тўйи ўтди. Нажмиддин бизнинг ҳужрада қолди. Эрталаб, Унинг телефони жиринглади:
– Ало!
– Нажим, қаерда юрибсан, ишхона ёняпти!
– Ҳа, бораман, ваҳима қилманглар!
– Нажмиддин, ишхона ростдан ҳам ёняпти...
Ижтимоий тармоқларга кирсак, "Маҳалла" каналида ёнғин содир бўлгани ҳақида янгиликлар урчияпти.
Ўшанда "Маҳалла" муҳаррири шоир Баҳодир Баҳром латифага якун ясаганди: "Ишхонада ҳамма нарса ёнибди, ҳатто сейфдаги ҳужжатлару қимматбаҳо қоғозлар ҳам. Ишонасизларми, фақат икки нарса ёнмай қолибди: бири "Қуръони Карим"; иккинчиси менинг шеърий китобим!"...

Нажмиддиннинг шеърларини икки йил аввал газетанинг навбатдаги сони учун муҳаррир кўзи билан сараладим. Тўғриси, ўшанда шеър танлашга андай қийналганман. Унинг аксарият шеърлари "тиғли", "тишли", "заҳарли", "оташин", "фош этувчи"... "Бунақамас-да, оғайни" – деганим эсимда.

Нажмиддин ҳақида фикр айтиш қийин. Сабаби, гурунг кўп, воқеа бисёр. Хотиралар босими шуур аталмиш қувурга катта куч билан келиб урилади... Аномал шароитда эса исрофгарчилик кетмайди...
Дўстим, икки дунё саодатига ноил бўлинг, дейман! Унутманг, боболаримиз бир даштда қўй ҳайдаган!

А. А.

▫️▫️▫️

Тун.
Ёмғир.
Қоришиқ ифор.
Учқур хаёл, қадамлар аста.
Борлиққа сочилиб келади кетгинг,
Ёмғир бўлсам керак, аслида.

Сен йўқсан.
Ҳеч ким йўқ.
Нималардир бор.
Ненидир туярсан ёмғир остида.
Мен ахир осмонда яшаганман-ку,
Не қилиб юрибман замин устида?..

Шайтон.
Тақиқ.
Ва ўша мева.
Афсус бор қувғинди одам наслида.
Негадир уларга алоқам йўқдек,
Ёмғир бўлсам керак, аслида.


Нажмиддин ЭРМАТОВ


Forward from: XURSHID DAVRON KUTUBXONASI
Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Тайёрланаётган янги "Ўшал дамлар" кўрсатувидан Олим Тошбой сўзи / Tayyorlanayotgan yangi "O‘shal damlar" ko‘rsatuvidan Olim Toshboy so‘zi


​​#Бугун ўзбек адабиётининг чинорларидан бири севимли шоиримиз, нуктадон муаррих олим, меҳрибон, хайрихоҳ ва бағрикенг Устоз Хуршид Даврон муборак 73 ёшни қаршиладилар. Устознинг адабиётимизга қўшган ҳиссаси беқиёс. Юз ёшларида ҳам қутлаш насиб қилсин!



АСЛИДА


“– Қаерга кетяпмиз, устоз?
Шайх Кубро ака-укага тикиларкан:
– Ватанга, бўтам, деди…”

“Шаҳидлар шоҳи” қиссасидан

Устоз Хуршид Давронга атадим

Аслида, бу йўлдан юргулиги йўқ,
бу йўлнинг ўзи йўқ, аслида…
элтгулик сиёҳи йўқдек Ватанга,
қайтанга пайсалга солгувчи
минг тур нағмаси бор…
Парвардигор!
Аслида, шу “аслида” – деган
сўзнинг ўзи йўқ.
Ўзи йўқнинг кўзи йўқ!
Йўқ сўз поясига,
ҳақиқат тиркаймиз!
Йўқлик ғоясига
қурт тушмасин, деб
оҳак суркаймиз.
Неча минг пуштдан бери…

Аслида, вақт ҳам йўқ.
Ёруғлик йили ҳам,
ёруғликнинг ойи,
куни,
соати,
дақиқаси,
лаҳзаси бўлмай,
унинг йили бўларканми?!

Бу ғирром ўйиннинг
ҳе-е-е-ч завқи йўқ,
аслида, фарқи йўқ!
Аввалу охирнинг,
ботину зоҳирнинг.
Яшаш ҳудуди йўқ,
Изтиробдан нари,
Соғинчдан холи,
Армондан ўзга!
Аслида, яшагулиги йўқ бу
турган-битгани синовлию ўлчовлида
илк синов –
Одам Ато эди, аслида!

(ўлда-жўлда қолган насаб тақдири эмас)

Лекин биз –
уриниб кўрувчиларнинг
учинчи сайёрасида –
абадий сарсонлик ҳуқуқи билан
Ватанга қайтяпмиз
навбатма-навбат,
билиб ё билмай…
Бор-йўқ маъни шу.
Фақат борганимизда Ватаннинг
Одам Ато қувилганидан ташқари
яна икки шамойили кўринар…

Аросат Ватани,
Дўзах Ватани.
Бу ғирром ўйиннинг
ҳе-е-е-ч завқи йўқ,
аслида, фарқи йўқ!
Ўқигулиги йўқ бу шеърни!
Бу шеър ҳам эмас, аслида…
лекин сиз ўқидингиз…


Алибек Анварий


​​#Бугун, дўстим, қадрдоним, шоир Исломжон Қўчқоров туғилган кун. Исломжон сўзи ва амали мувозий шоир! Бу ниҳоятда кам учрайдиган ҳодиса... Худо иззат қилсин!


ДОСТОН ТАҲРИРИ


Исломжон Қўчқоровга!

Лаҳмни беркитдим, қизни ҳуркитдим:
“Айтганинг бўлмайман”, дея гилгитдим;

От дум ташлаганди, думи етмасди,
Гарчи етганда ҳам зинҳор кетмасдим.

Ғоз учди: кўзгинам дўст деб ёшланди,
Ана шу паллада достон бошланди...

Бир соя зах тортган лошимга тушди
Ва чилвир осмондан бошимга ўсди:

Белнинг беш еридан чилвирни чийдим,
Чанқовуз чалинди – ўзимни тийдим.

– Ё-о!.. – деди, бир майдон умрим лўқчиди,
– Аллоҳ!.. – деди, шунда руҳим қурч эди!

Дўст тортар!
Кўнглимда унмас иштибоҳ,
Етти йил деганда ортда қолар чоҳ...

Дўст тортар!
Кўнглимга ҳеч гап келмайди,
Чунки дўст ҳеч қачон миннат қилмайди!


Алибек Анварий


#Бир_оҳанг_изидан

ЗУЛАЙҲО

Бу форсча оҳанг ва қофиялар қарийб ярим асрдан бери миллионлаб инсонлар қалб торларини чертади. Илк бор эронлик Аббос Қадрий ижод этган бу қўшиқ, кейинчалик халқлар артисти Жўрабек Муродов репертуарининг гултожи, жўмард ҳофизнинг "ташриф қоғози"га айланди.

Аббос Қадрий муқобилида "Зулайҳо"нинг авжи йўқ, деярли бир хил ритмда ижро этилган. Жўрабек Муродов эса ўзи юзланган қўшиққа ўзгартириш киритади, таъсирчан сўзлар қўшдириб, қўшиқ композициясини кучайтиради. Энг муҳими, ўзидан бошқа киши ижро этолмайдиган даражада, забардаст, тенор овоз билан "Зулайҳо"ни ўзиники қилади.

Дарвоқе, "Зулайҳо"нинг тилдан тилга кўчишида ҳофизнинг машҳур раққосаси, халқ артисти Малика Қаландарованинг ҳам мислсиз ҳиссаси бор. Нега? Чунки бетакрор рақси орқали у йиллар давомида саҳнада "Зулайҳо" сиймосини гавдалантириш асносида қўшиқнинг бамисоли "Лазги" даражасида ичкуйди бўлишини таъмин этгандир...

👉 Аббос Қадрий ижроси
👉 Жўрабек Муродов ижроси

@Alibek_Anvariy


Forward from: ?Usmon Azim
Ассалому алайкум, азиз дўстлар, қадрдонлар . Айрим техник сабабларга кўра канал фаолиятини юритишда муаммолар юзага келмоқда.
Шу сабабли каналимизни қайта очдик. (Ушбу каналдан барча постларни янги каналга кўчирамиз)
Барчангизни Ўзбекистон ҳалқ шоири Усмон Азим ижодидан баҳра олишга https://t.me/UsmonAzimijodi га таклиф этамиз.
Ноқулайлик учун узр сўраймиз.


​​ЙИГИТ БИР КУНДА БИР...


Кунда бир “уҳ” тортиш – эр қавмига тан!
Буюк ҳовур кўкка ўрлаши керак.
Ҳар кун ўзни қийнаб, ҳар кун ҳаётчан:
Йигит бир кунда бир терлаши керак!

Оқ ишми, қаро иш? – Қизиқмас мутлақ!
Пок ишми, ҳаром иш? – Муҳими шунда!
Бор қалбу шуурин бир ерда бутлаб,
Бир бор терлаши шарт, йигит бир кунда!

У азиз бошини саждага қўйиб,
Букилмас қаддини “Аллоҳ” деб букса...
Қандай бахт, ўзини осийга йўйиб,
Пешона терини “Тавба” деб тўкса!

Хуфтондан кейин ҳам бир ёруғлик бор,
Шунда ҳам хонумон шўрлаши керак!
Олтинчи маҳал у – чархи кажрафтор,
Йигит бир кунда бир терлаши керак!

Ҳеч қачон совимас оловнинг бели,
Бу умр, бу яшаш чексиз фараҳдир:
У сергак туради – уйғонар эли,
О, ўша
паллада
йигит
ярақлар!


Алибек Анварий

январ, 2025 й.

4k 1 19 5 20

"ЎЗБЕГИМ"


Буюк шоир Эркин Воҳидов қисматининг гултожи — "Ўзбегим".
Буюк ҳофиз Фахриддин Умаров овозининг қандили — "Ўзбегим".
Буюк ҳофиз Шерали Жўраев илҳомининг зирваси — "Ўзбегим"...
Буюк халқ қалбу шуурининг ифодаси — "Ўзбегим"...


@Alibek_Anvariy


​​ҲАПҚИРИҚ

               Дўстим Мансур
              Жумаев хотирасига


Шошма, вақт, дуосиз ўзгармас тақдир!
Кўз — сувга олинган, хаёлим — гилда.
Тўхта! Дўстим қолиб кетмоқда, ахир.
Икки минг
             йигирма
                           тўртинчи
                                          йилда.


@Alibek_Anvariy


ИЗОҲ:  Мазкур сурат 2024 йил, 5 июн куни Андижон шаҳрида олинган. Ўшанда Мансуржон бир автобус йигит-қизга бош бўлиб аллақандай издиҳомга келган экан. Водийнинг бир шаҳрида эканимиз маълум бўлгач кўришамизга тушдик. Ҳамроҳим — шоир Нурмуҳаммад Азиз — рўлда, икков шошиб кетяпмиз... Ҳилла улгурдик. Мансуржон ўт олиб, жўнашга ҳозир автобусдан тезда тушиб, қулочларини кенг ёйиб, бағрини очиб биз томон юриб келди... Дўстимни бағримга босарканман, автобус деразаларидан бизга қараб турган нигоҳларга бир-бир кўзим тушаркан: "Тез кетинг! Шунча олам кутиб турибди!", — дедим. Тезда ҳол-аҳвол сўрашдик. Орқайин кўришишни ният қилдик. Шу орада одатимга зид равишда ўзимизни суратга ҳам олдим негадир. Ҳаммаси кўз очиб-юмгунча содир бўлди... Ўшанда Мансуржон билан сўнгги марта кўришиб турганимизни билмас эдик...


​​#Шоир
#44_ёшда
#Муродхона_тўйхона


​​​​ШОДМОНҚУЛ САЛОМ


Ер дардидан яралганман,
Тупроқдан ўзга йўргак йўқ.
Якуним ҳам замин эрур,
Заминдан ўзга фалак йўқ.
Руҳим бир гулрух измида,
Танамдан ўзга ҳалак йўқ,
Олов ўйнар юрагимда –
Онамдан ўзга сергак йўқ.
Сирқиратар қўҳна оғриқ,
Титроқдан ўзга сўнгак йўқ,
Тиз чўкиб, бош эгай десам,
Майгоҳдан ўзга пойгак йўқ.
Нур йўлига кўз тутаман,
Зулматдан ўзга дарак йўқ,
Қисмат чалар оёғимдан,
Ўзимдан ўзга тиргак йўқ…


Алибек Анварий


​​#Шедевр


СИЗ ЭРТАГА КЕЛАСИЗ


Сиз эртага келасиз,
Ҳозир
Хабарини етказди симлар.
Бу хатарнок йўлда карвонни
ютган вабо —
оҳангдор қумлар. Сиз эртага келасиз —
Салимга ҳам гулоблар қуйди.
Кўзингиздан ўпдим.
Лабларим
Юлдузларга теккандай куйди.
Лабингизда — бешикда жаҳон,
Жаҳонларни суйдим мастона.
Сиз эртага келасиз,
Бугун
Янги ранглар кияр остона.
Сиз эртага келасиз «1»дай,
Одамларга номаълум сирдай.
Кўрасиз —
Севгимни илиб қўйибман –
Якшанбада ювиб
ёйилган кирдай.
Сиз эртага келасиз,
Ҳозир
Юрагимни қўйдим ўртага.
Агар тузлар ютиб олсалар,
Тополмайсиз мени эртага.
Сиз эртага келасиз, қочиб
Таъқиб этган фаранги куйдан.
Сиз келасиз шошиб, аммо мен
Чиқиб кетган бўламан уйдан.
Сиз эртага келасиз…
Боққа
Либосларни хазондай ташлаб.
Бугун менинг чўллик қишлоққа
Кетгим келар
кўзимни ёшлаб.
Сиз эртага келасиз,
Бироқ
Бугун тушиб қолдим мен асир.
Бу дунёда нима бўлсаям,
Менга ҳозир керакдир,
ҳозир.
Сиз эртага келасиз,
Бугун
Ой нурига лим-лим тўламан.
Сиз эртага келасиз,
Аммо
Эртага мен ўлган бўламан…


Салим АШУР


​​#Устоз_Салим_Ашур
#60_ёшда


2014 йил. У ўша палла 2-курс эди. Нақ қўзининг ўзи! Дарс — талабалар турар жойи — футбол — тамаддихона йўналишларида оёқ олар, баъзан китоб варақлаган киши бўлар, онаси тугиб жўнатадиган тугун ҳисобига яшар, аниқроғи кун кўрарди...

Бу арзанда ҳаёт ахийри унинг жонига тегди. У бу дафъа қатъий одимлади, метронинг "Беруний" бекатига тушиб, "Мустақиллик майдони"да пайдо бўлди. Бир бало қилиб назоратлардан ўтиб, Матбуотчилар кўчаси 32-уйга кирди. У ўзини бешинчи қаватга оғринмай чиқариб қўйган лифт эшиклари очилган заҳот кўзи тушган девордаги ўша севимли ёзув маҳобатидан ҳаяжонланди.

Идорада котиба аёл кўзойнак ортидан унга синовчан боқаркан: "Главний редактор Аппаратга кетганла, манимча бугун кемидила, эртага хаварлашақолин", — деди.

У изига буриб ҳайдади.

У эртасига яна кўриниш берди. Котиба аёл — қўлида гўшак — унинг киришига рухсат бўлганини қошу кўз ишораси билан билдирди...

— Қизиқ, бирор газета-журналда сизнинг исм-шарифингизга кўзим тушмаган экан... Нима ёзасиз? Ҳм-м.  Мақола ёза оласизми?

— Эплайман! Менга имкон берсангиз, бас! Шу ерда қоғозларга кўмилиб ўрганаман! Тўғриси, амалиётда пишмасак бўлмас экан. Дарслардаги қуруқ гаплар билан ҳеч нарса бўлмаслигимиз аниқ. Менга ойлик маош ҳам керак эмас! Фақат ишлатсангиз, ўргансам шунинг ўзи етарли, — деди у андак ҳаяжонланиб.

— Майли... лекин ойликсиз бўлмайди. Сизни 0,25 ставкага ишга оламиз, ариза ёзинг, — деди-ю, Бош муҳаррир телефон гўшагига узалди. — Элмуродга айтинг, хонамга келсин...

Бирпасдан сўнг хонага ўрта бўйли, қотмадан келган, одми кийинган, нигоҳлари қурч, афтидан, ўзига ишончи баланд, ўттиз яшарлар чамаси бир йигит кириб келди.

— Хўш, бу йигит — талаба экан. Иш сўраб келибди. Уддалайман деяпти. Ишга олдик. Шеър-пеър ёзиб тураркан. Бу ёғини ўзингиз ўргатасиз, Нишонов! — деди Бош муҳаррир кастумини кия туриб. Сўнг қўшимча қилди: — Мен Девонга бориб келаман. Газетага қаранглар, — тайинлади ҳалиги йигитга. Кейин талабага бошдан-оёқ тезда разм ташлади-ю, юзланди: — Хў-ўп, сиз, эртага келинг, ишни бошланг, хўш, шундай кўринишда келинг, фақат... қўлингиздаги узукни уйда қолдиринг! — дея шошиб чиқиб кетди.

У эртага келди ва иш бошлади. Баъзи ижодий ва техник ходимлар билан танишди. Аммо... бирдан эртаси куни таҳририятнинг барча ходимлари Бош муҳаррир хонасига шошилинч тўпланишадиган бўлди... Ўринбосар Бош муҳаррирнинг бошқа ишга ўтганини расман эълон қилди! Жамоа ўн йилдан ортиқ бирга елкама-елка меҳнат қилган самимий, камтарин раҳбари билан базўр хўшлашди. Эсдалик учун суратларга тушишди... Барча билан хайрлашаркан Бош муҳаррир талабага ҳам қўл узатиб, сокинлик билан: "Ғайрат қилинг! Сиздан яхши-яхши мақолалар кутиб қоламан!" — деди...

У шундан бери Бош муҳаррирдан миннатдор. У шундан бери газета аталмиш қадар варақларидан истаса ҳам қочиб қутилолмайди...

У ўзини бешинчи қаватга оғринмай чиқариб қўйган лифт эшиклари очилган заҳот кўзи тушган девордаги ўша севимли ёзувни, унинг тубсиз моҳиятини бу кун теранроқ ҳис этади...

Ўша қутлуғ ёзув: "Туркистон" эди...
Талабанинг бошини силаб, унга имкон берган ҳазрати инсон эса етук шоир ва публицист — Устоз Салим Ашур эди.


Алибек Анварий


​​#Устоз
#Таъзим
#Фитратда_даҳшат


ТУН бутун мазмун ва моҳияти билан тундир.
Сотқиннинг мазмуни сотиғу моҳияти берк.
Одам ҳам мазмун ва моҳияти билан одамдир.
Тутқуннинг мазмуни тутуғу моҳияти эрк.
Мана шундай фикрлар билан
мен ўзимга топдим иш,
лекин теваракда қиш
қиличини яланғочлаб,
ўқталиб турар,
фикрлар қамчиси
миямни урар...
Шундай экан, айтганларимнинг
мазмуни нимаю моҳияти не?
Жим турма қаршимда бирор нима де!
Ҳолбуки Тун
ўз мазмун ва моҳияти билан
тун бўлиб турганда...
Не учун ошиқлар доим доғдадир,
бириси тоғдаю
бири боғдадир?!


Фурқат МЕЛИ


​​▫️▫️▫️


Кутубхона. Мармартош зина.
Бурчакларда сунъий арчалар.
Ўй суради бунда жимгина,
Нур тараган ҳазин дарчалар.

Сен ёнимда “Улисс” ўқийсан,
Сочинг оқиб турар партага.
Кўнглим ҳайқиришни тусаган,
Оғир сукут чўкди ўртага.

Ҳарфларга қарайман тойиб,
Димоғимда толиқар ифор.
Китобларни жавонга қўйиб,
Термуламан эшикка, дилдор.

Электр сим. Совуқ жиҳозлар.
Идорада расмийлик доғи.
Диққинафас бўлиб беркилар,
Юрагимнинг тўртта қопқоғи.

Олтин қафас – қўриқчи девор,
Чегаралар қўймоқда бизга.
Тор аквариум ахир, не даркор,
Юр, кетамиз, жоним... денгизга!

Юр, сабога мағрур борайлик,
Қуёш билан юзма-юз бўлиб.
Булутлардан ҳайратланайлик,
Қушлар каби ҳурликка тўлиб.

Китобларни сўмкангга жойла,
Ёниш дами ҳали олдинда.
Сочларингни ҳидлар авайлаб,
Ана, шамол! Эшик олдида!

“Сакина” ва “Жимлик”... (Эҳтимол,
Сергейга ҳам тушгандир кўзим).
“Телба”ни ол, “Бегона”ни ол,
“Азизим”ни олгин, азизим!

Бизга халал беролмас ҳеч ким,
Гарчи булут рақсга тушса-да.
Мурғак майса бўлса-да ғижим,
Гарчи шамол қаттиқ қучса-да...

Майсазорда бепоён афсун,
Ғариб кўнглим сенга мунтазир.
Илҳом – руҳнинг озодлиги-чун,
Саодатдан воз кечсак арзир.


Алибек Анварий


Forward from: Mutolaa
📢 Yilning eng kutilgan kechasi - "Qo'rboshilar qo'shig'i" she'riyat spektakliga marhamat!

🎙️ She’riyat va adabiyotga oshufta qalblar uchun, O‘zbekiston Yoshlar ishlari agentligining “Mutolaa” loyihasi hamda O‘zbekiston Milliy kutubxonasi hamkorligida “MUTOLAA’DA SHE’RIYAT” teatrlashtirilgan kechasini taqdim etadi.

➡️ Dastur bosh qahramoni: yosh va iste'dodli shoir Najmiddin Ermatov

➡️ Dastur mehmoni: taniqli aktyor va shoir Erkin Bozorov

🔖 So‘z va adabiyot muxlislarini 12-dekabr (kuni) soat 18:00 da O‘zbekiston Milliy kutubxonasida kutib qolamiz.

👇 Ro’yxatdan o’tish uchun:
https://forms.gle/JXuWztq9yywF8wbNA

👤 Yilning eng eksklyuziv tadbirini aslo o'tkazib yubormang!

Telegram | Instagram | YouTube


​​САРДОБА
  Дилмурод Дўстга

Ўқ ариқдан сув оқар тўлиб,
Уйғонмайди унгача кўрак.
Тунлар – қисқа муддатли ўлим,
Уйқудадир тонггача юрак.

Ўйга чўмар ҳазин юлдузлар,
Бу кеч ўчди бири саноқдан.
Тушда гўзал теримчи қизлар,
Суғуради жонни чаноқдан.

Пайпаслайди уфқни шафақлар,
Тополмайди, дафъатан, аммо.
Сесканади оловдарахтлар,
Уйқудадир замину само.

Ҳориб ётар бир четда этак,
Саҳар унинг қаддини ростлар.
Ухлаб қолган тугамай эртак,
Бешикдаги Дилмурод Дўстлар!

Қудуқда сув мизғир сузилиб,
Боғдан беҳи ҳиди уфурар.
Майин шамол ҳовли юзини,
Келинлардан аввал супурар.

Чўгирмалар кийган устунда,
Тик турганча ухлар лайлаклар.
Қуримайди зах тортган тунда,
Оқшом осган жажжи кўйлайлак.

Сардобани излаб юрар тонг,
Тополмайди, дафъатан, аммо.
Қучоқ аро кириб келар сўнг,
Гўшангани топган шўх сабо.

Бирдан турар оёққа наҳор,
Қўзғалади ҳайрат эпкини.
Йўл-йўлакай боғлайди ғаддор,
Пойабзалнинг чалкаш ипини.

Ерни ёрар қадам ташлаб сўнг –
Тўлар дилда қолган бўшлиқлар.
Сардобани уйғотмайди тонг,
Уйғотади уни қўшиқлар!

Лекин тонг йўқ, қайда қолди у,
Ё кетдими уфқидан тониб?!
Тонг йўқ. Тонг йўқ!.. Кўнглимда ғулу,
Дарахтлардай турибман ёниб.

Кенглик томон йўлни тарадим,
Оқиб ётар чексиз бўсаға.
Кўздан ёшни артиб қарадим:
Тонгнинг парчалари ғўзада!


@Alibek_Anvariy


Амир Хусрав Деҳлавий равзаси зиёрати. Деҳли. 1.12.2024


@Alibek_Anvariy

864 0 6 10 36

Мирзо Абдулқодир Бедил равзаси зиёрати. Деҳли. 30.11.2024


Бузуқ қабримни кўрган ўқчи дўкониға ўхшатқон,
Фироқинг ўқидин анда кўруб пайкону пар ҳар ён.


Навоий


@Alibek_Anvariy


Ўттиз йилдан бери Ҳиндистонда ўзбек тилини ўргатиб келаётган профессор, йирик олим Шаҳид Таслим билан. Деҳли. Ислом Миллий университети (Жамия Миллия Исломия). 2024 йил, 28 ноябр.


@Alibek_Anvariy

964 0 19 14 45
20 last posts shown.