AdvokatNews


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Law


"Advokat" журнали ва "Advokat-Press" газетасининг расмий телеграм-канали

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Law
Statistics
Posts filter


Тармоқда бонг урилганидан сўнг маҳкумга муносабат яхшиланган

Бир неча кун аввал адвокат Зебо Комилова Қашқадарё вилояти, Косон туманида жойлашган 10-сонли ЖИЭМда унинг ҳимоясидаги шахсга руҳий ва жисмоний босимлар бўлаётгани ҳақида ёзган эди.

Комилова ўз постида, шунингдек, муассаса маъмурияти унинг ҳимоясидаги шахс билан кўришишига тўсқинлик қилишга урингани, адвокат билан учрашув хонасига эса аудио-видео жиҳозлар ўрнатилганини билдирган.

Ушбу хабар адвокат ва юристлар томонидан юритиладиган қатор телеграм-каналларда тарқалиб, тармоқда қизғин муҳокама қилинди.

Ахборот маконидаги жиддий резонанс таъсир қилган, шекилли, бугун яна ЖИЭМга борган Комилова у ерда бутунлай бошқача аҳвол ва муносабатни кўрганини маълум қилмоқда.

Батафсил: 👇
https://t.me/Advokat_Komilova/35


Forward from: Advokat Komilova
Омбудсман идорасидан ҳафсалам пир бўлиб қайтганим ҳақида

Кеча Косондаги 10-сонли ЖИЭМда ҳуқуқлари поймол қилинаётган ҳимоямдаги Ғ.Б. масаласида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) қабулига боргандим.

Совуққина залда бир ярим соат кутиб, ниҳоят, ичкарига кирдим. Уюм-уюм ҳужжатлар оёқ остида тартибсиз ётган, архивга ўхшаш хонада мени Омбудсман Котибияти ходимларидан бир йигит қабул қилди (ўзини таништирмади).

Унга вазиятни тушунтириб, менга айнан қийноққа солиш ҳолатлари бўйича ишлайдиган вакил қабул қилишини илтимос қилдим. Ходим “аризангизни ташлаб кетинг, ўрганиб чиқамиз”, дея жавоб берди беписандлик билан. Мен яна бу ерда инсон тақдири турганлигини ва зудликда чора кўриш лозимлигини айтдим.

Ходимнинг реакцияси ўзгармади: “Қийноқларга доир ишлар билан шуғулланувчи ходимлар вилоятга кетишган, кейинги ҳафта хабар оласиз”.

Вазият анча жиддийлигини тушунтиришга сўнгги уринишим ҳам зое кетди.

Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, ортга қайрилганимда йигит тўхтатиб, бир телефон рақамини айтди, сизга ёрдами тегадиган одам, деди. Ходимлар вилоятларда сафарда юрибди, дегани билан бу рақам стационар телефон рақами эди. Ҳарқалай, у берган +99871-239-81-57 рақамига кун давомида қўнғироқ қилдим – ҳеч ким гўшакни кўтаргани йўқ.

Сайтдан текшириб кўрдим: бу Омбудсман Котибиятининг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўлими бошлиғи Мамагиязов Отабек Рахмонбердиевичнинг иш телефони бўлиб чиқди, дарвоқе айнан кеча унинг қабул куни ҳам экан.

У ишда бўла туриб қўнғироғимга жавоб бермадими, ёки ходим бундан хабари бўлгани ҳолда (ўзи айтди-ку) унинг иш телефони рақамини бердими, билолмадим.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган ташкилотга инсон ҳуқуқлари масаласида бориб, ана шундай ёқимсиз кайфиятда қайтдим, дўстлар.

Бир ҳафтадан кейин келсам бошқача кутиб олишларига, тўғриси, ишонмайман. Қолаверса, бир ҳафта ичида колонияда маҳкум Ғ.Б. билан ҳар нарса бўлиши мумкин. Шундай экан, мен қўл қовуштириб турмаслигим керак, адвокат ва ҳимоячи сифатида қонун йўл берганча ҳаракат қилишда давом этаман.


Forward from: Advokat Komilova
Косондаги ЖИЭМда ҳимоямдаги шахсга кучли босим бўлмоқда. Колония раҳбарияти менга ҳам таҳдид қиляпти

Қашқадарё вилояти, Косон туманида жойлашган 10-сонли ЖИЭМда ҳимоям остидаги шахс Ғ.Б. кучли руҳий-жисмоний босим ва тазйиқларга дуч келмоқда.

Ҳимоямдаги шахс ЖИБ Чилонзор туман судининг 2024 йил 13 июндаги ҳукми билан 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлиб, жазо муддатини ушбу муассасада ўтамоқда. Мен уни 2023 йил май ойидан бери ҳимоя қилиб келаман.

Ушбу муассасада амалдаги қонунчилик ва ҳатто ИИВнинг тегишли низомига зид равишда адвокат билан учрашув хонасига видео ва аудио мосламалари ўрнатилган, яъни суҳбатлар ёзиб олинади!..

2024 йил 30 ноябрь куни Ғ.Б.нинг олдига борганимда уни изоляторда сақлашаётгани эшитдим. Жазо олганлиги сабабли мен билан учрашишга рухсат йўқлигини айтишди. Мен дарҳол ишонч телефонига қўнғироқ қилганимдан сўнггина учрашувга рухсат беришди.

Ҳимоям остидаги шахсни кўриб, тўғриси, қўрқиб кетдим: унинг билагида қўлкишан изи қолган, устидаги кийими эса жуда ифлос ва одам киядиган аҳволда эмасди. Маҳкумга бу қадар ғайриинсоний муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ғ.Б. менга жуда қаттиқ руҳий ва жисмоний босимлар остида қолганини сўзлаб берди.


Ҳимоямдаги шахсда астматик муаммо бор, яъни нафас олишга қийналади. Шу важдан бир неча маротаба тиббиёт бўлимига унинг номидан мурожаат қилдим, лекин мурожаатларим эътиборсиз қолди.

Ҳимоямдаги шахснинг ҳуқуқларини талаб қилишим ортидан менинг ўзимга ҳам босим бўлмоқда. 2024 йил 4 декабрь куни 10-сонли ЖИЭМдан қўнғироқ қилиб бундан кейин Ғ.Б. билан учраша олмаслигимни, учрашиш учун гўёки адвокатлик лицензиям йўқлигини, шу сабабли менга нисбатан текширув ўтказишаётганлигини айтиб таҳдид қилишди. Мен бу иддаони инкор қилиб, менга нисбатан текширув ўтказишга ваколати йўқлигини айтганимда қўнғироқ қилган шахс эшитмай, телефонни ўчириб қўйди (сўзлашув аудиоёзуви мавжуд).

Бу энди Конституциянинг 142-моддаси ҳамда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддаси талабларини оёқости қилишдан бошқа нарса эмас.


Ҳимоям остидаги Ғ.Б. колонияда таҳқирланмоқда, унга инсонга хос бўлмаган муомала қилиняпти. Бундан ташқари, унга ҳимоячи билан учрашишни ҳам тақиқлаб қўйишди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бошқармасига бир неча марта мурожаат қилган бўлсам-да, ҳеч бир реакция билдиришмади. Ҳозирги вақтда ҳимоям остидаги шахсни асоссиз равишда жазолаб, “турма” режимига ўтказишмоқчи.

Яқинда Ўзбекистон Омбудсмани ўз ахборотида “руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган 15 та хабар ўрганилиб, бу бўйича 14 та муносабат билдирилганини, мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг 12 та талабномаси киритилган”лигини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларни мониторинг қилишлари рост бўлса, Омбудсмандан менинг адвокатлик фаолиятимга тўсқинлик қилиб келаётган ва ҳимоям остидаги Ғ.Б.нинг ҳуқуқларини поймол қилаётган 10-сонли ЖИЭМ бошлиғи ва унинг ўринбосарларига нисбатан қонуний чора кўрилишида амалий ёрдам кутиб қоламан.

Очиғи, юқоридаги ҳолатлар юзасидан бир неча бор Омбудсман офиси билан ҳам боғланишга уриндим, лекин унинг ягона ишонч телефони (1096) умуман ишламади.


Бугун – мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинган кун.

Барчангизни ушбу байрам билан муборакбод этамиз!


“Йил адвокати-2024” танлови ғолиблари

Бугун, 6 декабрь куни Radisson Blu Hotel меҳмонхонасида “Йил адвокати-2024” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Етти номинация бўйича қуйидаги адвокатлар ғолиб деб эълон қилинди ва тантанали равишда тақдирланди:

1. “Порлаётган юлдуз” номинациясида – Дилшодбек Кенжабоев;

2. “Илмий-ҳуқуқий фаолиятдаги фаоллиги учун”Тўтиёхон Султонова;

3. “Pro-bono фаолияти учун”Бахтиёр Кудайбергенов;

4. “Адвокатлик нутқи санъати”Иргаш Ишмуратов;

5. “Аёлларнинг адвокатлик касбига қўшган ҳиссаси учун”Феруза Жалилова;

6. “Ёш ҳуқуқшуносларни касбга тайёрлашга қўшган ҳиссаси учун”Зафар Тўхташев;

7. “Ижтимоий тармоқларда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қўшган ҳиссаси учун”Абдумалик Абдуллаев.

Барча ғолибларни чин дилдан табриклаймиз.


Forward from: O’zR ADVOKATLAR PALATASI
#идоралараро_ҳамкорлик
#учрашув

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
https://proacademy.uz/uz-cyr/news/view?alias=2194

Укрепление сотрудничества с Палатой адвокатов Республики Узбекистан

https://proacademy.uz/ru/news/view?alias=2194

📣Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг!
Facebook | Instagram | Twitter | You Tube


Forward from: Advokat Komilova
Рақобат – мўъжизакор куч

Кеча бўлиб ўтган тадбирда Германия федерал адвокатлар ассоциациясининг халқаро алоқалар департаменти бошлиғи Вероника Деннингер адвокатларнинг касб этикасига риоя қилиши ва вазифасини виждонан бажармаган адвокатларни жазолаш чоралари ҳақида сўз кетганда ўз мамлакатидан мисол келтириб, жуда қизиқ гаплар айтди:

– Германияда адвокатларни доим виждонан ишлашга, мижоз манфаатларини охирига қадар ҳимоя қилишга мажбур этувчи жуда муҳим омил бор. Бу – рақобат. Мамлакатда 166 минг адвокат фаолият кўрсатади. Бу жуда катта бозор, рақобат ниҳоятда кучли. Агар мен мижознинг ишида “халтура” қилсам, эртагаёқ бундан ҳамма хабар топади. Шу заҳоти менга “ёмон адвокат” деган ёрлиқ тушади ва ортиқ ҳеч ким иш бермайди.

Рақобат адвокатларнинг ўзини-ўзи назорат қилишига имкон бергани сабабли, ҳатто малака ошириш ҳам ихтиёрий қилиб қўйилган. Барча ўз касбида муваффақият қозонишни истайди ва ана шу ички истак уни малака оширишга ундайди. Масалан, мен миграция масалалари бўйича адвокатман ва ҳар йили минглаб евро сарфлаб малака ошираман, акс ҳолда ўз соҳамда орқада қолиб кетиб мижозларимни йўқотишим аниқ.


Бошқаларни билмадиму мен бу гапларни эшитиб, ўзимни худди параллел оламда яшаётгандек ҳис қилдим...


Forward from: Advokat Komilova
Шунақа энтузиастларни кўрсам маза қиламан

“Озодлик” радиоси Қўқон шаҳрида яшовчи Авазбек Мазаидов деган киши ҳақида лавҳа тайёрлабди. Кўриб, жуда таъсирландим. Қойил қолдим.

Бу инсон 63 ёшида юридик техникумни битирган экан. Ҳозир 68 ёшда, ФарДУ юридик факультетининг 4-курс талабаси.

Ўқиш билан бирга, муҳтожларга юридик ёрдам кўрсатар экан. БЕПУЛ ёрдам! Ўзининг ҳуқуқий маслаҳатхонаси бор.

Айтишича, ёшлигида шароити бўлмагани учун ўқий олмаган. Совет даврида бизнес қилмоқчи бўлиб чет элдан бир контейнер шиппак олиб келганида чайқовчиликда айбланиб, қамалган. 1991 йилда ушбу модда декриминализация қилингач, судланганлиги олиб ташланган.

“Қамоқда ўтириб ният қилган эдим: эсон-омон чиқсам одамларга ёрдам бераман, деб. 40 йилда ниятим рўёбга чиқди – судда қатнашдим. Ҳамманинг қурби бир хил эмас, адвокатга маслаҳат бергани учун 600-700 минг сўм тўлай олмайдиганлар қанча. Мен шунақа қийналган инсонларга бепул ёрдамлашаман”, дейди лавҳа қаҳрамони.

Шу ёшда ҳам ўқишни давом эттирмоқчи. Магистратурани адвокатура йўналишида ўқиб, илмий иш қилмоқчиман, дейди.

Келаси йили университетни битиргач адвокатликка лицензия олсалар ажаб эмас.

Ғаройиб тақдир. Лавҳа эмас, ҳатто фильм қилишга муносиб одам экан.


ВМҚ-774 21.11.2024.pdf
2.3Mb
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб қилиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори.


Узоқ кутилган ҳужжат умидларимизни оқладими?

“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун кучга кирганидан роса 1 йил 2 ой 2 кун ўтиб, ниҳоят, бу қонунни амалда қўллаш механизмларини белгиловчи ҳужжат – Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб қилиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланибди.

Низомга тўхталиб ўтирмай, унинг 5-иловасига ўтамиз. Яъни, ҳақ миқдорларига. Ҳужжатнинг адвокатура учун энг муҳим қисми шу десак адашмаймиз. Билишимизча, Низомнинг 1 йилдан зиёд кечикиб қабул қилинишига ҳам айнан хизмат тарифларини келишиб олиш узоққа чўзилгани сабаб бўлди...

Эски тартиб билан солиштирганда, бу анча прогрессив дейиш мумкин, аммо юридик ёрдам кўрсатиш доирасида бажариладиган ишларнинг тахминий ҳажмидан келиб чиқадиган бўлсак, адвокат меҳнати меҳнати жуда паст баҳоланибди.

Боз устига, харажати қопланадиган ишлар туркумида айрим процессуал муҳим ҳаракатлар умуман назарда тутилмаган. Масалан, эксперт ёки мутахассис жалб қилиш, экспертиза ўтказиш. Харажати тўланмаса, адвокат ўз ҳисобидан экспертиза қилдирадими? Қилдирмаса, юридик ёрдам сифати қандай бўлади?


Саволлар кўп, хуллас.


Forward from: O’zR ADVOKATLAR PALATASI
Ҳурматли ҳамкасблар!

Мамлакатимизда адвокатура мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган тадқиқот олиб бормоқдамиз. Амалиётчи адвокат сифатида сизнинг фикрингиз биз учун жуда муҳимдир. Сизнинг жавобларингиз қонунчиликни такомиллаштириш ва адвокатлик самарадорлигини ошириш бўйича таклифларни шакллантиришга ёрдам беради.

Биз сизни → бу ерда сўровда иштирок етишга таклиф қиламиз.


Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби “Маъмурий ҳуқуқ” кафедраси ўқитувчиси лавозимига малакали мутахассисларни ишга таклиф қилади.

Номзодларга қўйиладиган талаблар:
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлиш;
олий юридик маълумот (магистр даражаси)га, шунингдек қоида тариқасида, профессор ёки доцент илмий унвонига, фан номзоди, фалсафа доктори (PhD), фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасига, шунингдек хорижий мамлакатларнинг тегишли мутахассислик бўйича уларга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга бўлиш;
юридик ихтисослик бўйича, қоида тариқасида, камида 5 йил (судья, прокурор, адвокат ва бошқа) иш стажига эга бўлиш;
АКТдан самарали фойдаланиш қобилиятига эга бўлиш.

Педагогик иш стажига эга бўлган, юридик йўналишдаги олий таълим муассаларида ўқитувчи бўлиб ишлаган, хорижий (инглиз, немис, француз) тилларни биладиган номзодлар устунликка эга бўлади.

Номзодлар танлов асосида ишга қабул қилинади. Танлов икки босқичли синовдан иборат:
биринчи босқичда номзодлар тест синовларидан ўтказилади. Тест синовларида энг юқори баллнинг камида учдан бирини олганлар иккинчи босқичга қўйилади;
иккинчи босқичда номзодлар маъруза шаклида очиқ дарс машғулотини ўтказадилар. Маъруза Power Point Presentation/слайдлар ёрдамида ўтказилиши лозим.

Тест синовлари ва очиқ дарс машғулоти тегишлича 4/6 (40 балл/60 балл) нисбатида баҳоланади.

Эслатма: Маъруза (очиқ дарс машғулоти) мавзуси “Маъмурий ҳуқуқ” кафедраси предметлари бўйича ўқув дастурлари талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар Судьялар олий мактабининг sudyalaroliymaktabi@umail.uz электрон почтасига ёки Судьялар олий мактабига (100097, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпонота кўчаси, 6-уй) қуйидаги ҳужжатларни юборишлари лозим:
ариза (яшаш манзили ва уяли телефон рақамини кўрсатган ҳолда);
шахсий маълумотнома (объективка).

Аризалар 2024 йил 21 ноябрь соат 17.00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел.: (55) 501-01-67, 94-9320331 Саодат Худайкулова.


Forward from: O’zR ADVOKATLAR PALATASI
Video is unavailable for watching
Show in Telegram
🇺🇿Бугун, Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи қабул қилинган куннинг 33 йиллиги нишонланмоқда. 1991 йилнинг айнан худди шу куни "Ўзбекистон Републикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги қонун қабул қилинган.


Пора олиш – “ўзни сотиш” демак

Акмал БЕКМУРОДОВ,
мустақил тадқиқотчи

Ғарбий Европа маданиятида ходимнинг коррупциявий ҳаракатлар содир этиши “ўзини сотиши” ҳисобланиб, бундай ҳаракатларга салбий муносабат билдирилади. Европада сиёсатчи ёки амалдорнинг коррупцияга алоқадорликда гумон қилинишининг ўзиёқ унинг карьераси тугаганлигини англатади. Франция ва Буюк Британия давлатларида коррупцияга алоқадор бўлган амалдорлар ўтмишдаги ижобий хизматларига қарамасдан истеъфога чиқарилиши ҳам шу сабаблидир.

Ғарб жамияти коррупцияга салбий муносабатда бўлишининг асосий сабаби “бозор менталитети” бўлиб, унда бир томондан ҳар ким ўзгаларга рақобатчи бўлса, иккинчи томондан эса ҳар ким ҳамма учун шароитлар тенглиги ақидасига қатъий амал қилишга мажбур. Ушбу тамойилни бузиш жамият томонидан қаттиқ қораланади. Бу дунёқараш узоқ вақтлардан бери ва жуда қатъий тарзда шаклланган.

Шу сабабли, бундай жамиятда коррупциявий ҳаракатларнинг гувоҳи бўлган ва эшитган шахсларнинг тегишли ташкилотларга хабар бериши одатий ҳолдир, чунки улар барча учун имконият тенглиги, яъни “бозор” тамойили бузилиши жамият учун зарарли эканини яхши англайдилар.

(Батафсил – “Advokat” журналининг 5-сонида).


“Олий суд ишларни мазмунан кўриш билан ўралашиб қолмаслиги керак”

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов очиқ мулоқот чоғида адвокатлар томонидан тилга олинган қарийб барча муаммоларни тан олди, ечим сифатида билдирилган таклифларнинг ҳам аксарини ўринли деб топди.

Фақат бир ўринда эътироз билдирди. Маълумки, 2024 йилдан бошлаб судларда ишларни қайта кўриш тартиби ўзгариб, асосий юклама ўрта бўғин судларига тушди, Олий судда эса фақат тафтиш инстанцияси қолдирилди. Адвокатлар бу ислоҳотни некбинлик билан қабул қилишгани йўқ: вилоят судлари босим ва масъулиятга дош бера оладими, холис ва беғаразлик таъминланадими, деган саволлар ўртага чиқди. Айни қараш, янги тартибнинг самарали бўлишига нисбатан шубҳалар ҳанузгача мавжуд.

Шу мавзуда сўз очилганида Олий суд раиси мазкур қарор тўғри бўлганини айтар экан, фикрини қуйидагича изоҳлади:

“Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида Олий суд ишларни мазмунан кўриш билан шуғулланмайди. Биз эса шунга ўралашиб қолдик, Олий суд оддий суд маҳкамасига айланди, ҳолбуки Олий суднинг асосий вазифаси суд тизимига раҳбарлик ва амалиётни умумлаштириш бўлиши керак. Ишларни қайта кўришнинг бу тартиби янги бўлгани сабабли айрим камчиликлар чиқиши табиий ва улар йўл-йўлакай албатта бартараф этилади”.

Бахтиёр Исломов янги тизим амалда самарали ишлай бошлаганини таъкидлаб, фикрини кассация, апелляция ва тафтиш тартибида кўрилган ишлар, бекор қилинган ва ўзгартирилган суд қарорларига доир статистика маълумотлари билан асослади.

Умуман, Олий суд раисининг адвокатлар ҳамжамияти вакиллари билан учрашуви конструктив руҳда ўтди. Адвокатлар томонидан одил судлов фаолияти билан боғлиқ барча тизимли муаммолар санаб ўтилди, уларга ечим сифатида 40 ортиқ таклифлар билдирилди.

Олий суд раиси Б.Исломов ва Адвокатлар палатаси раиси Шуҳрат Садиков муаммоларни биргаликда бартараф этиш мақсадида ушбу форматдаги мулоқотларни давом эттиришга ва йўл харитаси ишлаб чиқишга келишиб олдилар.


“Изоляторлар тўлиб кетган”

Дарвоқе, қамоқ эҳтиёт чораси оммавий (97 фоиз ҳолларда) қўлланаётгани ҳақида гап кетганида Олий суд раиси “изоляторлар тўлиб кетган”ини айтди. Бахтиёр Исломовга кўра, бунақа ҳолат илк бор 2001 йилда кузатилган.

“Ўшанда вақтинча сақлаш жойларидаги шарт-шароитни ўрганиш учун идоралараро комиссия тузилган эди. Ҳозир ҳам ўшанга ўхшаш вазият бўляпти. Лекин муаммо янги тергов ҳибсхоналарини қуриш билан ҳал қилинмаслиги керак”, деди Олий суд раиси.

Адвокат Баҳром Саломов қамоқ эҳтиёт чорасини қўллашда суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслик учун айблов органи зиммасига гумонланувчи терговдан қочиши ёки гувоҳларга босим ўтказиши мумкинлигини исботлаб бериш каби аниқ мажбуриятлар юклашни таклиф қилди.


“Судьяларда қатъият етишмаяпти”

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов бугун адвокатлар ҳамжамияти вакиллари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида икки марта шу гапни такрорлади.

Биринчи марта – адвокат сўровига жавоб бермаган ёки етарлича жавоб бермаган мансабдор шахсларни МЖтКнинг 197-1-моддаси бўйича жавобгарликка тортиш масаласи ҳақида гап кетганида.

“Бу муаммодан хабаримиз бор. Шахсга доир маълумотларни баҳона қилиб адвокатларнинг шикоятлари қабул қилинмаяпти ёки қабул қилинса ҳам, кўп ҳолларда айбдор мансабдор шахс қолиб иш юритувчи, ёрдамчи каби адвокат сўровига жавоб қайтаришга ваколатли бўлмаган ходимлар жавобгарликка тортилмоқда. Ҳақиқий айбдорни жазолаш учун судьяларимизда қатъият етишмаяпти”, деди Олий суд раиси.

Б.Исломов қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномалар судлар томонидан деярли ёппасига қаноатлантирилаётгани масаласи кўтарилганида ҳам шу гапни такрорлади.

Олий суд раиси республикада судья кадрларга ўткир эҳтиёж йўқлигини, ҳар йили етарлича судья штатлари очилаётганини, бироқ уларнинг малакаси ҳали талаб даражасида эмаслигини тан олди.


“Қасддан қилмаган-ку, нега жавобгар бўлсин?!”

Адвокат Жамшид Раҳмонов:

– Ҳар бир оқловдан сўнг камида тўрт нафар (жиноят ишини қўзғатган, тергов олиб борган, айблов хулосасини тузган ва уни тасдиқлаган) мансабдор жавобгар бўлиши керак. Қуйи инстанция судлари айблов ҳукми чиқарган бўлса, улар ҳам қўшилади. Агар оқланган шахс озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога тортилган бўлса-ку майли, лекин ойлаб, йиллаб қамоқда ўтирган бўлса-чи?.. Бир йиғилишда шу мавзу кўтарилиб, ЖКнинг 230, 231-моддалари ишламаётгани ҳақида гапирилганида прокуратура вакили нима деганини биласизми? “Қасддан қилмаган-ку, нимага жавобгар бўлсин?!” эмиш.

“Қасд бўлмаган”лиги бирон шахснинг эҳтиётсизлик орқасида ёки ижтимоий оқибатини билмагани сабабли бирон ноқонуний хатти-ҳаракат содир этишини англатади. Қолаверса, ҳолатни суриштирув ёки тергов йўли билан аниқламасдан, қандай қилиб осонгина “қасд бўлмаган” деб хулоса қилишимиз мумкин?! Олий юридик маълумотли, қанча танлов-саралаш процедуралари орқали лавозимга қўйилган терговчи, прокурор ёки судьяга нисбатан шунақа дейиш қанчалик тўғри!?..

Оқланган шахсларнинг зарари улардан ундирилганида ҳам бошқа гап эди. Бюджетнинг аҳволи танг бўлиб турган пайтда миллиардлаб маблағлар тергов ва суд органларининг хатолари учун товон қилиб тўланмоқда.

Батафсил “Advokat” журналининг 5-сонида ўқинг.


Бу оилада ҳамма адвокат

Қарши шаҳрида шундай оила бор – барча аъзолари адвокатлик касбини эгаллаган.

Ота-она, икки ўғил, икки қиз.

Барча алоҳида-алоҳида тузилмаларда ишлайди.

Тўнғич қиз – ҳайъатда, қолганларнинг ўз бюролари бор.

Она 20 йилдан зиёд мактабда ўқитувчи бўлган ва 47 ёшида, тўнғич ўғли билан баравар юридик университетни тамомлаган.

Қизиқми?

“Advokat” журналининг 5-сонида ўқинг.


Forward from: O’zR ADVOKATLAR PALATASI
Олий суд раиси Бахтиёр Исломов Адвокатлар палатаси раиси Шухрат Садиков билан учрашди.

Мулоқот чоғида аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётига доир масалалар муҳокама этилди.

Шу аснода фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида яқин кунларда Олий суд раисининг адвокатлар билан очиқ мулоқотини ўтказиш ҳақида келишиб олинди.

20 last posts shown.