Университетлар давлатникими?Математик профессор Эркинжон ака Каримов Кун.уздаги
мақоласида муҳим мавзуни кўтарибди. Ўзим ҳам шу соҳада ишлаганим учун, мулоҳазаларимни ёзиб кетсам.
Мақолани ўқиш давомида илк ўйлаган нарсам:
ўзбек тилида "public" тушунчасининг тўғри таржимаси ё йўқ, ё мен билмайман. "Хусусий эмас, жамоатга оид" деб таржима қилса бўлар, аммо аниқ маъноси таржимада бироз йўқоладигандек. Тилшуносларимиз хафа бўлишмасин, аммо бу сўзнинг мени қониқтирадиган ўзбекча муқобилини тополмаганим учун, бу ерда вақтинча инглизчасини ишлатиб тураман.
Аслида public тушунчасини тўлиқ илғаш учун луғатдан кўра сиёсий фалсафа дарслигини очиш керак. Унинг устига, сўзнинг ишлатилиш контекстини ҳам ҳисобга олиш керак. Public сўзининг "давлатга тегишли" деган маъноси бор, аммо бу жуда тор маъноларидан биргинасидир. Ундаги "давлат" Веберча "белгиловчи ва жазоловчи" институтдан кўра кўпроқ "жамоатга, халққа тегишли нарсаларни идора қилувчи" институт сифатида тушунилгани яхши. Чунки давлатнинг ўз мулки бўлмайди—давлат мамлакатнинг бойликлари ва фуқароларнинг мулкларини идора қилади холос.
Эркинжон Каримов мақоласида ҳам кўрганимиз "ОТМ давлатники" деган тушунча бизда кенг тарқалган. Аммо, масалан, Британия олий таълим тизимида университетлар жамоавий институтлардир, чунки бу ерда аксар университетлар public ташкилотлардир. Оксфордиям, Кембрижиям, мен ишлайдиган Шарқий Англия ҳам public университетлардир. Хусусий университетларни бир қўлнинг бармоғида санаса бўлади, улар ҳақида кўпчилик эшитмаган ҳам.
Буни мисолларда яхшироқ тушунтириш мумкиндир. Университетлар давлатдан маблағ олади, аммо фойда кўришни мақсад қилмайди. Уларнинг асосий вазифаси—жамоат ва жамият учун хизмат қилиш, илм тарқатиш ва тадқиқотлар ёрдамида тараққиётга ҳисса қўшишдир. Бу гаплар бироз идеалистроқ эшитилар, кимгадир эриш ҳам туюлар. Аммо университетларсиз жамиятда бу функцияни бажарадиган, уларнинг ўрнини босадиган бошқа институт йўқ.
Бошқачароқ айтганда,
университетлар жамиятни бошқаришга уринмайди, аммо бошқарувчилар ва келажак авлодлар учун билим ва тажриба банки сифатида хизмат қилади. Бу жамият учун ҳам, давлат учун ҳам ўта муҳим вазифалардир. Қизиғи, бу вазифани дунёнинг энг олдида турадиган хусусий университетлар—Ҳарвард, Принстон, Йейл—ҳам бажаришади. Қайсидир маънода давлат ё штатнинг қўлига қараб турадиган public университетлардан яхшироқ ҳам бажаришади.
Бу вазифаларни тўғри бажара олиши учун университетларга эркинликлар берилган. Буларнинг энг муҳими ўзини-ўзини бошқариш ҳуқуқидир (камида, идеалда шундай бўлиши керак—истиснолар охирги абзацда ёзаман). Университетлар, бироз содда қилиб айтганда, демократик йўл билан бошқариладиган олимлар жамиятидир.
Бу олимлар раҳбарларини ўзлари сайлайди ва муҳим қарорларни биргаликда қабул қилади. Бу тизим замонавий (янги даврдаги) давлатлар шаклланишидан, ҳатто биринчи парламентлар ва ижрочи ҳукуматлар яралишидан олдин ишлаб чиқилган. Қайсидир маънода, университетлар демократик тузумларнинг бошида туради, деса бўлади. Университет ходимлари ҳам, ойлигини давлатдан оладими, ё хусусий даргоҳда ишлайдими, кўп жойларда жамоат хизматчилари (public servant), жамоатга оид инсонлар сифатида кўрилади.
Университетга берилган эркинлик ортидаги муҳим сабаб—академик эркинликсиз янги ечимлар ишлаб чиқиш имконсиз. Мутахассисга ишлаш эркинлиги бериш керак, чунки барча топшириқлар юқоридан келадиган жойда ўсиш бўлмайди.
Айни пайтда, Британияда ҳам университетларнинг охирги йилларда қийин молиявий аҳволга тушиб қолиши натижасида бошқарувчиларнинг кучи ортиб, профессорларнинг мавқеига бироз путур етмоқда. Университетлар ишчи ўринларини кесишга мажбур бўлган шароитда, эркинлик афсуски иккинчи даражага ўтиб қолади.
Олий таълим, Япония, Англия, университетлар,
саёҳатлар ва бошқа мавзулардаги кундалик ёзувларим сизга қизиқарли ва фойдали бўлса, каналга ёзилинг ва бу мавзуларга қизиқадиган дўсту яқинларингизга ҳам юборинг 😊@profsherzod