Геростратнинг авлодлари💭 ...Манзилимга етиб олиш учун автобус кутаётган эдим. Мактаб ёшидаги икки қизнинг ўзаро суҳбати қулоғимга чалинди:
– Нози, нима қилсам ҳам Instagram’имда одам кўпаймаяпти.
– Очиқ-сочиқ кийиниб рақсга тушиб, кейин саҳифангга жойласанг-чи! Мен “подписчик”ларимни шундай кўпайтирганман.
– Ростдан шунақа қилсаммикан? Лекин... дадам билса ўлдиради-да!
– Унда вилоятликларни ҳақорат қил!
– Вой, қамаб қўйишади-ку!
– Да, конечно, зато бир деганда машҳур бўласан. Хуллас, дугош, машҳур бўмоқчимисан? Пул топмоқчимисан? Бу ёғига ҳам чидайсан – популярность требует жертв...
Манзилимга то етиб борунимча бўлиб ўтган ушбу мулоқотни унута олмадим. Аксинча, бу суҳбатнинг илдизи ҳақида бот-бот ўйлайвердим...
Тарихчиларнинг гувоҳлик беришларича, эрамиздан аввалги 356 йилда Грециянинг Эфес (ҳозирги Туркия ҳудудида) шаҳрида Герострат исмли одам яшаб ўтган. Маълумотларга кўра, Герострат ёшлик чоғиданоқ шуҳрат қозониш пайида бўлган. У бу орзусини амалга ошириш учун турли ишларни амалга ошириб кўради. Аммо қилган амаллари вақт ўтиши билан одамлар ёдидан кўтарилганига гувоҳ бўлиб қаттиқ ғазабланади. Фавқулодда жуда муҳим одамлар хотирасидан бир умр ўчмайдиган нимадир қилишни истай бошлайди. Кўп ўтмай ўша вақтдаги дунёнинг етти мўъжизасидан учинчиси саналган маъбуда Артемида ибодатхонасига ўт қўяди. Тарихчиларнинг ёзишича, у сўроқ вақтида авлодлар ўз номини эслашлари учун бу ишни қилганини тан олган. Шаҳар аҳли Геростратни ўлимга маҳкум қилади. Бундан ташқари унинг исмини ҳам асло тилга олмаслик бўйича қарор чиқарадилар. Бироқ қадимий юнон тарихчиси Феопомп қадимги дунёнинг етти мўъжизаси ҳақида китоб ёза туриб, Геростратнинг ёвузлиги ҳақида эслаб ўтади. Шу тариқа бу ном қабиҳлик, шуҳратпарастлик, шармандалик намунаси сифатида тарихда қолади.
Бугунги кунда инсоният яратган бунёдкорлик, эзгу амаллар ва қадриятларни вайрон қилиш билан шуғулланаётганларни ҳам бемалол Герострат авлодлари деб аташ мумкин.
🤳 Сиз ҳам июнь ойининг бошида ижтимоий тармоқларда вилоятликларни тилга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақорат қилиб, бу қилмиши учун 15 суткага қамалган 21 ёшли қиз ҳақида эшитгандирсиз.
Орадан бир ой ўтар ўтмас яна бир аёлнинг Instagram’даги жонли эфирда “қишлоқилар одаммас” дея вилоятликларни ҳақоратлагани акс этган видеоёзуви тарқалди. Аёл иккинчи гуруҳ ногирони бўлгани учун суд унга БҲМнинг 20 баравари (6,8 миллион сўм) миқдорида жарима жазоси тайинлади, холос.
👨👩👦 Шунингдек, ижтимоий тармоқларда йигит билан тортишаётган қизни мушт уриб йиқитгани тасвирланган видео тарқалди. Ушбу уюштирилган саҳна сабаб блогер маъмурий жавобгарликка тортилди.
Бундан ташқари яқинда Фарғона вилоятининг Қува туманида 1994 йилда туғилган фуқаро, ўртоқлари билан ўзининг интернетдаги инстаграм платформасида “Шоқоллар” сарлавҳаси остида видеоматериалларни жойлаштирди. Мазкур видео ҳам юқоридагилар каби шов-шувга, муҳокамага сабаб бўлди. Блогер тазйиқ, зўравонлик, шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлагани, тарқатгани учун жазосини олди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
📵 Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, бебошлар ўз қилган қилмиши учун қамалиб ёки жарима тўлаб жазосини олмоқда. Унда нега бу каби видеолар камайиш ўрнига чўққа тушган бодроқдек жамиятда урчиб бормоқда?
Юқоридаги “ижтимоий тармоқ юлдузлари”нинг саҳифаларига назар ташлаб бунинг сабабини аниқлагандек бўлдим. Уларнинг дастлаб обуначилари сони сезиларли даражада кам бўлган. Лекин ҳайрон қоларли жиҳати шундаки, улар тармоқда кўрсатган ва кўпчиликнинг нафратига сазовор бўлган юқоридаги чиқишларидан сўнг кузатувчилари сони кескин ортган.
🖊 Жумладан, тармоқда вилоятликларни ҳақоратлаб қамалган қизнинг Instagram’даги кузатувчилари сони кескин 13 минг 200 нафарга, бу қиздан сўнг худди шу йўсин билан танилган хонанданинг Instagram обуначилари сони эса 15 мингга яқинлашган. Қолаверса, фарғоналик блогернинг Instagram кузатувчилари сони бирданига 18 мингтага кўтарилиб, аллақачон энергетик ичимликлар рекламасини бошлаб юборганига нима дейсиз...
📣 Маҳаллийчиликнинг тегирмонига кимлар сув қуймоқда? Бундан кимга қандай наф бор?