МАНГУ ЯШАР БОРМИ ДУНЁДА?
Қара, қанча замонлар ўтди,
Яхши ҳамда ёмонлар ўтди,
Ҳақ ё ноҳақ томонлар ўтди,
Мангу яшар борми дунёда?
Аллоҳ суйган пайғамбарлар ҳам,
Ишчи ходим, амалдорлар ҳам,
Кетди оми, илмдорлар ҳам,
Мангу яшар борми дунёда?
Мазлумлар ҳам, золим зўрлар ҳам,
Покиза қалб, қалби кўрлар ҳам,
Ҳаёт берди борига барҳам,
Мангу яшар борми дунёда?
Шу қисқа бир умримизни деб,
Ким ҳалолдан, кимлар нопок еб,
Дунёмизга бердик обдан зеб,
Мангу яшар борми дунёда?
Мангу дунё фақат у дунё,
Барчамиздан қолар бу дунё,
Кимга керак фақат шу дунё,
Мангу яшар борми дунёда?
Умр қисқа бир оз фикр қил,
Сен ўзингни "мусофир", деб бил,
Кунда минг бор ҲАҚқа шукр қил,
Мангу яшар борми дунёда?
✍ Лутфуллоҳ Хўжаев.