Бир куни набираларни кўргани борсам, биринчи қаватда турадиган ўрис момой йўлимни тўсиб чиқди. Дўмларининг яқинига дўм тушаётган эмиш. (Тушунарли ҳол: бирорта тадбиркор сотиб олган ва кўп қаватли уй қурмоқчи.) Шу қурилишни тўхтатиш учун аризаси ёзиб, ҳокимиятга чиқайлик, деди. “Мен бу ерда турмайман”, дедим-да ўтдим-кетдим.
Кейинги сафар борганимда ўрис момо яна бошимни оғритди. Аммо шошиб турганим учун гапини охиригача эшитмадим ҳам – биз ўзбеклар ўзгаларнинг ташвиши билан оғришни ёқтирмаймиз.
Қизимнинг айтишига кўра, бабуля бошқаларнинг бошиниям кўп оғритибди. Аммо одамлар “шикоят хати”га бош қўшишмабди. Тўғрироғи, қўл қўйишибдию, югуришга келганда ҳамма иш момонинг ўзига қолибди. Кейин ўзи хатни олиб ҳокимиятга, судга, прокуратурага борибди. Ва ниятига эришибди ҳам. Мана, икки йилдан бери ўша қурилиш фақат пойдевори қурилган ҳолида чала ётибди.
Шунга ўхшаш яна бир воқеа:
Бир танишим эски ҳовли сотиб олиб, қайта қурмоқчи экан, қўшниси бўлган ўрис момой “қурилиш қилмайсан!” дебди. Аммо танишим унинг гапини писанд илмасдан ишни бошлаб юборибди. Кейин бабуля маҳалла, ҳокимият, прокуратура каби идораларга шикоят хати ёзибди. Шундан сўнг махсус идоралардан вакиллар келиб, қурилишни тўхтатишибди. Қонунда, ким қурилиш қиладиган бўлса, қўшнининг розилиги керак, деган жойи бор экан. Кейин ҳатто ўша йигитнинг ишини судга ҳам оширишибди...
Фарғонадаги ёқилғи шахобчасининг портлаши сабабли шу икки воқеа ёдимга тушди. У ердагилар ҳам шахобчанинг қурилишига қарши бўлишган, юқоридагиларга шикоят қилишган экан. Лекин шикоятчиларнинг додига ҳеч ким қулоқ солмаган. Милён-милён пул турган жойда ўзбекнинг рози-норозилиги бир пул-ку. Қолаверса, шикоятчи ўрис ёки жуҳуд бўлмагандан нима муаммоси бор. Зўравон ҳам ўзлари, қози ҳам. Аммо, қаранг, битта ўриснинг шикояти анча-мунча тоғларни жойидан силжитяпти. Юқорида айтганим ҳаққини талаб қилганларнинг иккаласи ҳам ўрис эди. Унинг устига, қария, ожиза. Аммо қонун ҳимоячилари у иккаласининг гапига қулоқ қоқмай бўйсунишди. Дарров ножўя ишларнинг йўлини тўсишди, тадбиркорларни жаримага тортишди, жазолашди. Шу ўринда бир савол туғилади: агар ўша ўрис кампирларнинг ўрнида ўзбек оналаримиз бўлса ҳам, катталаримиз шунақа қулоқ солишармиди? Шикоятларини қонун доирасида қондиришармиди? Ҳай, билмадим-да... Бизникилар Худодан кўра ўрисдан кўпроқ қўрқишади. Қўрқмай ҳам кўрсин-чи. Ахир уларнинг ортида жуда катта давлат – Русия турибди!
Қизимга қўшни бўлган ўша кампир бир ўзи яшайди, ҳеч кими йўқ. Болалари бор экан, лекин ташлаб кетишган. Аммо уни давлати ташлаб қўймаган. Дунёнинг қаерида бўлса ҳам, бир тола сочигача ҳимоя қилади. Бизникилар эса, четни қўйинг, ҳатто ўз юртида буғилиб ётибди.
Кечаги портлашдан кейин бир йигитнинг гапи юракни чуқур тирнади: “Қаттиқ қўрққанларидан, – деди у, –болаларнинг кўзлари бир нуқтага қадалиб қолган!” Қиёмат қўпганда қўрқувдан одамнинг кўзи қотиб қолади дейишади. Ўша куни боқчадаги болалар бошига нақ қиёмат келди. Мурғакларнинг бошига қиёматнинг кунини солишди! Уларнинг айби нима эди, Фарғонада туғилганими? Улар энди қачон ўзларига келишади, кела олишадими ўзи, Аллоҳ билади.
Кейинги хабарларда куйишдан вафот этганлар орасида норасидалар ҳам борлиги айтилди!
Ёзаман десам, гап кўп. Чунки асабларни зирқиратадиган хабарлар ҳар куни эшитилиб турибди. Ҳаммасининг ортида ўнлаб саволлар бор. Аммо уларга ким жавоб беради? Жавоб берадиган одам борми ўзи? Ё ҳаммаси қиёматга қоладими?
✍Абдуғофур Искандар
https://t.me/YaqinOzbek