ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВГА
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисига
Ўзбекистон Республикаси Конституцион судига
Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик хизматига
Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича Конституциявий комиссияга
("Бош қомус қандай ўзгартириляпти" туркумининг 6-қисми)
Жаноб Президент!
Бош қомусимизни ислоҳ қилиш даврнинг қатъий талаби эди. Биз бунга мажбур эдик, Давлат хавфсизлигини сақлаш, ҳудудий бирлик, яхлитликни таъминлаш учун, халқимиз озодлиги, мустақиллигини мустаҳкамлаш учун жорий Қомусни ўзгартириш, таҳрирлаш кечиктириб бўлмас заруратга айланган эди. Сиз буни ўз нутқларингизда таъкидлаб келдингиз. Бу ҳақли таъкид эди.
Мен ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимда Бош қомус реформасига оид мулоҳазаларимни, таклифларимни бериб келяпман. Конституциянинг янги таҳрири умумхалқ муҳокамасида, албатта, иштирок этишни ватандошлик бурчим, қарзим деб биламан.
Бош қомусдаги ҳар бир таҳрир ҳақида ўз фикрим бор. Деярли барча ўзгартиришлар ҳар томонлама ўйланган ва узоқни кўзлаганига аминман.
Жаноб Президент!
Бугунги мақоламни Сизга мурожаат тарзида ёзишга қарор қилдим. Конституциянинг 17-боби Қорақалпоғистон Республикасига бағишланган. Ушбу битигимда бу масалага ўзгачароқ ёндашмоқчиман. Таклифим Конституцияни ислоҳ қилиш масаласи билан шуғулланётган қўмита томонидан кўриб чиқиладими, йўқми, билмайман, лекин ўз қарашларимни баён этишни лозим деб топдим.
Тарихий асосларга кўра қорақалпоқ элати 18 асрлардан бошлаб Хива хонлиги ҳудудларига Муҳаммад Амин иноқ ижозати билан келиб ўрнашганлар (Мунис Хоразмий, "Фирдавс ул-иқбол" асари).
Улар яшаган ҳудуднинг кенгайтириб, автоном Республика мақоми берилиши ҳам совет иттифоқидан қолган эскиликдир. Айни пайтда, собиқ иттифоқнинг сиёсий найранги ҳисобланади. Юртимиз чегараларини бизнинг боболаримиз иштирокисиз белгилаган совет ҳукумати сунъий равишда Қорақалпоғистон номли "давлат" ёки "ҳукумат"ни шакллантирди. Бу "давлат"нинг ҳеч қандай тарихий асоси мавжуд эмас.
Айни пайтда дунё миқёсида мустақил давлатларни майдалаш, уларнинг яхлитлигига зарба бериш ҳаракатлари фаол олиб борилмоқда. Буни ўнлаб мисоллар қатори Украинада кўришимиз мумкин. АҚШ ва Россия ўртасидаги зиддиятнинг тамсили бўлган ва рўй бераётган қуролли можароларда ижрочидан бошқа ҳеч қандай ўринга, аҳамиятга эга бўлмаган Украина ҳар томонлама хатар остида қолмоқда.
Қорақалпоғистон ҳам ана шундай манфур ва жирканч режаларнинг амалиётига айланишини ҳеч биримиз истамаймиз.
Ўзбекистон ҳудуди бўлинмаслиги, яхлитлиги ҳар бир миллатдошимизнинг, ватандошимизнинг ҳаёт ва мамот масаласидир.
Қорақалпоғистон билан боғлиқ тарихий ҳақиқатни тиклаш фурсати етди. Сизнинг жасоратингиз, заковатингиз билан ўтказилаётган Бош қомус ислоҳоти доирасида бу масалани охирига етказиб қўйиш шарт.
Мен Бош қомусдан "Қорақалпоғистон Республикаси" деган бобни олиб ташлашни таклиф қиламан. Конституциямизда бу сунъий "давлат" ҳақида бирор модда бўлишига ҳожат йўқ деб ўйлайман.
Бунинг биринчи сабабини келтирдим: қорақалпоқ "ҳукумати" советлар томонидан, тарихий асосларсиз тарихий ҳақиқатга зид равишда ташкил қилинган эди.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг этник таркибига назар солайлик:
– ўзбеклар — 29,2 млн киши;
– тожиклар — 1,7 млн киши;
– қозоқлар — 821,2 минг киши;
– қорақалпоқлар — 752,7 минг киши;
– руслар — 720,3 минг киши;
– қирғизлар — 291,6 минг киши;
– туркманлар — 206,2 минг киши;
– татарлар — 187,3 минг киши;
– корейслар — 174,2 минг киши;
– украинлар — 67,9 минг киши;
– озарбайжонлар — 41,2 минг киши;
– беларуслар — 18,5 минг киши;
– бошқа миллатлар — 426,4 минг киши.
Бу Давлат статистикаси 2021 йил берган маълумотдир.
Кўриниб турибдики, этник гуруҳ ҳисобланган қорақалпоқлар Республикада сон жиҳатдан 4-ўринда туради. Менимча, бундан кам бўлса ҳам, бундан кўп бўлса ҳам, бирор саноқ давлат ичида давлат бўлишига ҳеч қандай сабаб бўла олмайди.