#arxiv
10 ДЕКАБРЬ - ОЛЛАБЕРГАН ПЎЛАТОВ ТАВАЛДУД ТОПГАН КУН
Оллаберган Пўлатов 1935 йил 10 декабрда Хоразм вилояти Хонқа тумани Навхос қишлоғида таваллуд топган. 1952 йилда тумандаги Пушкин номли мактабни, 1954 йилда Урганч шаҳар Ўқитувчилар институтининг Тил ва адабиёт факультетини тамомлаган ва ўқитувчи сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1956-1958-йилларда ҳарбий хизматда бўлган. Ҳарбий хизматдан қайтгач, 1958-1960 йиллар қишлоқ мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Сўнгра 1960 йил январидан то 1974 йил январигача Янгиариқ район “Машъал” газетаси таҳририятида масъул котиб, муҳаррир ўринбосари, 1974 йилдан то 1996 йил октябрь ойига қадар (нафақага чиққунича) Хонқа тумани “Шонли меҳнат” газетаси муҳаррири бўлиб ишлаган.
Оллаберган Пўлатов бутун ҳаётини, бор билим ва салоҳиятини, тажрибасини ва қизғин ижодий фаолиятини одамларга эзгу сўз айтиш, руҳиятига тозариш, қалбига тўғрилик, меҳр, эзгулик ва одамийлик туйғуларини сингдиришдек олижаноб ишга бахшида этиб келаётган, устоз ижодкордир.
Хусусан, “Бир кўза олтин”, “Чўлда булбул сайради” (1994 й.), “Ажабтовур болалар” (1997), “Жалолиддиннинг шамшири” (1999 й.), “Тонгга қучоқ очаман” (2000 й.), “Маърифат чаманзори”, “Юлдузлар жамоли” (2005 й.), “Она қишлоқ соғинчи” (2006 й.), “Қанотли дўстлар” (2008 й.), “Қушлар хониши” (2009 й.), “Гул шохида капалак”(2015 й.), “Тафаккур офтоби” (2019 й.) деб номланган йигирмага яқин китоблари ва айниқса, пойтахт нашриётида “Ғунчалар” номи остида нашр қилинган сайланма асарлар тўплами Оллаберган Пўлатовни ўзбек болалар адабиётининг ўз сўзи ва овозига эга бўлган таниқли вакили, устоз шоир сифатида намоён этди. Болалар шоири 2023 йил вафот қилди.
О.Пўлатовнинг халқ таълими соҳасидаги, шунингдек, Янгиариқ тумани “Машъал”, Хонқа тумани “Шонли меҳнат” газеталари таҳририятларидаги кўп йиллик ижодий ва ташкилотчилик фаолияти ҳам таҳсинга сазовор.
Оллаберган Пўлатовнинг миллий журналистикамиз ва адабиётимиз ривожига қўшган ҳиссаси, эл-юрт олдидаги хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони билан тақдирланган.