ШОИРНИНГ ОНАСИГА ҚАСИДАОнажон, тан олдим, қисматимиз шу,
Боримни айтмадим бўлмай деб кулгу.
Сен ҳануз мактабдан бери келмадинг,
Мен эса ароққа қўйганман ружу...
Онажон, тан олгин, қисматимиз шу!
Онажон, билмадинг, руҳим осмонда
Тиланчи жисмимни қиларди мазах.
Ҳавойи сўзимга яна ишондинг,
Қалтироқ қўлимга пул тутқаздинг, ваҳ!
Онажон, билмадинг, руҳим осмонда!..
Онажон, билмаслар, мен нечук ёлғиз,
Нечук кечалари уйқум ўчадир.
Мазлумларни кўрдим, ватансиз, ёрсиз,
Тўкис қоринларга кўзим тушадир.
Онажон, билмаслар, сен нечун ёлғиз?!
Онажон, эртакдир рўйи замин ҳам,
Ўзин ёлғонига ишонар дунё.
Аслимни қидириб чарчадим мен ҳам,
Оқибатни кутиб толиқдинг гўё.
Онажон, эртакдир рўйи замин ҳам!
Онажон, кўнглимнинг олис ерида
Уйча бор, дарахт бор, тонг бор, туман бор,
Сен борсан онажон, отам ва укам.
Ташқарида эса менинг нимам бор,
Болалигим каби беғубор, кўркам?
Жаннату дўзах бор, Худо ва шайтон
Аро тортишувнинг қурбони банда,
Умрини совуриб чўпчаклар учун,
Сўнгги нафасини олаётганда
Жаннату дўзах бор, Худо ва шайтон!
Онажон, тан олдим, пешонам кенгу
Ёздиғида сенинг дийдоринг оздир.
Авваллари мени суянчим дердинг,
Эшикка суяниб қолдингми ҳозир?
Кўзингга ёш олиб, нохос ўксиндинг,
«Шоир туғмай ўлай», деётгандирсан.
Одамлар бир-бирин бошини ейди,
Сен-чи, ич-этингни еётгандирсан.
Онажон, тан олгин, қисматимиз шу!
Мана, тун мўралар пойтахтга секин,
Эл-улус боғларга тошиб чиқади.
Болалар қулликдан қутулди, лекин
Оталар, оналар мангу чидади.
Онасин йиғлатган номард йигитнинг
Иккитасидан бири шоир чиқади.
Онажон, тан олгин, қисматинг қалтис,
Шамол ҳам уйингнинг томин кўчирар.
Бир йилда бир ёққан ёмғир ҳам, ҳатто,
Бахтнинг китобидан номинг ўчирар.
Онажон, бор гапни ёзишга қоғоз
Ва айтиб беришга етмас ҳаётим.
Самарқандга қараб этгани парвоз
Калталик қилади вақтим, қанотим.
Таълим беришинг, бу — овунмоққа важ,
Ўзни оқлаш эрур менинг ижодим.
Онажон, дунёда энг гўзал коллаж —
Сенинг жилмайишинг, менинг муродим.
Сенга ичганимдек бир пайтлар қасам,
Ёки қолдиргандек умид тўла хат.
Мен қайтаолмайман шоир бўлмасам,
Мен ўлаолмайман топмасам фурсат.
Мен ёзаолмайман чекмасам озор,
Мен севаолмайман кечмасам хатар.
Қишлоқдан чиқмаган шоирлар ҳам бор,
Худбинлар ҳам бор-ку мендан беш баттар.
Оналар ҳам бор-ку сендан бахтсизроқ,
Фарзандин йўлини пойлаган мангу.
Кўча учун мени туғмадинг, бироқ,
Онажон, не қилай?... касбу корим шу!
Бек АЛИ
2021 йил. Июль.
Тошкент.https://t.me/bek_ali_ijodi