Кейин очиғини эримга айтдим, телефонидан кирганимни, у ерда қизлар билан гаплашишини айтганимда тан омадилар, охири кириб ўзларигакўрсатдим, "Мана шу гапларни сиз ёзгансизку, гаплашгансиз қизлар билан” деб айтганимда, тан олиб, "Бошқа қайтарилмайди, бу шунчаки ёзилган гаплар, зерикканимдан кирганман” дедилар. Бундай ишларни бошқа қилмасликка сўз бердилар. Яна орадан анча вақт ўтиб кетди. Эрим тўйимиздан олдин бир қиз билан учрашиб юрган эканлар. Ота оналарини совчиликка юборганларида у қизнинг оиласи қайнонамга маъқул келмаган экан. Ўша қиз билан тўйдан кейин хам анча пайтгача гаплашиб юришган экан. Кейин у қиз билан орани очиқ қилдилар. Энди эримга ишониб, яхши яшай бошлаганимизда, эрим яна шу қилиқларини давом эттираётганликларини билиб қолдим. Бу орада анчасини билдим, уйда жандал хам бўлди, хатто аразлаб уйимга хам кетиб қолдим. Эрим бориб қайтариб олиб келди. Мана яқин 1 – 2 ой ичида бўлаётган воқеа.. Эрим бир қиз билан ўтган йилдан буён гаплашарканлар, унинг исми Лола экан ( исм ўзгартирилган) У қизнинг телефон рақамини билардим, чунки эримга ишончим қолмаган эди умуман, телефонларини текшириб юрардим. У қизнинг рақамини эримни телефонига ватсапдан хабар келганида кўрган эдим, ўшанда "қачон қўнғироқ қиласиз, жоним?” деган хабар келганди. Ўшанда шу рақам ёдимда қолганди. Эрим бир куни хонада телефонини қолдириб чиқиб кетганида, қўнғироқ бўлди, қарасам айнан ўша рақам, телефонни кўтарсам овозимни эшитиб қўйиб қўйди. Кейин қайта - қайта қўнғироқ қилдим ўша рақамга, олмади. Бир оз вақтдан кейин ўша рақамдан бир йигит қўнғироқ қилиб, "Нега бу номерга телефон қиляпсиз, бу менинг номерим” деди, унга бу номер уники эмаслигини, у бир қизнинг рақами, уни исми Лола, танийман уни деб айтдим. Эримни 1 – 2 маротаба тушида алахсираб, у қизнинг исмини айтиб чақирганини билардим. Хаттоки, мен билан гаплашиб туриб хам Лола деб юборган пайтлари бўлган. Ўзимни билмаганликка олардим, лекин жуда хам оғир ботарди. Бир куни уйда яна жанжал бўлди, эримга шу қиз билан юрар экансиз, қўнғироқ қилди десам, иш юзасидан эди у дедилар. Иш юзасидан бўлса, нега унда телефонни мен кўтарганимда, тўғриликча ишим бор хўжайинингизда, чақириб беринг демасдан, қўйиб қўяди десам, барибир тан олмадилар. Кейин орадан яна вақт ўтди. Шу мавзу очиқлигича қолиб кетди. Озгина вақтдан сўнг, яна улар гаплашишаётганини билиб қолдим. Энди бу сафар улар одноклассники сайти орқали топишишибти. Бир куни мени яқин орадалигимни билмасдан, ўша қизга телефонда «Энди одноклассники орқали гаплашамиз, бир қанча муддат телефон ва ватсап орқали гаплашмай турамиз, фақат ўша сайт орқали гаплашамиз» деб бемалол гапирдилар. Сўнг пойлай бошладим, бир куни эрим одноклассники сайтига кириб, ўша сайтни ўчирмай чиқиб кетибтилар, қизиқиб кирдим, чунки жуда қийин ахволда эдим. Нима қилишни билмай юргандим, орада боламиз бор, мана бир ёшга кирди, халигача шу қилиқларини давом эттиряптилар. Мендан нима айб ўтаётганини билолмасдим. Кириб гапларини ўқидим, ишонсангиз, мени кўчага таклиф этмайдиган одам, у қизни кино, концертларга ва бошқа хар хил жойларга олиб борар эканлар. Ўртоғим билан тушаман дегандилар менга, шу қиз билан бирга тушишган экан. Ўша ерга ёзилган гапларни хаммасини ўқиб чиқиб, бу хақида эримга айтишнинг фойдаси йўқлигини тушундим, чунки барибир тан олмайдилар. Кейин бир куни ўзлари айтдилар: "Мен у қиз билан шунчаки иш юзасидан гаплашганман, ўқишини хал қилиб берганимда танишиб қолганмиз, орамизда хеч қандан гап сўз бўлмаган” деб мени алдадилар. Майли шунда хам ярашишга харакат қилиб ёлғон ишлатяпти деб кечиришга харакат қилдим. Энди бўлса иккиланяпман, чунки кўнглим хамма нарсадан совиб бўлган. Хатто эримнинг оиласидан хам, менга муносабатлиги жуда ёмон, мен эса айбимни халигача билмайман. Орада бола бор, шу хам эримни тўғри йўлга қайтаролмади. Хозир юрмайман, гаплашмайман деб айтади, лекин тўғрисини айтсам, эрим билан бирга бўлишга хам хатто кўнглим бормайдиган бўлиб қолган. Кўнглим совиб кетган хаммасидан. Эримга ишонмаяпман, нима қилишга хайронман.