КИТОБ ЎҚИШ ҲАҚИДАФурсатдан фойдаланиб,
шайх ҳазратларининг китоб ўқишдаги тажриба ва тавсияларидан ҳам эслаб ўтсак. У киши китоб ўқиш учун кундалик дафтар тутишни тавсия қилар эдилар. «Ҳар бир китобни бошлашда ўша кунни дафтарга қайдлаб қўясиз. Китобда тушуна олмаган, савол туғилган ўринлар учун ҳам дафтарга ишора қўйиб борасиз. Бирор жумла ёки гапни тушуна олмасангиз, кўп ўйланиб вақтни кетказмаслик керак, вақти-соати келиб, бирор жойдан ўша гапнинг содда ифодаланган шакли чиқиб қолади, жумбоқ ўз-ўзидан ечилади. Кейин китобни тугатган санангизни белгилайсиз. Шунда қанча ва қайси китобларни ўқиганингиз кўз ўнгингизда бўлади. Бу ҳолат сизга янада шижоат беради», деган эдилар.
Шайх ҳазратлари ҳар бир ишда тартибли бўлиб, вазифаларни маҳкам тутиш лозимлигини ҳам таъкидлардилар. «Бир ишга ўзингизни бир муддат мажбурласангиз, ўша нарса сизга одатга айланиб қолади, кейин ўшани бажармасангиз, уйқунгиз келмайдиган бўлиб қолади», дер эдилар. У зот китоб ўқиш ҳақида яна «Бугун китоб ўқиган одам кечаги одам эмас-да», деб қўярдилар.
Бир куни ҳазрат билан бир жойдан келаётиб, «фоточтение» тез ўқиш усулларидан бири ҳақида сўрадим, чунки ўша кунлари шу мавзуда бир китобчани ўқиётгандим. Устоз: «Бу каби усуллар ҳар доим ҳам муваффақиятли бўлавермайди, матн эсда қолса ҳам, бошқа жиҳатларда нуқсон бўлади, масалан, фикрлаш етук бўлмайди. Ундан кўра ўзимизнинг ўқишимиз яхши», дедилар.
Яна бир куни ҳазратга ўқиётган китобларимиздаги кўп гаплар ёддан чиқиб кетаётганидан шикоят қилгандек бўлдим. Шунда устоз: «Ўзи шунақа бўлади. Бир маълумотни бир китобда кўриб, кейин шу бўйи ўқимасангиз, эсингиздан чиқиб кетиши осон бўлади. Агар ўша маълумотни бир сафар бу китобда, кейин бошқа бир китобда, бир муддат ўтиб, яна қайсидир асарда ўқисангиз, ана шунда хотирада яхши қолади», дедилар. Шу боис, китобларда айрим маълумотларни такрор ўқишдан малолланманг, бу ҳам сиз учун фойда. Бир маълумотни битта китобда такрор ўқигандан кўра, бошқа-бошқа асарларда ўқиш унинг ёдда яхшироқ сақланишини таъминлайди.
Шайх ҳазратлари: «Бир мавзу ҳақида қайси китобда қандай маълумот борлигини эслаб қолишнинг ўзи ҳам катта ютуқ, жуда батафсил эсда қолмаса ҳам майли. Керак бўлганда дарров излаб, топиб оласиз», дердилар. У киши яна: «Бир нарсани ўқисангиз, қанчадир қисми эсда қолиб, қолгани эсдан чиқади. Агар ўшани ўқиш билан бирга ёзиб ҳам чиқсангиз, анча кўпроқ қисми ёдингизда сақланиб қолади. Аммо маълумотни эсда сақлашнинг энг юқори даражаси ўша мавзуни кимгадир дарс қилиб ўтишда экан. Дарс берсангиз, ҳам яхши уқиб оласиз, ҳам эсда сақлаб қоласиз», дегандилар. Шунга кўра, ўқиган китобларингизни фарзанд-набираларга тушунтириб борсангиз, олган маълумотингиз хотирага мустаҳкамроқ жойлашади.
Ҳазратнинг китоб ҳақида айтган яна бир гаплари бугун жуда ҳам муҳим: «Ҳозирда одамлар манави телефон ва шунга ўхшаш жиҳозларда узуқ-юлуқ маълумотларни ўқишга ўрганиб қолишяпти. Тўғри, бунда ҳам анча-мунча илмга эга бўлиш мумкин. Аммо китобнинг ўрни бошқа. Китобда муаллиф аввал муқаддима ёзади. Унда ушбу асарда қайси мавзуда ва нималар ҳақида сўз боришини баён қилади. Кейин ўзи ёритаётган мавзунинг тарихидан гап бошлайди ва аста-секин асосий нуқтага етиб боради. Сўнг эса керакли хулосаларни бериб, сўзига хотима ясайди. Шу боис, китобни бир четдан ўқиган одам билан у ер-бу ердан маълумот ўқиб юрган одамнинг орасида ер билан осмонча фарқ бўлади. Ҳаккам-дуккам маълумотларни ўқишга ўрганган одамнинг фикрлаши ҳам ҳаккам- дуккам бўлиб қолади, бир нарсани гапирсангиз, атрофлича фикрлай олмайди».
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биргина нарсани зиёда этишни сўраб дуо қилишни буюрган. У ҳам бўлса, илмдир.
«Роббим! Илмимни зиёда қил!» деб айт» (Тоҳо сураси, 114-оят).
Аллоҳ ҳаммаларимизнинг илмимизни зиёда қилсин ва манфаатли айласин!
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
@Shuhrat_Ali_blogi