SHODMONQUL SALOM


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Books


Ушбу каналда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Шодмонқул САЛОМнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақида фикрлари, хулосалари, иқрорлари ва албатта оташин шеърлари ўрин олган!
Murojaat: @ShodmonqulSALOMbot

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Books
Statistics
Posts filter




☆☆☆
​​​​Ориповга ҳавас қилардим,
Ўртар эди мунгли ноласи.
Ўтмас пичоқ бўғзим тилишин
Қайдан билай қишлоқ боласи.

Ҳайратларим учди ҳавога,
Саробмидинг, азим келажак?
Ҳаммасига етар-у фаҳминг
Бошқа гапни айтишинг керак.

Шоирларни отгали ўқим,
Кўрмоққа кўз йўқдир гоҳи – рост!
Йиғига зўр берган қизчадай
Шеър ёзишни билурлар холос.

Ким кўрибди бу тўнғиз дунё,
Куй тинглаган, рангларда ёнган?
Ҳеч ким билмас жодугар бу дев
Қачон гўдак ёшига қонган?

Навоийнинг саботин айтманг,
Ибрат эмас тақвонг, Саъди-ё!
Булбулларнинг юрак қонига
Пайтавасин ювгандир дунё!

Бахти кулган, беқайғу дея
Ориповга ҳавас қилардим.
Тунлар баднафс итлар галаси
Талар экан, қайдин билардим?!

Йўқ, мен шоир бўлмоқчимасман!
Ожиз қалам ва ғариб тилак...
Керак эмас ўзи тўймаслар
Таъна билан ташлаган суяк.

Йўқ-йўқ, шоир чиқмагай мендан,
Гўл боламас менинг юрагим.
Бойчечакни юлмоқчимасман,
Олислардан кўрмоқ – истагим!

Аё, зоҳид, йўқ, мен кибр этмам,
Чин тавбам бор Ўзига – бешак!
Аёлининг ўйнашига ҳам
Зар тўн ёпган тўйни этгум тарк!

Мардлар, алплар – зўр афсоналар,
Уларни ҳам шоирлар ёзган!
Гар яшаган бўлса ҳам улар,
Қиличида қабрини қазган.

Мардлар, эрлар – яшамаган, йўқ,
Чумолига таланиб ўтган.
Бу очкўзлар зиёфатидан
Туз ҳам тотмай ўтсанг бўларкан.

Эй, қўлимга қараган, дунё,
Қўлим тўла шамол ва ранглар.
Сен ҳимиллаб, терлаб ўлтиргин,
Чулғамайди сени оҳанглар.

Дод! Онани суйгани учун,
Ялтоқланиб айтгани-чун роз!
Милён йилки лабин ялайди,
Худо эса... берганди овоз!

Йўқ, мен шоир бўлмоқчимасман,
Кеч бўлса ҳам этакни ёпдим.
Сизнинг эсноқ ростингизданмас,
Ёлғонлардан бир ҳикмат топдим.

Англаб қолди юрагим менинг,
Ёлғонларни ўгирдим чиндай.
Бошин силаб бир етимчанинг,
Ҳамёнини ўғирлагандай.

Дод! Билурман, чин шоирлар бор!
Ҳа, шубҳасиз бор хабардир шеър!
Улуғ шоирларимни ютиб,
Қайтимига бизни бердинг, ер!

Сенга ўхшаб қолди шоирлар,
Менга ўхшаб қолди шоирлар.
Алиф каби келмиш эдилар,
Нунга ўхшаб қолди шоирлар.

Воҳ, бўғзимда бир булбул хордир,
Овқат тиқиб йўл бермас риё!
Ориповга ҳавас қилгандим,
Сенга тақлид қилмайман, дунё!

Саккиз миллиард ниқобли шарпа,
Қайси одам, қайси қул, дайди?
Телба бўлиб қолдимми десам,
Бирови отамга ўхшайди.

Бу ниқоблар савдолашмасдан
Юрагингни чўққа отарлар.
Бир овсарга “Нобель” тутқазиб
Сўнг юртига қўшин тортарлар.

Сабр, тавба, Ҳақни изламоқ...
Тушунсангчи, Худо – ердамас!
Ростин айтмоқ фарздир, эҳтимол,
Лек хўрланмоқ суннатдан эмас.

Қон кўксимга қўлимни босиб,
Деразага боқсам – тонг ёнар!
Юрагимда ўкирган шеърнинг
Нидосидан олам уйғонар.

Яшаб ўтиш керак – биламан,
Яшаб ўтиш одамларга хос.
Ичим йиғлар, ўзим куламан,
Ориповга ҳавасдан холос!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

681 0 10 4 34

*   *   *
Дилни домуллога ўқишга бердим,
Бир ҳарф ўрганмабди — ўттиз йилдан сўнг.
“Майнаси оч” деди, қайтариб берди,
Қайтариб келдим.

Бир полвон бобога олишга бердим,
Бир ҳадис билмабди ўттиз йил юриб.
“Илиги пуч” деди, қувиб юборди,
Овутиб келдим.

Ёвқур чавондозга қўшиб юбордим,
Ўттиз йил чангитди дала-қиримни.
Бир зот айирмабди ўттиз йил чопиб,
“Омади йўқ” деди, қўйиб юборди,
Етаклаб келдим.

Бир сулув қўлига бериб юбордим,
Гўдакдай опкетди, эркалаб, суйиб.
Ўттиз йилдан кейин изладим, топдим,
Иккови ҳам куйган, иккита куюк:
“Бахтимиз йўқ” деди, йиғлаб юборди,
Йиғлаб юбордим.

Эшикдан сирғалиб кирар шарпадай,
Дарчамдан оламга боқар ўкиниб.
Кўзига боқишга кўзларим қўрқар,
У ҳам қаролмайди, сўзлаёлмайди,
“Эй, Дил, айтгулиги(м)нг қолдими?”
Дейман ичимда...

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_Salom

953 0 14 14 65

Forward from: O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi
MUBORAK BO‘LSIN!

O‘zbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati raisining tegishli buyrug‘iga asosan taniqli shoir, O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi Shodmonqul Salom "Maʼnaviy-maʼrifiy ishlar aʼlochisi" ko‘krak nishoni bilan mukofotlandi. Mukofoni O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi, O‘zbekiston xalq shoiri Sirojiddin Sayyid topshirdi.

O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Axborot xizmati

790 0 29 41 89

УРУШ ВА ТИНЧЛИК

Асрлар чигилин ёзар урушлар,
Пирлар мозорида отлар дупури.
Фазо кенглигидан, дил торлигидан
Руҳимнинг қонлари кетар гупуриб.

Кўзи оч одамнинг ҳолига войлар...
Худо олдидаги нуфузимиз хор.
Искандар қиличин тутқичида ҳам
Инисин ўлдирган Қобил изи бор.

Урушлар, Авесто – ғазнамни ёқиб,
Белини қайирди буюк сабрнинг.
Урушлар хокини Қобулга элтди,
Битта гавҳаримнинг – Мирзо Бобурнинг.

Одамлик шарафин нордай кўтарган,
Ҳазрат Берунийга зиёрат қайда?
Урушлар Синонинг сирларин ютиб
Гумдон айлагандир қай овлоқ жойда.

Онам деб ўйлаган бешикда ётиб,
Мўғулга жилмайиб жон берган ўзим.
Жайҳунда бир олтин балиқни кўрдим,
У – Мангубердининг ғарқ бўлган қизи.

Тарихда юз йиллик бир саваш бордир,
У бошланган чоғда туғилган бир жон.
Эр етган, жанг кўрган, сулувлар суйган,
Ва ўлар чоғида кўринган осмон.

Йигирма саккиз йил урушда яшаб,
Одам ҳам ўлдирган, бўза ҳам ютган.
Шу ўғлон ўлётган чоғига қадар
Бир марта осмонга боқмаган экан.

Капалакнинг гулга ошиқлигин кўр,
Лол бўлгил ёмғирда чопганда гўдак.
Онасин миқиллаб эмган жужуқнинг
Лабидан томади нурли келажак.

Уруш! Сен нимани муддао қилдинг,
Сенда орзу йўқдир, йўқдир шаън, шараф.
Дунёнинг ҳисобин олганда қисмат,
Уруш – мағлубдирсан, мағлублар тараф.

Уруш! Қўлингдаги олов – маёқмас,
Бағдоди шарифдан ўрлаган тутун.
Қирқ йиллик ярамдир – Афғон, битмайди,
Яра битай деса чўқийди қузғун.

Уруш – муродсизлик, муроди – олтин,
Бебарор элларнинг қонин ютяпти.
Тарози – одилдир! Мана, Оврўпо,
Уни мазлумларнинг қони тутяпти.

Шоир юрагим бор, дарз кетган ёмон,
Дохилман эзгулик музофотига.
Темур бобом отин берса борардим,
Бирлашган Миллатлар ташкилотига.

Шукрки, Ватан тинч! Тинч бўлсин мудом,
Боғларимда булбул сайрасин хандон.
Қувончим, ҳасратим, кўзёшим томган,
Онажоним ётган табаррук макон.

Осуда тонгларда қўлга бериб қўл,
Болажоним билан боғча борамиз.
Дардимни айтмайман, у билан фақат
Қуш, дарахт, гуллардан суҳбат қурамиз.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM




БЕКАМ ЧЎПОННИНГ ЭШАГИ

Бекам даштда чўпон эди,
Зўр эшаги бор эди.
Кўрганларнинг кўзи қувнар,
Кимлар харидор эди.

Эти ҳаром, иши ҳалол,
Минган роҳат қиларди.
Лек аввалдан бир одати –
Қозиқни суғурарди.

Яйдоқ даштда қўй-қўзига
Эргашиб юрар Бекам.
Гоҳи излаб толар эди
Гумроҳ эшагини ҳам.

Бўрига ем бўлгур эшак,
Ем-тузни унутарди.
Бекам кўзи пана бўлса,
Қозиқни суғурарди.

Қочар эди адир ошиб,
Хуржунларни тушириб.
Жабдуқ, тўқим йўқоларди
Чўпон ишин ошириб.

Ўйлай-ўйлай чорасини
Топди охири Бекам.
Уй ортига, заранг ерга
Қозиқни қоқди маҳкам.

Эшак ҳайрон боқар эди,
Қозиққа-ю занжирга.
Фурсат пойлаб турарди шум,
Темир зулфни ғажирга.

Чўпон эса даричадан
Ток симини келтирди.
Бир учини қозиқбошга
Ечилмас қип илдирди.

Ўзи уйга кириб кетди
Ёмон эди истаги.
Зерикканча қолаверди
Шалпангқулоқ эшаги.

Тарки одат – амри маҳол,
Эшак ишин бошлади.
Ер искаб сўнг, темир зулфни
Тишлаб торта бошлади.

Чўпон шу дам сим учини
Ажал токка улади.
Ток эшакни отиб урди –
Ҳанграганча қулади.

Бир замонда турди эшак,
Бўғимлари қалтираб.
Қозиққа лол боқар эди
Икки кўзи ялтираб.

Шу-шу энди қозиғини
Суғурмайдиган бўлди.
Суғурмоқ не, бўшалса ҳам
Югурмайдиган бўлди.

Бекам хурсанд юрган эмиш,
Эшагини чоптириб.
Гоҳ ўйлайман шу чўпонни
Келсакмикан топтириб.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Forward from: SHODMONQUL SALOM
Video is unavailable for watching
Show in Telegram
ГОҲИ ШАЙБОНИЙМЕН, ГОҲИ БОБУРМЕН...

2004 йил
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Forward from: Абдулла Орипов шеърияти
10 январ - Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллуд куни

Абдулла Орипов

ОЙБЕК ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Қалби пок мардона элнинг,
Сен азиз фарзандисан.
Ганжу мулкка бергисиз эл,
Гавҳари, дилбандисан.
Ҳар калиманг маърифатнинг
Уфқида ойдек тўлиб,
Эл аро топдинг шараф сен,
Устоз Ойбек бўлиб.
Шан ҳаётинг одамийлик
Хайру софликдан нишон,
Чақнади шеърингда нурли
Эътиқод бирлан имон.
Гоҳ Навоий суҳбатингда,
Гоҳ Торобий, Йўлчи гоҳ,
Сен севикли даврим ўғли
Бегумон, беиштибоҳ.
Хизматингдан, ҳикматингдан
Элу юрт мангу ризо,
Ўчмагай, номинг асрлар
Сўнгидан бергай садо.

1986

✍ Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi


БОЗОРДА АДАШГАНИМ
Сурхонда, Шўрчининг чанг бозорида,
Адашдим, олти ё еттида эдим.
Онаизоримдан кетдим олислаб,
Мушфиқимни излаб изиллайвердим.

Саҳар вақт, молбозор аро совқотиб,
Бобом ва онамни қўйдим йўқотиб.

Шунда қўлим тутди мўйсафид бир зот,
Насаби жуз экан, бир чўпон авлод.

Отини Сулаймон деб танитдилар,
Қўйбоқар чол экан касбин айтдилар.

Мошгуруч соқоли тушмиш кўксига,
Кўзлари кулмасди – недан ўксиган?

Шу одам бир оми содда мусулмон,
Исмимни атади – Эй, мулло Шодмон!

Топармиз онангиз Тилло момони,
Суюнчига олай тилло дуони.

Кескан ош едирди, пулин тўлади,
Бефарзанд экан-да, умрим тилади.

Сўнг онамиз топди оралаб бозор,
Раббим! Унинг руҳи топмасин озор.

Магар ҳаёт бўлса, ажрим айлагил,
Яхшилар сафида олдин сайлагил.

Онам ва бобомлар мол сотган эди,
Бозори – Шўрчида, тонг отган эди.

Бобом кабоб олди, артди кўзимни,
Сўради: Асрагил, менинг қўзимни.

Онамнинг шодланиб порлади кўзи,
Ҳаётига қайтди маъноли рўзи.

Ҳайдарқул ҳожини қилдик зиёрат,
Ушбу суҳбатларга бўлди кўп фурсат.

Ўшал кунларимни эсларман бот-бот,
Шўрчи бозорига ўхшамас, ҳаёт.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

4.1k 0 33 10 74

Forward from: ?Usmon Azim
Ассалому алайкум, азиз дўстлар, қадрдонлар . Айрим техник сабабларга кўра канал фаолиятини юритишда муаммолар юзага келмоқда.
Шу сабабли каналимизни қайта очдик. (Ушбу каналдан барча постларни янги каналга кўчирамиз)
Барчангизни Ўзбекистон ҳалқ шоири Усмон Азим ижодидан баҳра олишга https://t.me/UsmonAzimijodi га таклиф этамиз.
Ноқулайлик учун узр сўраймиз.


***
Сўнгги кунларини яшаб олаётган,
Узилаётган баргнинг ҳолин билгани,
Чиққандим, хастадан хабар олгандай,
Қаёқдан билибман ...келганинг...

Шомдан сўнг, йўқ, кечроқ, тун чўккан эди,
Гўё аросатдай, вақт – синган пулдай.
Товушинг, нафасинг, бўйларинг келди,
Титрадим, тиз чўкдим – эрк теккан қулдай.

Ҳаётим поезддай тўхтади илкис,
Юрагим чайқалди, баргдай титради.
Ютсам – беморларга ҳаволар танқис,
Ютсам ҳам... ҳаволар етмади.

Кўксимда байроқдай шоир юрагим
Сенинг шамолингни билдиролмади.
Нега келганингни сезмади, бону,
Бу юрак қувончга улгуролмади.

Кўзларим ёдлади нигоҳларингни,
Қўлларим қўлларинг тафтини туйди.
Усти очиқ қолган кечани қучиб,
Менинг елкаларим ёмғирда куйди.

Кўзим қирғоғида тонггача қолдим,
Изларимга тўлди кўнгилнинг лаби.
Менинг бу ҳолимни билмади ҳеч ким,
Сенинг келганингни билмаган каби.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


ЧЎПОН ҲИКОЯСИ

Қор ялаган шамоллар
Ёмғир олиб қайтади.
Ёлғиз бўри увуллаб,
Тунга сингиб кетади.
Бесаранжом, домангир,
Инига олов кетган.
Жуфти-ю болаларин
Номардлар пулга сотган.
О, унинг маконини
Жони ичра жонини.
Замин-у осмонини,
Бутун бир ватанини
Номардлар пулга сотган
Бўри овулга яқин,
Қари итлар ҳид олар.
Бу овулда бир кучук
Туғилмиш — бўри билар.
Жондор олар кучукни
Кекса чўпон билади.
Кечалари яшириб
Напрачларга солади.
Ғингшийди ҳали гўдак,
Бўрининг боласидай.
Лек кўзида бир олов
Яшиннинг толасидай.
Буни бўри сезади,
Ҳар тун яқин келади.
Бир тўп галварс кўпаклар
Сурувга беркинади.
Чўпон билар бу тоғда
Фақат бир жондор қолган.
У ҳам ўлса онаси —
Шу тоғлар қасос олгай.
Ўқ бўшайди, ҳавода
Ажал ҳайрон муаллақ.
Пусиниб келар жондор,
Ажал қачон бўлса нақд.
Бўрининг кўзларига
Қараб, чидаб бўлмайди.
Ўлса, аламдан ўлар,
Йўқ ажалдан ўлмайди.
Жондорнинг ҳасратидан
Кекса чўпон вайрон, лол:
Мен бефарзанд одамман,
Кел, менинг бўғзимдан ол.
Нигоҳлар сўйлашади,
Аламлар бўйлашади,
Чол милтиққа суянган,
Бўри ғамга таянган.
Бир ватандан айрилган,
Бир ватансиз қариган.
Нигоҳлар тиллашади,
Туйғулар сирлашади.
Худди қадим дунёдай,
Худолар бирлашади.
Чол ўртанар, жондорсиз
Хосиятсиз бу тоғлар.
Бўрининг кўзларида
Эгасиз турар доғлар.
Мен сўнги одам эмас,
Бу эса сўнги жондор.
Бўри англар, бу чолнинг
Йўқлик деган ками бор.
Чол ва жондор тонггача
Киприк қоқмай турарлар.
Сўнг қорда из қолдириб,
Икки томон юрарлар.
У чол марҳум. Лек тоғда
Ҳануз чўпонлар юрар.
Мол йўқотган кишилар
Бўри галасин кўрар.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Мусаввир Мақсуд Холовга!

***
Бир карвон келяпти Дашти Қипчоқдан,
Бўйнида қўнғироқ — менинг тилимдир.
Унга эргашмагил савдойи шамол,
У менинг кечмишим — ўтган йўлимдир.

Бир карвон келмоқда Дашти Қипчоқдан,
Тарих — ёлғонлардан зериккан Илоҳ.
Уни тавоф этиб, бир рост айтайин,
Менга юрак беринг, Шайбоний бобо.

Бир карвон келяпти Дашти Қипчоқдан,
Норларга ортилган динлар, имонлар.
Икки алп дарёни мешларга жойлаб,
Оқинларда оқиб келар достонлар.

Ёлғон урҳо-урга менда лузум йўқ,
Хино-ла чизилмас харита Ватан.
Бобур қаламидай одил лаҳзалар,
Менга Ватанимни қайтариб берган.

Бир карвон келяпти Дашти Қипчоқдан,
Энасой ёд билар аллаларини.
Тарихни чақирманг, тарихга боринг,
Зиёрат этгайсиз қалъаларини.

Мен бир айтгувчиман, созимни чалдим,
Бунга Қошғарийнинг изоҳи керак.
Оқ байроқ кўтарган асрлар билан,
Қанот қоқолмайди мендаги тилак.

Бул туркий арк узра ўзбакий сўзим:
Шумердан мактуб бор — авлодлар очсин!
Шоир юрагини ўртага қўйди,
Юраги йўқ навкар йўлимдан қочсин.

2007 йил

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


"ШАЙБОНИЙХОН"
Мусаввир Мақсуд Холов асари

@Shodmonqul_Salom


ҚИШ

Кекса кампир ун элар,
Келинларни шошириб.
Илоҳий тухумларни 
Оқ супрага яшириб.

Йўлларнинг четларида
Мактабдан қайтар излар.
Сумкада қор, билмасдан
Қайтиб келяпти қизлар.

Ўзи билмай улғаяр,
Нигоҳлар — ўт, камалак.
Қизларнинг сийнасини 
Ўстиради яхмалак.

Қорбобонинг бурнини 
Ғуломқуён еб қочган.
Қорнинг жим-жит шовқини
Пок юракларга кўчган.

Токчаларда гултувак,
Меҳмон қиздай жим, ҳайрон.
Печка турар гуриллаб,
Мезбон чолдай меҳрибон.

Уйларнинг мўрилари
Қўшни уйга боқяпти.
Янги тушган келинчак
Қорда гилам қоқяпти.

Ёнбошлаб ётар дала,
Кетмон таътилга чиққан.
— Томдан тушгин,  ҳей бола,
Авайла, йиқиласан.

Урчуқдаги сўзондан 
Эртак тўқийди кампир.
«Муродга етмай» бола 
Ухлаб қолди барибир.

Шундан бери ухлайман,
Шундан бери умрим туш.
Бу муродли уйқудан 
Уйғонгим келмас эмиш.
Кекса кампир ун элар…

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Найқамишдай тани титради аввал,
Аввал дарахтларга ўхшаб кўринди.
Қўллари қўлимга бергунча савол,
Кўзлари кўзимга ўрганди...

Бўлди! Бошқа сир йўқ, тан жимирлади,
Бўлди! Сониялар тушди отидан.
Қараб туриб мени асраб қолмадинг,
Худойим, шу гулнинг талофатидан.

Энди нима қилдим, нималар қилдим,
Сув остида тошлар бўлсам қанийди.
Изларини боссам, товоним куяр,
Шамолин юрагим танийди.

Қани билмасайдим, танимасайдим,
Эслолмасам эди рақамларини.
Кеч қолган бўлсайдим ёки келмаган,
Илғамасам эди қадамларини.

Билмай рўйхатидан тушириб котиб,
Ё ўзим билдирмай тушган бўлсайдим.
Фақат бу ердамас, шу пайтда эмас,
Ўзга бир манзилни обод қилсайдим.

Бир кун олдинроқми, бир кун кейинми,
Қани кесишмаган бўлсайди йўлим.
Фақат унга эмас, бир унга эмас,
Бошқаларга салом элтсайди қўлим.

...ҳаммани таниган ҳилолдай олис,
Ҳеч ким яшамаган қисмат бошимда.
Мени юрагимдан осдинг, Художон,
Муҳаббат ёшимда, шоир ёшимда.

Шундоғам изтироб шаклида эдим,
Тескари келгандим тегирмонига.
Юракни уйғотиб, мени ухлатиб,
Исмин ёзиб қўйдинг устихонимга.

Киприги кўксимга соя солган шом,
Юришни эслатиб оёқларимга.
Унинг зулфларига қўлларим етиб,
Юрак томган эди бармоқларимдан.

Йўл ўзи бормиди, тугаганмиди,
Нечун келганимни эслатгин Оллоҳ!?
Битта нигоҳидан авлиё бўлди
Учгача санашни билмаган дунё.

Мезондай сирғалиб, ёмғирдай сизиб,
Кетди! Кўкрагимга беркинди жоду.
Ёнган сари ёнар бир ўтдаман мен,
Ё Раб! Шундан сўнг ҳам қиёмат борму?!
Тани найқамишдай титраган эди...

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Туғилиш бир баҳона – ўлмоқ учун!
Кўҳна ўзанга сувлар тўлмоқ учун.
Бандасига хизмату ҳиммат қилиб,
Яратганнинг кўнглини олмоқ учун!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

3k 0 18 9 42

Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби, шоир Шодмонқул Салом таваллуд топган кун!
Ўқувчиларимиз номидан шоиримизни қизғин табриклаймиз!

@Shodmonqul_SALOM

3.2k 0 27 51 119

БУ ДАШТЛАРГА...

Азиз Онажоним
хотирасига!

Бизнинг даштга баҳор эрта келар эди,
Оқ турналар азиз қўшни бўлар эди.

Ёнбошлаган яшил чопон бобо қирлар,
Елкасига миндирарди айтиб сирлар.

Ёмғирларнинг энтикишин тинглардим мен,
Шамолларнинг ташвишини англардим мен.

Онажоним шамол каби кезар эди,
Тандирга нон ёпиб, офтоб узар эди.

Меҳрибоним булут билан диллашарди,
Ёмғир тинар, сўнг ғилминди қилишарди.

Қора саҳар оқ ниятлар элар эди,
Мактабхалтам орзу билан тўлар эди.

Олти болам – олти шаҳар дер эди-да,
Олти ёшда етим қолган ҳур эди-да...

Ёниб чироқ, туриб туёқ бўлсин, дерди,
Мен кам дедим, хирмонларинг тўлсин, дерди.

Ўқиш-ёзиш билмас эди – тақдир қисган,
Бу дунёнинг тошлоғида гулдай ўсган.

Шаҳид кетган оғасини қўмсар эди,
Чорижондан тирноқ йўқ, деб эслар эди.

Қиёматга уч кўза сув ғамлаганди,
Тақдир уч бор «болам»латиб алдаганди.

Отам эса сукунатнинг ўғли эди,
Етти яшар гўдак каби тўғри эди.

Уйимизга меҳмон эди қалдирғочлар,
Шомни ирим қилишарди симёғочлар.

Дилгир онам ун гардларди бойўғлига,
Кафтларидан сир оқарди тун бағрига.

Тушларимда камалаклар яшар эди,
Тилларимга ҳар кун бир сўз қўшар эди.

Оппоқ сутнинг қаймоғидай оқ тонгларда,
Гул кўнглимни чўмилтирган ул онларда...

Меҳр эмиб менинг кўнглим катта бўлди,
«Алпомиш»лар, «Кунтуғмиш»лар ёдда бўлди.

Сўнг танишдим саволи кўп олам билан,
Ўзим билмай хайрлашдим онам билан.

Чиқиб кетдим мен меҳрнинг меҳваридан,
Жудо бўлдим коинотим гавҳаридан.

Тандирдаги нонқўйгичда қўлин изи,
Худойим-эй! Қани ўзи, қани ўзи?..

Қўзигулдай тоза кўнглим бор эди-я,
Полвон онам, султон онам бор эди-я...

Онагинам ёмғир каби ёғиб ўтди,
Азим дунё бир томонга оғиб кетди.

Билдим: умр охири йўқ соғинишдир,
Ва ё онам эккан тутдан учган қушдир.

Юрган эдим ғам ҳақида шеърлар ёзиб,
Лек билмасдим қандай бўлар ғамнинг ўзи.

Она, сенинг борлигингдан шоир бўлдим,
Йўқлигингдан ғам селида тойир бўлдим.

Тол бешиклар кўкрагингга ботгани-чун,
Тол таёқлар кўкрагимга ботди бугун.

Қаро ерни қайириб босиб юрмадинг-а,
Сенсиз қувонч татимади, кўрмадинг-а...

Нени орзу қилиш керак, билмайдирман,
Ёлғончида энди орзу қилмайдирман.

Лопиллаган тобутингда кетди борим,
Куйиб-тутаб кетаётир ушбу шеърим.

Қизалоғим чеҳрасидан излагайман,
Тополмайман, кулиб туриб бўзлагайман.

Дейман: «Момонг кўкка учди – юлдуз бўлди»,
Тонгда дейди: «Момо, келинг, кундуз бўлди».

Тўн қависа, чирозлари шеър эди-я,
Шоир онам, чевар онам бор эди-я!

Онажоним шамолдайин елиб ўтди,
Мард келганди, мард яшади – ғолиб ўтди.

Эй, ёронлар, юрганимга ишонманглар,
Шеърлар айтсам, тирик, дея қувонманглар.

...Бу даштларга баҳор эрта келар эди,
Турна учса, дил ҳавасга тўлар эди.

Энди сира учгим келмай қолган менинг,
Орзуйимни замин ютиб олган менинг.

Энди кўзим кўкка ёниб боқолмайди,
Ерни суйган одам қанот қоқолмайди.

Бу ер бир пайт оддий тупроқ маскан эди,
Илдиз отдим – Она деган Ватан энди.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

2.9k 0 29 21 76
20 last posts shown.