ШОИР
Лўттивоз жўралар, сатанг хонимлар,
Ташаккур! Ҳаётнинг фаҳмига етдим!
Даламни соғиниб юрагим йиғлар,
Мен сиздан зерикдим. Қишлоққа кетдим!
Шоирлик урф эмас ҳозир, биламан,
Не қилай, кўнгилни қўймайди ҳавас.
Бугун савдогарнинг даври гуллаган:
Песи бўлса ҳамки “Мерс”и бўлса бас!
Ивиган ипакдек чувалар мезон,
Димоғ ўрилган ўт ҳидини туяр.
Довон ўнгирида жайдари деҳқон
Олдимга тўрлаган қовунни қўяр.
Гувала ўчоқда ҳабашдай қумғон
Томоғини йириб қилар ғарғара.
Хижолат аралаш камсуқум мезбон
Белбоғин тўшайди: нони қоп-қора.
Адабий гапларни тушунмайди у,
Фақатгина, “раҳмат, ота”, деёлдим.
Дилимда уйғонди туғишган туйғу:
Олифта шеърларим учун уялдим.
Қишлоқда қўшқўллаб кўришар бари,
Бегона ҳурмат бор нигоҳларида.
Торайган бўтанасув ариқлари,
Ажриқлар ҳурпайган қирғоқларида.
Узоққа кетгандим ўзимни излаб,
Беҳуда иш экан, англадим, билдим.
Бир пайт назаримга кирмаган қизлар,
Иқболим ахтариб сизларга келдим.
Сиз менга ишонинг, сиз мени севинг,
Ўйлагани қўрққан ўй – сирингизман.
Эрка боласиман шу оғир элнинг,
Мен сизларнинг ошиқ шоирингизман!
Битта қўшиғини куйлар бедана,
Қовоқдан жонсарак излайди қўноқ.
Мен сизни куйлайман яна ва яна,
Майлига, десинлар: маддоҳ ва нўноқ.
Кўсакқуртдек семиз, танбал, ялтироқ
Шундай тоифа бор – бўлганман улфат.
Еганда ўз ғамин ейдилар кўпроқ,
Мен ичу этим еб, чекканман кулфат.
Майли, омон бўлсин ёмон бўлса ҳам,
Шулар бор, зерикиб қолмайсан сира.
Фақат башарасин эслаганинг дам
Кўнгил ғаш тортади, дил бўлар хира.
Сиз заҳмат фарзанди, меҳнат асири,
Укангиз, акангиз, дўстингизман мен.
Каттамнинг кетмонда битган асари,
Сизнинг айтолмаган сўзингизман мен.
Бугун қошингизда дардим дастурхон,
Юрагим қовундек сўяман ҳозир.
Минг хижолат чекиб, ғўра ва нордон
Шеъримни нон каби қўяман ҳозир.
Ижозат, бўз тупроқ кечайин мен ҳам,
Бўйинбоғим отиб келганман атай.
Сопол косада чой ичайин мен ҳам,
Китобимни ёқиб қумғон қайнатай.
Ўзинг баҳо бергил, яратгувчи эл!
Сенинг фармонинг ҳақ, сенинг амринг ҳақ.
Овозсиз, қоғозсиз дардлашайлик, кел,
Мен сенинг шоиринг, жабрдийда халқ!
✍️ Иқбол МИРЗО
@sheriat_olami