Садақа кимларга берилади?
Садақа аслида сидқи дилдан қилинган яхшиликдир. Садақани кўпчилик гадоларга бериш деб тушунади. Аслида, унинг маъноси кенг. Бировга яхшилик қилсангиз, шу ҳам садақадир. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларидай: "Мўминнинг мўминга табассуми ҳам садақадир".
Абу Зарр Ғифорийдан:
– Қайси садақа афзал? - деб сўрашди.
– Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмайсиз, – деб жавоб берди. Яна сўрашди:
– Агар кишида яхши кўрган нарсаси бўлмаса-чи?
– Молининг ортиқчасидан садақа қилади.
– Унда мол ҳам бўлмаса-чи?
– Таомнинг озгинасидан садақа қилади.
– У ҳам бўлмаса-чи?
– Қуввати билан ёрдам беради. Гар яримта хурмо бериб бўлса ҳам садақа қилинг ва дўзахдан сақланинглар.
Садақани, аввало, яқинлардан бошлаш лозим. Садақанинг фазилатлари кўп. Ҳадисларга кўра, садақа балони қайтаради, кўнгилни поклайди, гуноҳларга каффорот бўлади. Садақани бегонага беришда ҳам эҳтиёт бўлиш зарур. Тиланчиликни ўзига касб қилиб олган кимсаларга садақа берилмайди. Тиланчида бир кунга етадиган озуқа борлигини билиб, унга садақа берган киши гуноҳкор бўлади. Садақа закотдан фарқли ўлароқ ихтиёрий бўлиб, уни ҳатто ғайридинга ҳам берса бўлади. Аёл киши оиласи ёки ўз мулкини отиб, садақа беришидан аввал эри билан маслаҳатлашиши, у рухсат берса сўнг садақа бериши хайрлироқдир. Шубҳасиз, садақа ўз эгасидан қабрларнинг оташини ўчиради. Фақат чин мўмингина қиёмат кунида садақасининг соясидан соя топади. Садақа Аллоҳ ризоси учун бўлиб, у савобини Аллоҳдан кутган бандани оташдан тўсади.
"Обидлар йўли" китобидан.
https://t.me/sayyid_baraka