ҚАДРДОНЛАРИМГА...
Билмайсиз – кўнглимдан ўтказдим нени,
Билмайсиз – нимани ўйлар кўзларим.
Гарчи йўқотмаган эдингиз мени,
Мени интернетдан топган дўстларим.
Меҳр кўзда дерлар, ростми бу сўзлар,
Шартмиди кўзларга тушиши кўзлар?
Унда нега бунча самимийсизлар,
Мени интернетдан топган дўстларим.
Ўзим ҳам кимнингдир ортидан чопдим,
Ким учун кўнглимнинг эшигин ёпдим.
Сиз меними ёки мен сизни топдим,
Мени интернетдан топган дўстларим.
Асли биз хизматсиз дўстга айландик,
Ҳеч қандай тилхатсиз дўстга айландик.
Муҳими – миннатсиз дўстга айландик,
Мени интернетдан топган дўстларим.
Аяйсиз, чин сўзни канда қилмайсиз,
Хатоларим баъзан кўзга илмайсиз.
Яхшиманми, ёмон – буни билмайсиз...
Мени интернетдан топган дўстларим.
Барчамизни Аллоҳ ўзи асрасин,
Чин юракдан чиққан дуо асрасин.
Сизни йўқотишдан Худо асрасин,
Менинг интернетдан топган дўстларим!
Kanalga obuna bo'lish:👇👇👇@RESPUBLIKA_FILOLOGLARI