Habibiy 🫀


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Telegram


Сенга бу дунёда етолмасам мен,
Нарги дунёйимда сўраб оламан…
Керак бўлсам: @habibiyman

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Telegram
Statistics
Posts filter


Менсизлик қийиндир сенга аслида…


Forward from: Xurshid Abdurashid
Талабалик дафтаридан

ЭШИТЯПСАНМИ...

Олийгоҳ....
Маъруза...
Эшитяпсанми?
Орқа партадаги юрак зарбини.
Сен илк бор ўргандинг шу маърузада
Улкан муҳаббатнинг кичик ҳарфини.

Қизларнинг шовқини...
Йигитлар сўкар,
Булар — иккимиздан бегона дунё.
Улар бошқа гуруҳ бўлиб ўқийди,
Бошқа гуруҳдамиз иккимиз гўё.

Парталар оралаб синфхонанинг
Шовқинида сузар сезилмас севги.
Манави нигоҳга қараб тўймайман,
Секин жилмаяди.
Бу қандай белги?

Дарс эса давомлар...
Ёз, чиз ва тингла....
Норизо овози келди устознинг.
Бир онда ўзгарди шундоқ манзара,
Мен эсимдан оғдим...
Сен эса ёздинг.

Дарслар тугаб кетди....
Танаффуслар ҳам,
Соғинчларнинг охир келдими гали?
Сабоқдошлар ҳам йўқ.
Сен ҳам узоқда.
Қанисан жонажон маъруза зали?

Олийгоҳ...
Маъруза...
Эшитяпсанми?
Орқа партадаги юрак зарбини?

👉 @xurshidabdurashid


Forward from: Darveshona
Айланмас жамиятлар — турғундир. Ҳидланиб кетган одам автобус, метрога тушса, атрофидагилар ундан қандай ирганса, айланмас жамиятдан ҳам дунё шундай ўзини олиб қочади. Ҳақиқат олиб қочади. Гўзаллик олиб қочади.

Кирмошин айланаркан кийимлар тозарар, қон айланаркан тана тозарар,
коинот айланаркан олам тозарар.
Бир мансабда узооқ ўтирган одам айланмас. Бадбўйга ботар. Ҳукм чиқаришга ўтар. Қанча узооқ ўтирса, қўл остидагиларни шунча тушунмас.
Ўзига келаётган пул узилмас чунки. Ҳар қандай муаммо қўл остидагиларга тушар. Ўзи бундан ҳоли. Нега уларга қўшилиб мен ҳам келаётган даромаддан узилишим керак аҳвол чиндан оғир бўлса деб ўйламас. Негаки айланмас.

Хаёллар, тасаввур, қарашлар айланар.
Айлананинг бурчаклари, чўққиси йўқки, эгаллаб олсанг. Подишоҳ бўлсанг. Бошлиқ бўлсанг. Маркази қаерда унинг?

Кўчада юрган одамлар кўзимга чўзинчоқ айланадек кўринади. Бирхиллари гирдобдай шиддатли. Ютиб юборай дейди. Ютилгинг келади яқинлашиб. Соф. Беғубор.

Айланмай қўйгани айланиб турганига маслаҳат беради. "Анавилар ҳеч нарса қилиб бермаябди сенга."
Айланиб турган, дунё фалсафасини ўзида борини бошқаларга бериш деб билгани (балки ўзин шундай кўрсатган) эса бирдан тўхтайди. Энди айланмаётганлар биттага кўпайди.

Сўз айланар ҳатто. Бирорта турғун сўз яшаб қолмас. Сўзни айланиб турган муҳаббат қайта жонлантирар. Айланмай қўйган одамни муҳаббат тарк этган бўлади. Муҳаббатдан мосиво ҳаракатсиз қалб шавқ тўла қалбни кўрганда куяди. Унга яқинлашса, ўзига ўхшатади ё унга қўшилиб яна айлана бошлайди. Кўпинча ўзига қўшиб олади. Эътиборли бўлинг.

Муҳаббати ўлганлардан узоқ туринг. Улар ҳар ишни аниқ қилишади. Лекин айланмай қўйганлар. Муҳаббати тирик одамнинг энергияси сиздаги айланиш даврийлигини яна ҳам узайтиради.

Яхшилаб кузатинг. Қувват таралиб турувчи айланалар борми ўзи атрофингизда?

Жонтемир

@Jontemir_t


Forward from: Najmiddin Ermatov
Marsiya

Mansur Jumayevga

Toshkentdan Qarshi qadar yomg‘ir yog‘ib borodur,
O‘n bir dilpora do‘sting esdan og‘ib borodur,
Kuygan ko‘kay kuydirgi ko‘zni sog‘ib borodur,
Yo‘l ham bizga qo‘shilib,  zorlanib borar,  do‘stim.

Qatordan kamni sanab,  kuzak hayron boqodur,
Yulduzini uchirgan osmon vayron boqodur,
Sen kutgan fasl* kelib,  vale giryon boqodur,
Qilmishidan qismating orlanib borar,  do‘stim.

Oldinda bir ulov bor,  ichida ikki murg‘ak,
So‘lg‘in bitta gul bordir - sen sevgan o‘shal yurak,
Kim bosh bo‘lar ularga,  kim bo‘lar endi tirgak?..
Orzular xazon yanglig‘ xorlanib borar,  do‘stim.

Buncha uzun bu yo‘llar,  buncha bag‘ri yag‘irdir,
O‘n bir yo‘ldosh boradur,  bari yag‘ir bag‘irdir,
She'rlar qoldi shoirsiz,  nahot she'r ham sag‘irdir?..
Lek shoiri Tangriga yorlanib borar,  do‘stim.

Derazadan termulsam,  otilib chiqib oting,
Xayolimda siniqqan surating turar qotib,
Tark etdi deb ingrasam, battar o‘rtabon yoding
Borgan sari dunyoda borlanib borar,  do‘stim.

*''Biz kutgan fasl'' kitobi


Forward from: O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi
Taʼziya

O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi jamoasi isteʼdodli shoir, uyushma aʼzosi Mansur Jumayevning vafoti munosabati bilan oilasi va yaqinlariga chuqur hamdardlik bildiradi.

O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Axborot xizmati


Forward from: Najmiddin Ermatov
Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Бир ёқда...

https://t.me/Najmiddin_Ermatov






Forward from: Muhammadali
Birodar yashayber, yigʻlab va kulib,
Chayir bilagingda oqar quvvating.
Qayta turolmasang bir kun yiqilib,
Achinma, boshqaga qolar niyating.

Boraver gʻovlarga achchiqma-achchiq,
Tilka-pora boʻlsin, oʻrtansin yurak.
Birodar, dunyoda, gapirsam ochiq —
Faqat yaxshi niyat yashashi kerak.

Chidamak mumkinmas, mumkinmas sira,
Hamoqat hayqirsa, boqilsa oʻgʻri,
Fahsh yursa, menman, deb toza, bokira,
Toʻgʻriligi uchun qiynalsa toʻgʻri.

Hali juda koʻpdir kalamushniyat —
Dunyoni kemirib, sotib yurganlar.
Umrida oʻtqazmay birorta daraxt,
Zanchalish koʻksiga mushtin urganlar.

Kurashsang arziydi haqiqat uchun,
Kurashib yurganlar haqdir, odildir.
Qotillik qilganlar qotil-ku, lekin
Kuzatib turganlar asl qotildir.

Yashayber, qalbingga ishonib, magʻrur,
Yashayber, boʻlsang ham oromdan yiroq.
Gʻolib chiqmogʻliging juda ham zarur,
Boshqacha boʻlishi mumkinmas biroq.

Shavkat Rahmon

Muhammadali






Forward from: Najmiddin Ermatov
Жим кетинг.
Тегинманг.
Қараманг, қўйинг,
Кўзига мунг экиб қўйгандир уйқу.
Қулочи кенг-ку деб беҳад севинманг,
Йиғи довушига ўйнаяпти у.

Йиғлаётган ўзи,
Ўйнаган ўзи,
Йиғлатган ҳам асли ўзининг насли.
Ғамбода ҳолига таскин қидириб,
Йиғи-ла куйлайди ҳурликнинг васфин.

Ачинманг ҳам энди,
Бори шу экан,
Йиғи билан ювиб бўлди осмонни.
Ўзи-ку кўникди мазлум ҳолига,
Кўниктирмак истар энди жаҳонни.

Ажаб,
Ғамларига меҳр бойлаган,
Ажиб ҳузурдайин туйилар қайғу.
Ўзи-ку ишониб, ўзгани авраб,
Йиғи довушига ўйнаяпти у.

Лек умид боқийдир,
Ёруғ кунлар бор!
Аммо келганида кутилган фурсат,
Ҳайронман, эркини қандай танийди,
Йиғи довушига ўрганган миллат.



https://t.me/Najmiddin_Ermatov


Кўзи куларди, лек қалби йиғида,
Юраги тобланди, қуёш тиғида.
Тунлари бедор уввос йиғлаб роса,
Тонгда кулиб чиқарди мийиғида.

Жамиятдан узилиб қолганди у,
Куйиниб ҳам ўйланиб толганди у.
Тўрт девор орасинда жим ўтириб,
Барчани Роббисига солганди у…

©️ Ҳабибий

@ojiziy_qalb 🫀


18

Ўзбек замонавий адабиётининг энг бутун шоирларидан бири Жонтемир Жондор бугун 30 ёшга тўлди!

ДАРВЕШ ҚЎШИҒИ

Товоним майсани эркалаб,
Туфроқнинг тегади ғашига.
Ёмғирли булутни елкалаб,
Кетяпман Кар Бало даштига.

Ла-ла-лай-ҳо-о лалалай!

Ошиқман ой билан ўпишиб,
Гуноҳин совурган шамолга.
Пулсирот устида топишиб,
Ғилмонга чорлаган аёлга.

Ла-ла-лайҳо-о лалалай!

Қонимни томчилаб сўр зулук,
Шабнамга тўлдирай ичимни.
Дарвешга дунёси бир пуллук,
Ўйлайман эртанги бичимни.

Қачондир иймонга панд берар,
Ҳирс-Темурнинг калта оёғи.
Қабргача аён бор сирлар,
Нима бўлар ундан нар ёғи?!

Ла-ла-лайҳо-о лалалай!

Жонтемир

@ojiziy_qalb 🫀


АСЛИЯТ

Жуфти бирла ахир, яралган банда,
Тўсиқлар умуман кор қилмас севса.
Вужудинг мабодо титраса жоним,
Мактублар йўллагин ёмғирли кузда.

Айтаман, айтганман яна айтаман,
Ўзимни хаёлан сен бирла туйдим.
Тўғриси, дарвозанг қоқиб қайтганман,
Биринчи қизимга исмингни қўйдим.

Эсимда қанчалар сарсон бўлганим,
Ёмғирда шалаббо турганим ёдда.
Эсимда сени илк бора кўрганим,
Қани ўшал дамлар қайтарми қайда?

Ичимда тўлганди, сўзларим роса,
Тингламоқ оғирлик қилдимикан ё?
Тақдир бизни яна йўлига солса,
Яноғингга тўйиб боқарман қиё.

Вужудинг мабодо титраса жоним,
Мактублар йўллагин ёмғирли кузда…

©️ Ҳабибий

18.10.2024

@ojiziy_qalb 🫀




Ўзиям бир ой бўлибди. Шер машқ қилмай қўйганимга. Орада турли юмушлар чиқиб қолиб, бу ҳақида ўйлашга ҳам айтарли фурсат бўлмади. Энди насиб аввалгидек ижодни давом эттирамиз. Парилар тарк айламаса, албатта…


БИЗНИКИ

Юрагимдаги доғ сизники эди,
Мен билган, таниган қизники эди.
Қайдандир ғалати ифор келмоқда,
Ҳидидан сезяпман, кузники эди.

Негадир ёқмайди бирлик нисбати,
Мен учун бу гўё кибор сифати,
Эшик қоқар Олтин Кузимиз бизнинг,
Бу мисрам юқори сатрим исботи.

Масофа йироқроқ, йиллар ўтмоқда,
Сиз у сўқмоқда-ю, мен бу сўқмоқда.
Кузимиз бизларни яна чорлайди,
Уялиб дарахтлар баргин тўкмоқда.

Не бўлсангиз ҳамки, бўлингиз омон,
Сизсиз аҳволим танг, ҳолимиз ёмон.
Ҳеч қурса бир лаҳза эслангиз мени,
Олам сариқ тусга кирарга замон.

Қайдандир ғалати ифор келмоқда,
Ҳидидан сезяпман, кузники эди…

©️ Ҳабибий

28.08.2024

@ojiziy_qalb 🫀


Forward from: Азиз Саид
* * *
Мен бир бозингарман, бугун сўнгги бор
Пардасиз саҳнага чиқаман кулиб.
Алдаб келган эдим сизларни ҳар кун.
Минг бир бор туғилиб, минг бир бор ўлиб.

Кўксимга санчилган найзалар найза
Эмас, кўзим эккан майсалар эди.
Кафтимга қўнган қуш қўшиғим тинглаб
Сизларни кулдирди, тилимни еди.

Тош билан болтани қарсиллатган мен,
Бу ёлғон ўрмонда адашган сизсиз.
Най чалдим, дарз кетган умр кўзамдан
Ишқдан маст илонлар чиқмади, эссиз.

Мен бир бозингарман, бугун сўнгги бор,
Жаранглар тиллари боғлиқ қўнғироқ.
Чироқлар ўчади, бойўғли ҳувлаб
Сарупо тикади менга минг ямоқ.

Чиқаман бўғзимда оловлар ўйнаб,
Хатони пичоқдай ютади юрак.
Кўзимда фаввора қон билан ўйнаб,
Юзимга сепади — сиз учун эрмак.

Довуллар чалинар, лангарчўп синиб
Қуларкан мен дордан, сўрамам шафқат.
Қумсоат сирларим санаркан бир-бир,
Алвидо айтаман — сизларга нафрат!

Мен бир бозингарман, бугун сўнгги бор
Пардасиз саҳнага чиқаман кулиб…

✍️ Азиз САИД


Forward from: Xurshid Abdurashid
Набоков Достоевскийни дидсизликда айблаган

Владимир Набоков нафақат китоб ёзган, балки Америкадаги университетда дарс ҳам берган. У 20 йил давомида талабаларга рус адабиётидан маъруза ўқиган. Достоевскийнинг ижодий мероси ҳақида гап кетганда, Набоков: “Достоевский буюк ёзувчи эмас, аксинча, ўртамиёна адиб”, деган эди.

Набоков уни дидсизликда, "Фрейдча комплексга эга қалбларни тинимсиз тафтиш этишда" айблади. У Достоевскийнинг биргина "Қиёфадош" қиссасини севиб ўқиган. Адибнинг қолган ҳамма ёзганлари, Набоковнинг фикрича, эътиборга лойиқ эмас эди.

У “Жиноят ва жазо” ҳақида шундай деб ёзади: “Мен бундан 45 йил аввал, “Жиноят ва жазо”ни биринчи марта ўқиганимда 12 ёшда эдим, ўшанда бу китоб кучли ва таъсирчан китоб деб ўйладим. 19 ёшимда эса уни қайта ўқиб чиқдим ва бу романни ҳаддан ташқари узун, зерикарли, чидаб бўлмас даражада сентиментал ва жуда ёмон ёзилганлигини тушуниб етдим".

👉 @xurshidabdurashid

20 last posts shown.