ОТА ҲАЙБАТИБир воқеа мени хурсанд қилди, айни пайтда ўйлантириб ҳам қўйди.
Бундан икки ойлар олдин Қуръон мусобақаси уюштириладиган бўлди. Мусобақага тахминан бир ой қолганда Анисанинг қайсарлиги тутиб:
- Мен қатнашмайман, - деб туриб олибди. Бону менга шикоят қилганди, мен унга:
- Қўявер, қатнашгиси келмаса, қатнашмай қўя қолсин, мажбурлама, - дедим.
Шу билан Аниса мутлақо дарс қилмай қўйибди. Бону хавотир олиб, яна шикоят қилди.
Мен Анисанинг дарсларини назорат қилишни ўз зиммамга кўчирдим. Аниса дарсни менга топширадиган бўлди.
Шу билан деярли ҳар куни яхши дарс топшириб турди. Мусобақага уч кун қолганда фикрини ўзгартириб, "Мен ҳам қатнашаман"га ўтди. Қатнашди ва ҳатто ғолиб бўлиб, биринчи ўринни олди.
Бундан жуда хурсанд бўлдик, албатта.
Энди мени ўйлантириб қўйган тарафини айтиб ўтай. Аниса бир неча марта Бонуга:
- Ойижон, дарсни ўзингизга топширай, айтганингизни қиламан, ҳеч гапингизни икки қилмайман, - деб ялиниб-ёлворди.
Қизиқ! Мен уни урмадим, сўкмадим, унга қаттиқ гапирмадим, аксинча, доим эркалатиб турдим. Ҳатто "Дарсингни топшир" ибораси ўрнига "Асал қизим бугун ҳам мени бир хурсанд қиладими?" каби ибораларни қўлладим.
Мен шунчалар қўрқинчли одамманми, деган ўй бироз безовта қилди.
Лекин барибир хурсандлигим кўпроқ бўлди. Оилада отанинг ҳайбати сақланиб тургани маъқул.
Шу ўринда ёш келинларга бир насиҳатимни айтиб ўтай.
Қизларим, оилада эрнинг нуфузи, ҳайбати сақланиб туриши кўпроқ сизларга боғлиқ бўлади. Эрингизнинг ширин муомаласини, севиб эркалашларини ҳаргиз суиистеъмол қила кўрманг. Талтайиб кетиб, менсиз яшай олмайди, деган пуч ўйларга бориб, ҳаддингиздан ошиб кетманг. Ҳар ким ўз ҳаддида турса, оила гўзаллашади.
Аёл аёллиги билан гўзал, эркак эркаклиги билан. Ўрни алмашиб қолса, жуда хунук, ёқимсиз ҳолат юзага келади.
Аллоҳ ҳамма ўғил-қизларимизнинг бахтини берсин.
#ИбратБИЗГА ҚЎШИЛИНГ✍🏼
@HAYOTIMSAN 👈🏼