#Байрам_туҳфаси сифатида ёзганларимдан аёл тимсоли келтирилган шеърларни илиняпман. * * *Сен афсун истайсан...
Туннинг қулоғига тақилган зирак
Даштнинг кўзларига оғир қадалар.
Адирлар ёдини тўзғитса керак,
Номозшом уйига шошган подалар.
Сен афсун истайсан...
Болалари оч,
Тоғорада умрин қоради аёл.
Гулгун қиз чоғига, келин чоғига
Тушларида йиғлаб боради аёл.
Сен афсун истайсан...
Саҳройи шамол
Лабингда сўзларни кетар қуритиб.
Болалик ҳеч кимга айтмас эҳтимол
Кепак кулча еган гўдак сирини.
Ой –
Туннинг қулоғига тақилган зирак,
Ногоҳ юлқиб олар кумушбадан тонг.
Ногоҳ титраб кетар мудраган юрак,
Ногоҳ мўжизадан умид узар онг.
Сен нима истайсан?
* * *Бир ютум шафақни симирди қуёш,
Пуштиранг булутга артди лабларин.
Бир аёл туш кўрди
ҳув жингалак соч,
Ғамдан йироқ бўлган гўдак вақтларин.
Тун "сомон йўли"ни бошига ёпди,
Бекитди оқ сочин - яшинларини.
У аёл тушида онасин ўпди,
Силагандек бўлди ажинларини.
Қалдирғоч сир айтди,
Кўкламданми ё
Ёки ҳазин ишқининг хабарларини.
Қайдадир унутди
Ўзгача дунё -
Орзуси битилган дафтарларини.
Бир ютум армонин симирди аёл,
Билмайди бу тушни қачон кўрганди.
У уйғонган чоғи осмон юзида
Ойни чумолилар ташиб юрганди.
АёлАввал мактуб ёздим алангаларга
Қуш боққандек боқдим
Ичимда ўтни.
Ҳар тонг бир сабримни кузатдим жангга
Тўқиб сочларимдан олтин совутни.
Сўнг арғимчоқ осдим
Кўҳна дун шоҳи
Қисирлаб синмади, учавердим хуш.
Жонимга чанг солган турмуш қийноғи
Тунлари ҳаловат ваъда қилган туш.
Битмас
Топмай туриб бари ниҳоя
Толиққан руҳимга ҳар туйнук - нажот.
Қуш боққандек боқдим
Ичимда ўтни
Не учун ҳеч ёниб кетмайсан ҳаёт?
Укамга айтолмаганларимОта уй. Отасиз уй
Синчларига синган ғам.
Гоҳо гангитар турмуш
Гоҳо овутар болам.
Боролмайман, укажон
Дадам, осмондек дадам
Қирга айланиб қолган...
Ота уй — кўҳна қайиқ
Чайқалади бобо дашт.
Бир аёл эшкак тортар
Ул-да толиққан, яккаш.
Манзилини биларми
Ёки шамол измида.
Дуоларига шўнғиб
кетар
Бир-бир Исмлар.
2
Болалик –
Оппоқ кабутарлар қанотларига
Хат битиб қўярдик
Ёлғиз У тушунган имлода.
У вақтлар навқирон бошпанамиз ҳам
Гўё эртакларга тўлган дунёдай.
Сўнг бургут оғалар шимолга учди,
Барвақт дийдасини қоплади қиров.
Турнадек опамиз жанубга кўчди.
Укажон,
Энг кичик полапон эдик биз икков.
Дашт осмони узра кездик муаллақ
Соямиз улғайди тупроқ юзида.
Сен қуёш тафтида тоблардинг қилич
Мен рўмол тўқирдим чақмоқ изидан.
3
Кўнглимни қуйиб бердим
Қақраган бир гиёҳга.
У ҳам яшнаб кетмади
Хиралашди қиёфам.
Энди мени олмас тан
На қафас на коинот.
Ёдимда қолгани дашт
Ва каптарлар, оқ қанот.
Ва ота уй мунғаяр
Қадамингга илҳақ зор.
Унга севги ҳадъя қил,
Унга ҳаёт олиб бор.
* * *Худоё, Аёлга куч бер, Худоё,
Қирқ жонига қирқ минг жаллод тикмиш дор.
Қачондир қўллари гул эди унинг
Бугун елкасида қушлар ини бор.
Худоё, аёлга ишқ бер,
Жунун бер
Ўз умри ичинда бўлмасин талош.
Йўл бер, кўзларидан томчи-томчилаб.
Сўнгида Ўзингга этувчи йўлдош.
Жангларга ташласанг
Зафар бер, шон бер
Зулм арқонига танғилмасидан.
Гар болам деб ўлса, қайтадан жон бер,
Иймон бер нафсига енгилмасидан.
Сўнгсиз тоқат берма,
Ўтдай исён бер
Севги бер шу ўтни ўчиргунингча.
Бир Одам кўксидан мутлақ қўрғон бер
Токи ҳузурингга кўчиргунингча.
Худоё,
Аёлга куч бер!
https://t.me/Madina_Norchayeva