Ҳозиргина қаердадир ўқидим - ҳамма танқид қилаётган Мбаппе аллақачон 13 гол уришга улгурибди. Ваҳоланки, тахминан шунча гол урган Беллинҳэмга ўтган йили «Олтин тўп» топшираётгандик. Нега икки хил муносабат?
Биринчидан, Беллинҳэм яримҳимоячи, у ҳеч қачон бомбардирлик томонларини кўрсатмаган, шунинг учун Мадриддаги илк голлар футболчининг янги қиррасинининг очилиши, янги позицияда янги даражага чиқаётгани ўлароқ қабул қилинган. Мбаппе тўпурар, ундан доим кўпроқ гол кутилиши табиий.
Янаям муҳимроқ фарқ бошқа. Мбаппе 13 гол ургани билан бирор ўйинни ўша голлари билан ҳал қилганини эслай оласизми? Фақат «Бетис» билан дубл қайд этиб 2:0 ҳисобида ғалаба қайд этди. Бир марта Мбаппенинг голи дуранг олиб келган. 9 гол асосан ҳисобни оширувчи, қўшимча сифатида урилган. Яна 2 гол «Реал» минимал ғалаба қозонган ўйинларда урилди, аммо ўша эффектни бермаган, чунки у ҳисобни очгач, бошқа голлар ҳам бўлиб, ҳал қилувчи голни бошқалар урган.
Беллинҳэм эса 6 ўйинда айнан ғалаба келтирувчи голни урган, тўрттаси охирги дақиқаларда. Бунга Класикода бурилиш ясаган икки голни ҳам қўшинг. Бошқа даража.
Албатта, бу ерда Мбаппе айбдор эмас. Беллинҳэм унга «Реал» эҳтиёж сезган пайтда келди. Бензема кетгач, таркибда бўшлиқ бор эди. Мбаппе эса аксинча, кўпроқ унга «Реал» зарур бўлган пайтда келди. Фаолиятининг бу босқичида «Реал»дан бошқа ҳар қандай клубда Мбаппе ўзини каттароқ ҳис қилар, ўзиникини ўтказишга уринар, қисқаси ўсишдан тўхтарди.
«Реал»да эса ўсиш учун ҳали потолок баланд. Мбаппенинг боши тегиши учун анча сакраши керак. Футболчи учун айни муддао.
@aslanov_futbol