Қишлоққа чақирди отам кўп бора
“Болангни етаклаб келиб кет”, деди
Бошлиққа айтишга ҳаддим сиғмас ҳеч,
Тугамаган ишлар жуда кўп эди.
Харжларни ўйлардим, борди-келдини,
6 соатлик йўл, интернет, ишим,
Баҳона излаш-ла ўтаверарди
Кўп баҳорим, ёзим, кузларим, қишим.
Отам “Кел, олдимга бир ўтир”, дерди,
Анов жўрам бор деб кўргани кетдим.
“Кел, энди бугун мен билан ёт”, деса
Ҳижолатман бўламан, ўзимни тортдим.
Кўнгилдан гаплашиб ололмадим ҳеч,
Ичида не сирлар асради отам.
50 минг ташласам телефонига,
Суюнчи олардим ўзимча ҳотам.
“Ҳаётинг яхшими?” дер эди баъзан,
“Пулинг борми?” дея сўрарди бот-бот.
Қийналиб турсам ҳам “тўкисман”, дея,
Қаддини эгмасин дер эдим ҳаёт.
Билсам бўлар экан баъзан истисно,
Тушунаркан ахир айтса бошлиққа.
Ҳамма ишни ташлаб ўз ҳолига жим,
Отамни кўмгани кетдим қишлоққа...
©️Нуриддин Зиё
каналга уланиш👇
@ILM_NUR_2020