Хадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳуалайҳи вассаллам айтадилар "
Ҳар бир фарзанд фитрат узра туғилади. Бас, уни ота-онаси ё яхудий, ё насроний, ё маъжусий қилиб тарбия қилади." Бу хадиснинг маъносини ислом фитратига боғлаб қўйиш нотўғри,гарчи негизида шу маъно ётса ҳам. Аллоҳ таоло ҳар бир чақалоқни яратганидек бузилмаган, тоза фитратда улғайса албатта ислом динини танлайди. Чунки фитрати шунга мос келади. Фитрат билан туғилади, лекин ақл бўлмаганлиги учун унга атроф муҳит таъсирида у булғанади. Фитрат — ислом динига мойиллик, шу тарафни ихтиёр қилиш, танлаш. Дин — биздаги мавжуд камчиликларни, айбларни яширади. Тақволи, ибодатли қилиб кўрсатади. Қуръони Каримда дин бўёқ лафзи билан ҳам келган. "Аллоҳнинг бўёғидан ҳам чиройлироғи борми!?" , яъни, "Аллоҳнинг динидан ҳам яхшироғи борми!?", деган маънода. Фитратан биз оппоқ қоғоз каби тоза бўлиб туғиламиз. Ва гоҳида Аллоҳнинг айтганини қилиб чиройли ранглар билан бўяламиз, гоҳида шайтоннинг айтганини қилиб энг хунук ранглар билан бўяламиз.
"
Рухий тарбия" суҳбатларидан мақсад, ўша чиройли рангларни қолдириб, хунук рангларни ўчириш ёки оппоқ, соф ҳолимизга қайтиб Аллоҳнинг хузурига қайтишдир. Дин — инсоннинг камчиликларини йўқотиб, мукаммаллик, яхшилик сифатлари билан тўлдирувчи омил, сабаб ҳисобланади.
Аллоҳ таоло макоримул ахлоқ сифатларини бизнинг вужудимизга сингдириб берган. Уни ҳеч ким биздан ажратиб ола олмайди. Ўзимиз ҳам қочиб қутила олмаймиз. Фитрат — ёлғонни ёмон кўриш, ростгўйликни, садоқатни яхши кўриш, адолатни, меҳрибонликни яхши кўриш, макоримул ахлоқни яхши кўриш кабиларни ўз ичига олади. Буларда қолиб кетишлик нуқсондир, Аллоҳ биздан буни талаб қилмаган. Аллоҳ биздан бу сифатлар билан хулқланишни талаб қилади. Бу хулқларни яхши кўриш билан улар билан хулқланиш орасида катта фарқ бор.
Тавфиқ Аллоҳдан