ФОРДНИНГ КУТИЛМАГАН ҚАРОРИ
Бир куни «Ford Motor Company» асосчиси Генри Форд ёрдамчисини ёнига чақирибди:
– Барча директорлар билан боғланиб, кейинги ҳафтанинг бошида меҳнат таътилига чиқишини айтасиз. Улар учун Кариб денгизи бўйлаб саёҳат уюштирасиз. Сайёҳлик компаниялари билан гаплашиб, энг яхши кема, энг нуфузли меҳмонхоналардан жой буюртиринг. Ходимларимиз бунга арзийди.
– Хўп бўлади, сэр, – деди ёрдамчи итоаткорлик билан. – Фақат бир нарсага тушунмаяпман, нега ҳамма раҳбарларни бирдан жўнатмоқчисиз? Бу ишлаб чиқариш суръатига таъсир қилиши...
– Илтимос, тезда ишга киришинг, – деди Форд.
Ёрдамчи шу заҳоти ишга киришди. Саёҳат бир ой давом этди. Бу муддат ичида компания раҳбар ходимлари Мексика, Колумбия, Ямайка, Гондурас, Аруба, Никарагуа, Гаити сингари ўнлаб мамлакатларда бўлишди. Беш юлдузли меҳмонхоналарда тунаб қолишди. Бу давлатларнинг энг диққатга сазовор масканлари, қадимий обидалари билан танишишди.
Хуллас, бир ойлик саёҳат тугаб, ҳамма ўз иш жойига қайтгач, Генри Форд яна ёрдамчисини ҳузурига чорлади.
– Хўш, ходимлар саёҳатдан мамнунми? – сўради у яна ҳужжатлардан бошини кўтармай.
– Улар сиздан бениҳоя миннатдор, – деди ёрдамчи. – Саёҳат жуда зўр бўлди, дейишяпти. Ҳар бирининг...
– Мана сизга иккита буйруқ, – деди у икки варақдаги рўйхатни ёрдамчисига тутқазиб. – Ишга киришинг.
Ёрдамчи иккита буйруққа кўз ташлаб, қотиб қолди. Уларнинг бирида саёҳатга чиққан ходимлардан бир гуруҳининг маошини икки баравар ошириш, иккинчи рўйхатга киритилган ходимларни эса ишдан бўшатиш белгиланганди. Бу қанақаси бўлди? Уларнинг барчаси бирдек ишлаган, саёҳат пайтида бирортаси хатога йўл қўймаган бўлса?
– Фақат, битта нарсани тушунмаяпман, сэр...
– Мен ҳаммасини тушуниб турибман, буйруқларнинг ижросини тезлик билан таъминланг!
Бу билан Форд қўл остидаги раҳбар ходимлар ишни қандай йўлга қўйганини текширмоқчи эди.
Бошлиқ йўқ пайтда ҳам яхши иш кўрсатган бўлимларнинг раҳбарларини мукофотлаган, қолганларини ишдан бўшатган.