#БИЛАСИЗМИ
НАСИҲАТ ДИНДАНДИР ЁҲУД ОХИРГИ ПУШАЙМОН !!!
Етук олим, форсий ва туркий тилларда моҳирона ижод қилган адиблардан Сўфи Оллоҳёр бобомиз "Саботул ожизийн", китобида шундай ёзган:
Насиҳат тингламас дил сахти маҳжуб,
Кўкармас тошқа ёмғур ёғса ҳам кўп
Насиҳатни ёқтирмаслик ва қабул қилмаслик қалбни қаттиқлигидан экан. Демак, насиҳатга қулоқ солиш ва унга амал қилиш керак.
Ибн Нажжордан:
" Ҳасан розияллоҳу анҳу насиҳат қилаётиб:
- Дунёни қидирган кимсани дунё ерга уради. Дунёдан юз ўгирган киши эса дунёни ким еса ҳам, парво қилмайди. Дунёни севган кимса мол-дунёси кўп бўлганларнинг қули бўлади. Дунёнинг ози етарли, кўпи эса тўйимли эмас. Кечаси ва бугуни бир бўлган кимса алданибди. Кечаси бугунидан хайрли бўлган кимса эса зарарга йўлиқибди. Ўзида нуқсон кўрмаган кимсанинг нуқсони кўп. Нуқсони кўп бўлганга эса ўлим хайрлироқдир, - деган эди".
Ҳикоя қилинишича, бир катта одамнинг ўғлига амакиларидан ҳисобсиз мол-дунё қолди. У бу маблағларни айш-ишратга харжлаб, исроф қила бошлади. Қилмаган ярамас иши, ичмаган ичимлиги қолмади. Бир кун унга насиҳат қилиб дедим: "Эй, ўғлим, даромад - оқар сув, маишат эса тегирмондир, яъни катта харжлаш доимий даромади бор одамга ярашади.
Кириминг бўлмаса, чиқимни тўхтат,
Қайиқчилар куйлар шундай бир қўшиқ:
"Агар тоққа ёмғир ёғиб турмаса,
Бир йилда Дажла ҳам бўлар қуп-қуруқ".
Ақл-ҳушингни йиғиштириб, айш-ишратни бас қил, чунки пулинг тугагач, мушкул аҳволга тушиб, пушаймон қилиб қоласан. Бироқ айш-ишрат, кайфу-сафога берилган ўғлон насиҳатимга қулоқ солмади ва менга эътироз билдириб, деди: "Эртанги ғам-ташвиш қайғуси учун бугунги кайф-сафони барбод бермоқ донишмандлар раъйига хилофдир".
Орзуга етишган бахтиёр нечун,
Қаро кун ғамида чекади алам.
Шодлик-ла еб-ичиб, яша, эй дилкаш,
Эртанги кунни деб, бугун чекма ғам.
Бунинг устига мен саховат тахтида ўлтириб, лутфу эҳсон камарини белимга боғлаганидан, қўли очиқ одамлигим овозаси авом халқ тилида достон бўлган.
Насиҳатимни қабул этмаётгани ва иссиқ нафасим унинг совуқ темирдай худбин қалбига таъсир этмаётганини кўриб, насиҳатгўйликни йиғиштириб, доноларнинг: " Сен билганингни гапир, агар айтганингга қулоқ солмасалар, ўзлари айбдордирлар", деган сўзларига амал қилдим.
Яхши кишилар сўзини сўзлагин,
Гарчи сенга солмасалар ҳам қулоқ.
Тинглагучи қанча ўжар бўлса ҳам
Бандга тушар икки қўл икки оёқ.
Сўнгра чарак чалга-ю айтар ўзи;
"Тингламай доно сўзин ҳолим Чатоқ!"
Орадан сал вақт ўтгач, кўрсам, худди мен тусмол қилганимдай, оғир аҳволга тушибди. Кийим-бошлари жулдур-жулдур, ямоқ-ямоқ ҳолда тиланчилик қилиб, юрибди. Унинг аянчли аҳволини кўриб, юрагим ачиди, лекин шу ҳолатида уни таъна-маломат қилиб, ярасига туз сепишни эп кўрмадим. Кейин ўз-ўзимга дедим:
"Паст нодон мастликда ўйламас асло
Не кечар аҳволи йўқлик кунида
Баҳорда барги мўл дарахтлар ночор
Яланғоч қолар қиш изғиринида".
Албатта, ушбу ҳикоядаги ёш йигит ўз қилмишидан пушаймон бўлгани ҳақиқат, у ўзининг қилмишига яраша жазосини ҳам олди.
Бошқа томондан, агар мазкур йигит ёки шу каби ёшлар ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар эди, бу каби нохуш ҳолатлардан ўзларини сақлаган бўлардилар.
"Холид ибн Валид" жоме масжиди имом хатиби О. Рахимов
♻️ Дўстларингизга ҳам улашинг!!!
@OlimvamutaallimuzКаналга уланиш учун линк устига босинг 🔽 🔽 🔽
@Asaka_xolid