Нодира Афоқова
ХАЛҚ ШОИРИ ХУРШИД ДАВРОНГА
Қип-қизил қуёшдай
Қонаган юрак
Бўғзига тиқилар, чиқар отилиб,
Тонгдай отар шоир хўрлик тунида,
Жигар ранг қонлардан оқ нурлар эшиб —
Ёғдудан яралгандир асл шоирлар.
Шамолдай эсар у
Бўғилган жонлар
Қақшаса бир ютум ҳавога зор-зор.
Бир ютум нафасдай,
Бир тоза нафас.
Кўз ёшларни артар,
Супурар шўрин —
Ҳаводан яралган асл шоирлар.
Нохуш бир башорат,
Қўрқинч, алағда
Тушларни айтарлар титраб жонлари,
Пичирлаб айтарлар.
Ёлвориб, умидвор.
Узоқ-узоқларга олиб кетар у,
Беминнат дарёдай.
Куюк дарёдай.
Куйга айлантирар,
Гулга айлантирар,
Дурга айлантирар тушларингизни —
Сувдан яралгандир асл шоирлар.
Боғлар улғаяжак қучоқларида,
Тоғлар улғаяжак қучоқларида,
Маъданлар етилар қаватма-қават.
Ҳар бир заррасида ҳаёт ва қудрат,
Заминдай тўшалар —
Тупроқдан яралган асл шоирлар.
Тангрининг тилмочи,
Одамнинг асл фарзанди –
Шоирлар.
Нодира Афқова "ХДК" саҳифаларида:
https://kh-davron.uz/?s=nodira+afoqova