Қайтамиз...
Биз ҳали қайтамиз бу манзилларга,
бирда ёмғир бўлиб,
бирда қор бўлиб.
Мен кузак шаклинда қайтаман қайтсам,
Сен қайтсанг қайтасан гулбаҳор бўлиб.
Биз ҳали қайтамиз, такрор ва такрор
айтилур биз суйган форсий қўшиқлар.
Шунда йўлимизга ғов бўлмас зинҳор
тиззамиздан қуйи баланд тўсиқлар.
Биз ҳали қайтамиз,
қайтамиз ишон,
қайтади бизларни тарк этган ёшлик.
Ўшанда кўзимдан томиб турар жон,
ўшанда қалбингдан ҳайдалар ғашлик.
Биз ҳали қайтамиз,
хайрлашиш йўқ,
унгача соғинчни ёпиниб юргин.
Сен ахир кучлисан, то келгунимча
кўнглингни бир ўзинг кўтариб тургин.
Биз ҳали қайтамиз бу манзилларга,
гоҳида йўқ бўлиб,
гоҳо бор бўлиб.
Мен ёмғир шаклинда қайтаман қайтсам,
Сен қайтсанг қайтасан оппоқ қор бўлиб...
✍ Орифжон Комил
@xurshidbekotaxonov_blog