#Тилбилимдан_бир_чимдим
“СИРДАРЁ”НИНГ “СИР”И
Барибир “Сирдарё”нинг “сир”и сир бўлиб қолмоқда. Хўш, нега айнан “СИР ДАРЁ”?
Маълумки, тарихда бу дарё кўп номлар билан аталган, бизгача етиб келган энг қадимий номи – “яксарт”, мутахассисларга кўра, бу ном қадимги форсча “ҳақиқий инжу” маъносидаги “йахша арта” сўзларидан ясалган, рус шарқшуноси В.А.Лившицга кўра эса, “яксарт” – қадимги сўғдча “оқаётган” маъносидаги сўзга бориб тақалади.
Аммо ушбу ўринда биз дарёнинг “Яксарт”, “Сайҳун”, “Оби Фарғона” каби ўтмишдаги кўплаб номлари ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз, фақат сирли “СИР” атрофида мулоҳаза юритамиз.
“Сирдарё” номининг иккинчи бўлаги – “дарё” ҳаммага тушунарли, аммо форс-тожик тилларида бу сўз дастлаб “денгиз”ни билдирган, XIII-XIV асрларга оид эски ўзбек тилидаги манбаларда ҳам “дарё” кўпроқ “денгиз” маъносида, фақат кейинги асрларда бу сўз ҳозирги “дарё”, яъни “оқар дарё” маъносида тилимизда қатъий ўрнашган. Дейлик, қадимги туркийда: “Йинжу ўгуз”, “Иртиш ўгуз”, “Саланга суб”, “Қорасув”, “Оқсув” каби “дарё” ўрнида “ўгуз”, “сув” (“суб”) сўзлари қўлланган бўлса, кейинчалик ўзбек тилида уларнинг ўрнини тўлиқ “дарё” эгаллаган. Гарчи “дарё” асли форсча бўлсада, эътибор берилса, форсигўй қўшниларимиз: Тожикистон, Афғонистон ёки Эронда “дарё” маъносида кўпроқ “рўд”, “об” сўзлари ишлатилади, Амударё, Сирдарё, Зарафшондарё, Сурхондарё, Қашқадарё ва ҳоказо, хуллас, “дарё”ларнинг ҳаммаси асосан Ўзбекистонда.
“Сирдарё” номи Навоий ва Бобур асарларида учрамайди, Навоий уни “Сайҳун”, Бобур эса “Бобурнома”да: “Сайҳун дарёси”, “Хўжанд суйи” каби номлар билан тилга олади. Дарёнинг “Сир” номига эса биз илк бор XVII асрда Хоразмда яшаган ва ҳукмронлик қилган Абулғози Баҳодирхон (1603-1664) нинг “Шажарайи турк” асарида дуч келамиз. Абулғозий мазкур асарида ўтмишда турк ва мўғуллар ҳукмронлик қилган ҳудудлардаги жуда кўп дарёлар номларини келтирган, бироқ уларга нисбатан бирор марта ҳам “дарё” сўзини ишлатмаган, балки “дарё” маъносида ҳамма ўринларда: Айқирамуран суви, Ёйиқ суви, Атил суви, Аму суви, Сир суви қабилида “сув” сўзини қўллаган. Бир ўринда эса: “Оқиб боратурған улуғ сувни туркий тилинда сой дер”, – деб тушунтириш ҳам бериб кетади, яъни Абулғозийга кўра, катта дарёга нисбатан илгари турк тилида “сой” дейилган экан (ШТ.Т.1992.35).
Қизиғи шундаки, Абулғозий Сирдарёни – “Сир суви” дейиш билан бирга Орол денгизини ҳам шу ном билан – “Сир тенгизи” деб атайди: “Ҳабаш султон қочиб Сир бўйинда ўлтурған қорақалпоқға борди” (166) ёки: “Аму суви... Сир тенгизина қўйған эркандур”(167).
Шарқшунос олим В.В.Бартольд “сирдарё” номи дарёнинг қуйи оқимида яшаган халқ номидан келиб чиққан, деган фикрни илгари сўрган. Хўш, дарёнинг қуйи оқимида яшаган қайси халқ ўтмишда “сир” номи билан аталган?
“Турк сыр будун”, яъни “турк-сыр халқи” деган иборага биз VIII аср ёдгорлиги – Тунюқуқ тошбитигида икки ўринда дуч келамиз. Ёдгорликда Иккинчи Турк Хоқонлиги воқеалари ҳикоя қилинади, Тунюқуқ битиги, шунингдек, Култегин, Билга Хоқон битигларидан ҳам англашиладики, агар Иккинчи Турк хоқонлиги маркази деб ҳозирги Мўғулистондаги Ўрхун дарёси ҳудудларини оладиган бўлсак, унинг шарқида (ўнгқару) – қытанг (қытай ёки кидан) лар, шимолда (жирайа) – ўғузлар, жанубда (барийа) – табғачлар (хитойликлар), ғарбда эса (қуриқару) – “турк-сыр будун” жойлашган. Демак, “турк-сыр” деб Марказий Осиё, ҳозирги Қозоғистон ҳудудларида яшаган туркларга нисбатан айтилган. Мутахассисларга кўра, қадимги турк-сырлар қипчоқларнинг аждодларидир. Қипчоқларга нисбатан – “сари қипчоқ” (“сариқ қипчоқ”) ҳам дейилади. Дашти Қипчоқ, шунингдек, Оролбўйи ҳудудларида жуда қадим замонлардан қипчоқлар яшаб келганлиги тарихдан бизга маълум. Бизнингча, Орол денгизи жануби, ҳозирги Туркманистон ҳудудида жойлашган Сариқамыш кули номи ҳам “сари қипчоқ” номи билан боғлиқ бўлиши керак. Берунийнинг далолат беришича, бу кулнинг қадимий номи ҳам туркча – “хиз тенгизи”, яъни “қиз денгизи” бўлган. Дейлик, қадимда Каспий денгизи ҳазар турклари номи билан – Ҳазар денгизи деб аталгани каби Орол денгизи ҳам унинг атрофида яшаган халқ номи билан “Сыр тенгизи” ҳам дейилган.