Ustoz Kundaligi


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Education


Хусусий мактаб устози — Моҳир Мирзахмедовнинг шахсий кундалиги.
• Шахсий фикрларим;
• Педагогикага оид фойдали постлар улашаман!
Админ: @light_upon_light2

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Education
Statistics
Posts filter


Устознинг ёлғон авторитети

Авторитет (auctoritas) — "таъсир, нуфуз, обрў" маʼноларини англатади. Таълимда эса:

Ўқувчилар ичида ўз ҳурмат, таъсир кучига эга бўлган ўқитувчини «авторитет» дейишимиз мумкин.

Авторитетга — билим, кўникма, тарбия, фидойилик билан эришилади:

Бу эса табиийки инсондан катта меҳнат ва вақт талаб қилади.

Баъзи устозларнинг бунга сабри етмайди:

Авторитетга табиий йўллар билан эриша олмайди.

Шу вақт мақсадга — "ёлғон авторитет" билан эришишга ҳаракат қилади.

Келинг устозлар, ёлғон авторитетнинг 5 турини кўриб чиқамиз:

1. Босим авторитети — бу ўқитувчи ўқувчиларга босим ўтказиб, уларга доимий равишда буйруқ беради, бақиради ёки жазолайди. Ўқувчилар унга ҳурмат билан эмас, балки қўрқиб бўйсунади.

2. Масофа авторитети — бу турдаги устоз ўқувчилардан доимий равишда узоқлашишга ҳаракат қилади, уларга илиқ муносабат кўрсатмайди. У ўзини “катта одам” сифатида кўрсатиб, талабалар билан яқин бўлишдан қочади.

3. Педантизм авторитети — бу ўқитувчи майда детальларга ҳаддан ташқари эътибор беради, фақат қоидаларга ёпишиб олади ва ўқувчиларнинг шахсий хусусиятларини инобатга олмайди.

4. Кераксиз насиҳат авторитети — бу устоз ўқувчиларни кераксиз ва ортиқча насиҳатлар билан чарчатади. У ўқувчиларга доим ўзининг билимини кўрсатишга ҳаракат қилади, лекин улар учун фойдали бўладиган амалий билим бермайди.

5. Сохта меҳрибонлик авторитети — ўқитувчи жуда «меҳрибон» бўлиб, ўқувчиларга ҳаддан ташқари эркинлик беради, уларга ҳеч қандай талаб қўймайди ва уларнинг ҳар қандай хатоларини кечираверади.

Энг ёмони, ёлғон авторитет қисқа муддатда самара берсада, узоқ муддатда ёқотишларга олиб келади.

Барчамизга ҳақиқий авторитет ўқитувчи бўлиш насиб қилсин!

Сиз яна қандай ёлғон авторитетларни биласиз?

@Ustoz_kundaligi


Менинг ҳаётим — менинг ўйиним!

Судхўрлик билан шуғулланаётган кишиларни кўраман. Кўзимни олдида хор бўлган. Барибир ишини ташламаган.

Кредит олиб, йиғлаганларни кўрдим. Вақт ўтиши билан яна банкда юрганига гувоҳи бўлдим.

Қимор ўйнаб, уйини ютқазган амакини эшитдим. Ҳозир ҳам ўйнаб юрган эмиш.

Бу турдаги инсонларни кўриб, мени саволлар қийнаб келган:

— Нега баъзи катталар 60 ёшга чиқсада ақли кирмайди?

— Ёш болалар каби хато қилади?

— Нега хатоларини қайта-қайта такрорлайверади?

Нассим Талеб китобларини ўқиб, айрим сабабларини топдим:

1. Уларнинг ҳаётида «қутқарувчи» ролидаги яқинлари бўлади.

Масалан, агар улар қимор ўйнаб катта пул ютқазиб қўйса — «қутқарувчи» ролидаги ота-онаси, акаси, дўсти, амакиси ва шунга ўхшаган ўзича «мужик» қутқарувчилар улар қилган хатоларни ёпиб кетади.

Натижада, бу кишилар ўз қилмишлари зарарини ўз таналарида ҳис қилмайди. Хулоса ололмайди.

2. Улар айбни доимо ўзгалардан қидиради:

— Нега пора олдинг?
— Кўряпсанку давлат берган ойлик ҳеч нарсага етмайди.

— Нега кредит олдинг?
— Битта менмас ҳамма оляптику!

Оқибатда, "мен шундоқ ҳам яхши одамман, ўзгаришимга ҳожат йўқ. Бошқалар ўзгарсин", деган фикрлашда бўлади. Ва хатоларини бир умр қайтараверади.

Қандай хулоса оламиз?

Инсон ўз хатолари зарарини биринчи навбатда ўзи кўрсин!

• Ўғрилик қилган болани «меҳрибон» оиласи эмас, ўзи қилмишига жавоб берсин
• Гиёҳвандликка қадам қўяётган ўсмирнинг қилмишларини «босди-босди» қилиш эмас, жойида жазолаш керак
• Кредит олиб, қарзга ботган инсон қарзини ўзи тўласин
• Ўқишга дангасалик қилиб киролмаган бола, ота-она ёрдамисиз яна тайёрлансин

«Ҳар бир инсон ўз аҳмоқлиги тўловини ўзи тўласин, акс ҳолда уни ҳеч қачон ақли кирмайди» Тони Монтана

@Ustoz_kundaligi


Мардикордан сўрадим:

— Қандай қилиб мижозни рози қилса бўлади?

— Хонадон эгаси кутганидан озгина кўпроқ нарса бер. Ўзи сени бошқаларга тавсия қилади. Мижоз қидиришга ҳожат қолмайди.


Иккита хулоса олдим:

1. "Замонавий Педагог" курсимизда мижозлар кутганиданда кўпроқ манфаат бериш;

2. Лавозими, дипломи, жамиятдаги ўрни, бойлиги, ёшидан қатъий назар — ҳар қанақанги инсондан илм ўрганса бўлади.

Иккинчи хулосамдан доимо фойдаланаман. Турли касбдаги инсонлардан савол сўраб, тажрибасини ўзлаштириб оламан:

Архитектор билан кўришиб қолсам: қайси уйлар пишиқ қурилган? ишингизда қандай қийинчиликлар бор? қурилиш нега бу даражада кўп?

Деҳқонлардан: қачон ҳосил яхши бўлиши? ҳосил ёмонлашишига нима таъсир кўрсатаётгани? табиий мева ва сабзавотларни қаердан топиш мумкинлиги?

Ҳайдовчилардан: инсонлар хулқидаги ўзгаришлар? арзон бензинни қаердан топиш мумкинлиги? нега таксичилик қилаётгани? ишининг ижобий ва салбий томонларини сўраб оламан.

Ёш бола бўлса: қандай ўйинлар кўпроқ ўйнаши? бу ўйиннинг нимаси қизиқлиги? қайси ўқитувчисини ёқтириши? ёмон кўрган устози ва нима учун ёмон кўриши?

Қарияларга берадиган саволларим: ҳаётингизда йўл қўйган 3 та хатойингиз нима? мени ёшимга қайтиб қолсангиз нималар қилган бўлардингиз?

Ахлат тозаловчидан: 5 йил олдинги ва ҳозирги чиқиндиларда қандай фарқлар бор? нега баъзи жойлар ахлатлари кеч тозаланиши? жамиятнинг уларга муносабати ҳақида сўрардим.

Ҳатто садақа сўраган лўлиларни келганига пушаймон қилганман:

Нега гадойлик қиласиз? қаердан келиб чиққансизлар? қайси динга эътиқод қиласиз? асосий даромадилар қаердан келади? гадойлик касби бўлмаганида нима иш билан шуғулланган бўлардингиз?

Ҳожибой айтгандай — ўқитувчида пул йўқ, зато савол кўп.)

Хуллас, нима демоқчиман?

Ичингдаги кибрли одамчани ўчириб тургинда — камтарлик билан илм ол. Зеро гапирган эмас — гапиртирган ютади.

Қиссадан ҳисса:

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё!

@Ustoz_kundaligi

4.2k 0 48 9 183

Муваффақиятсиз ўтган дарс

Ҳар доим ҳам дарс ўйлаганимиздек ўтмайди. 

Мураккаб махлуқот — инсонмиз:

Кайфият, энергия, шайтон, туйғу, гормонлар ҳолатимизга таъсир қилади. 

Барча дарсларимиз идеал бўлолмайди.

Буни яхши биламан. 

Бандаман. Mуваффақиятсиз дарсдан кейин барибир — стрессга тушаман:

- шунча вақтим;
- талабаларнинг шунча вақти исроф бўлди. 

"Эй худойим, энди мени деб болалар тарихни бутун умр ёмон кўриб қолиши мумкин-ку!", деб сиқиламан.

Шу пайт умид уйғонади:

Аллоҳ бандалари қилган камчилигини кечириб, у қилган энг яхши амаллари билан мукофотлайди ахир!

Яъни энг яхши амалларингизни кўпайтириб, камчиликларингизни ёпиб кетади.

Умид қиламан:

Зўр ўтган дарсларим кўпайтирилиб, камчиликларимга эваз бўлса..

Хуллас

Ҳақиқатан, қўлингиздан келган барча ишларни қилдингиз, барибир ўхшамадими?

Тушкунликка тушманг!

Балки энг яхши амалларимиз билан мукофотланармиз?

Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларнинг ёмонликларини улардан албатта ўчирурмиз ва уларни қилган амалларининг энг яхшиси ила мукофотлармиз (29:7)

@Ustoz_kundaligi

4.4k 0 30 5 138

Камчиликми фазилатми?

Мактаб вақтлари синфни роса кулдирар эдим.

Нуқул устозлардан гап эшитардим: салбий хусусият деб қабул қилинарди.

Билсам, аслида камчилик эмас — фазилатим экан. Кулдира олиш ҳам ноёб кўникма экан.

Ўйлаб қарасам, ўқувчилардаги бизга салбий кўринган хислатлар — аслида фазилат бўлиши мумкин.

Кучли устоз буни илғаб, тўғри йўналтира олади.

Келинг, биргаликда ўқувчиларнинг баъзи «ёмон» хислатларини ижобий томонини кўриб чиқамиз:

1. Кўп гапирувчи ўқувчилар: Муносабат ўрнатиш ва ўз фикрини очиқ айта олишда кучли бўлишади.

Улардан ажойиб: журналист, ўқитувчилар чиқиши мумкин.

2. Дарсда хаёл суриб ўтирувчи ўқувчилар. Улар ўта ижодкор ва бой тасаввурга эга бўлади. Бу кўникма билан кўплаб инновация қилишлари мумкин.

Улар келажакда илғор ёзувчи ва санъаткорга айланиши мумкин.

3. Савол сўрайверадиган ўқувчилар: Мавзуни чуқур англаш ва танқидий фикрлашда кучли.

Келажакда улардан ажойиб: тадқиқотчи, ҳуқуқшунослар чиқиши мумкин.

4. Қайсар ва гап талашадиган талабалар. Кучли жиҳати — қатъиятли ва ўз фикрини ҳимоя қила олади.

Тўғри фойдаланса — зўр ҳуқуқшунос, музокарачи ва сиёсатчи бўлиши мумкин.

5. Шўх, гипперактив ўқувчилар. Кучли томони — ўзгалардан кўра энергияга тўла бўлади. Энергияни тўғри сарфласа соҳасида муваффақиятга эришиши мумкин.

Улардан яхши спортчи, тадбирлар ташкиллаштирувчи, жамоат фаоллари чиқиши мумкин.

6. Прокрастинатор — вазифани охирига тақаб бажарувчилар. Улар вақт босимида қандай ҳаракат қилишни билади. Қийин вазиятда муаммоларга ечим топа олади.

Мос касблар: Лойиҳа бошқарувчиси, инқироз даври маслаҳатчиси ва бошқалар.

7. Сабрсиз талабалар. Кучли тарафи — тезда қарор чиқара олади, муаммога тез ечим топади.

Келажакда яхши тадбиркор бўлиши мумкин.

8. Раҳбарият, мактаб қоидаларига кўп қарши чиқадиган ўқувчилар. Улар одатда — лидерлик хусусиятига эга, мустақил фикрлай оладиган шахслар бўлади.

Мос ишлар: директорлик, жамият фаоли бўлиш.

9. Дангаса ўқувчилар. Кучли жиҳати — кам ҳаракат билан, ўз мақсадларига эришишни билади. Муаммога осон ечим топади.

Келажакда дастурий таъминот, тизим таҳлили, автоматлаштириш соҳаларида ўз ўрнини топиб кетиши мумкин.

10. Тартибсиз ўқувчи. Кучли томони тартибсизлар одатда ижодкор бўлади.

Уларда санъаткор ва ихтирочиликка қобилият бўлиши мумкин.

Хуллас

Бу билан салбий хислатларга кўз юминг демоқчимасман. Постдан мақсад ўқувчилардаги фазилатни топиб, уни тўғри йўлга йўналтиришга тарғиб эди.

Қиссадан ҳисса

Ҳамма нолиганда, сиз фазилат топинг!

Сиз яна қандай салбий кўринган фазилатларни биласиз?

@Ustoz_kundaligi

6.3k 0 139 12 126

Ўқитувчилар ҳақида қизиқарли 12 факт

1. Ўртача ўқитувчи бутун фаолияти давомида 2,000–10,000 ўқувчини ўқитади.

2. Тадқиқотларга кўра, ўқитувчилар кунига 5 соат давомида гаплашади. Бу йилига 900,000 сўз ишлатиш дегани!

3. Дунёнинг энг қадимий касбларидан бири — ўқитувчилик касби милоддан аввалги 3000 йилларда ҳам мавжуд бўлган. Миср ва Юнонистонлик донишмандлар ёшларга таълим берган.

4. Энг кўп таътил олувчи касблардан бири — мактаблар таътилга чиққанида ўқитувчилар ҳам дам олади. (Ўзбекистонни ўйлаб кўриш керак;)

5. Энг узоқ ишлаган ўқитувчи – Ҳиндистонлик К. Сваминатҳан 73 йил дарс берган ва Гиннес рекордлар китобига кирган.

6. Тадқиқотларга кўра, синфда ҳаракатланиш натижасида ўқитувчилар кунига 6,000–10,000 қадам босади.

7. Статистик маълумотларга кўра, ўқитувчилар синф учун керакли жиҳозлар ва материалларга ўз маошидан харажат қилади.

8. Дунёнинг энг машҳур ўқитувчиларидан бири — Алберт Эйнштейн – Ҳа, у нафақат олим, балки ўқитувчи ҳам бўлган. У университетда дарс берган ва шогирдларига физиканинг сирларини ўргатган.

9. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўқитувчиларнинг 80% дан ортиғи бу касбни ўз ўқитувчиларидан илҳомланиб танлайди.

10. Ўқитувчилар йилига 1 миллиондан ортиқ савол эшитади! – Бир ўқитувчи кунига ўртача 100–300 та савол эшитади. Бу йилига 25,000–75,000, бутун фаолияти давомида эса 1 миллиондан ортиқ савол дегани.

11. Тадқиқотларга кўра, одамлар ҳаётида энг муҳим инсонлардан бири сифатида камида битта ўқитувчини доимо эслаб қолишади.

12. Ҳиндистонда 50,000 дан ортиқ ўқувчига бирданига дарс ўтилган. 2019 йилда математика бўйича энг йирик дарс рекорди ўрнатилган.

Пост биродарим — ChatGPT ёрдамида ёзилди;)

@Ustoz_kundaligi

6.6k 1 130 9 149

Мактаб буюмларига вандал муносабат профилактикаси

Тарихдан маълумки, 455 йилда Римни вайрон этиб, кўплаб моддий бойликларни талон-торож қилган герман қабилаларидан бирининг номи “вандаллар” бўлган.

Ўшадан буён моддий-маънавий маданият намуналарига зиён етказиш, уларни барбод этиш вандализм, деб атала бошлаган.

Мактаб жиҳозларига нисбатан вандализм муаммосининг ўта муҳим жиҳати шуки, вандал фаоллиги билан ажралиб турувчи 50 % дан ортиқ ўқувчилар кейинчалик деликвент (жиноий) хулқ-атворни намоён этадилар.

Тадқиқотлар натижаларига асосланиб ўқитувчи учун вандализмга мойил ўқувчининг психологик портретини чизиб бериш мумкин:

Бу ўқувчи одатда умумий интеллект даражаси бўйича бошқа ўқувчилардан қолишмайди, аммо ўзлаштириш кўрсаткичлари қуйи даражада, гуруҳдаги ижтимоий мавқеи паст бўлади, носоғлом оилавий муҳитда вояга етади, ижтимоий муносабатларга кириш уқуви етишмайди.

Қолаверса, бундай ўқувчиларга асаб тизими барқарорлигининг пастлиги, жисмоний ва психологик чарчоқ ҳолатида адекват (вазиятга мувофиқ) ҳаракат қилишга қодир эмаслик, кучли салбий эмоцияларни ҳис этишга мойиллик, шахсий психологик макон чегараларини яхши англамаслик хос бўлади.

Умумий равишда, ёшларнинг вандал ҳаракатлари асосида ёки шахсий омил (ниманидир қўлга киритиш, шахсий мақсадларга эришиш, билишга бўлган қизиқишни қондириш, ўзининг имкониятларини намоён этиш, ҳукмронликни қўлга киритишга ҳаракат қилиш), ёки муҳит омили (муайян гуруҳга мансублик, ўзи учун қулай шароит яратишга интилиш, зерикиш ҳиссидан қутилишга уриниш) билан боғлиқ сабабларни қайд этиш мумкин.

Mутахассислар ўқувчилар ўртасида вандализм профилактикаси бўйича қуйидаги йўналишларда иш олиб бориш кераклигини тавсия этадилар:

1) ўқувчиларда инсон меҳнати билан яратилган нарса-буюмларга ҳурматни шакллантириш;

2) ўқувчиларнинг бўш вақтини унумли ташкил этиш;

3) оила ва синф муҳитида низоли вазиятларни бартараф этиш;

4) ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик профилактикасини амалга ошириш;

5) мактаб буюмларини асрашнинг аҳамияти юзасидан тарғибот-ташвиқот олиб бориш;

6) кўпинча зиён етказиладиган мактаб буюмларига ўқувчилар етиши, уларга зиён келтиришига тўсқинлик қиладиган ҳимоя воситаларини ўрнатиш, буюмларни мустаҳкамлаш;

7) мактаб буюмлари вандализми профилактикасига ота-оналари ва ўқувчиларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларини жалб этиш

Синф ва мактаб жиҳозлари, бино-иншоотлар, асбоб-ускуналарга атайин зиён етказувчи ўқувчини умуман учратмаган ўқитувчи ўта ноёб шахс бўлиб, ёки бир кун ҳам педагогик фаолият билан шуғулланмаган, ёки бутун фаолияти давомида фақат фариштасифат болалар билан ишлаган инсондир.

Умид қиламиз, бу кам сонли бахтли ҳамкасблардан ташқари бошқа барчага мазкур пост манфаатли бўлади.

Устоз кундалиги жамоаси (психол. ф. д. П.С. Эргашев илмий таҳрири остида)

@Ustoz_kundaligi


Иқлим ўзгариши + депрессия = ❤️?

Жанубий Кореяда 1961-1990 йиллар оралиғида ўтказилган тадқиқотга кўра:

Ўртача йиллик атмосфера ҳарорати ҳар 1°с га кўтарилса, инсонлардаги депрессия 13% га ортар экан.

Бундан ташқари:

— 19-40 ёшдаги кишиларда депрессияга мойиллик 14% га кўпроқ бўлиши мумкин;

— Агар бирор киши 20 йилдан кўпроқ пойтахт шаҳарда яшаган бўлса, депрессия хавфи 15% га юқорироқ бўлади.

— — —

Шу каби илмий асосланган психологик каналларни ўқишни ёқтираман. Шулардан бирини тавсия қиламан:

Ўқинг, ўрганинг, дунёқарашингизни оширинг 👉 https://t.me/psixo_bloguz


Ўқувчи тузоғи: манипулятор ўқувчилардан ҳимояланиш ҳақида

Муносабатга киришган тарафлар ўз мақсадига иккинчи томон воситасида эришмоқчи бўлса — манипуляцияга қўл уради.

Манипулятор тузоғини нимадан сезамиз? Дейлик қандайдир ҳаракатни амалга оширасиз.

Аммо уни шахсан ўзингиз на хоҳламагангиз, на режа қилмагансиз, балки аслида бу иш сизга зиён ҳамдир.

Шунга қарамай кимнингдир “сиздан бошқаси эплай олмайди-да...”, “наҳотки, шунчалар бераҳм бўлсангиз...”, “аслида фақат менга шунақа қиласиз...”, “ҳар доим илтимосим ерда қолган...”, кабилидаги мурожаатлари таъсирида ён босиш, кечиб юбориш, имтиёзлар бериш, ҳимоя қилишга тайёр бўлганингиз, катта эҳтимол билан манипулятор тузоғига илингансиз.

Ўқувчилар ўқитувчига манипулятив таъсирни ҳар доим ҳам онгли тарзда амалга оширмаслиги мумкин.

Лекин ўқувчи манипуляцияси ортида одатда ўқишга мотивация пастлиги, қийинчилик ва масъулиятдан қочиш, тизим ва авторитетларга қарши исён, тарбиядаги кемтиклар туради.

Ўқувчилар манипуляцияси кўпинча қуйидагиларда намоён бўлади:

- топшириқларни гўёки қийинлиги сабабли алмаштириш, бажариш муддатларини узайтириш ҳақидаги мурожаатлар;

- ўқув юкламаси жуда кўплиги, вақт етмаслиги, мактабдан ташқари қандайдир фаоллик билан шуғулланиш ҳақидаги арзномалар;

- чалғитувчи техникаларни қўллаб, мавзуга ва фанга алоқаси бўлмаган масалаларни муҳокамага олиб чиқиш.

Албатта, бу ҳаракатлар бир-икки бор кузатилса, ваҳимага ўрин йўқ, эҳтимол, ўқувчи ҳақиқатдан чарчаган, иложсиз қолган бўлиши мумкин.

Аммо бу ҳолат доимий такрорланса, дарҳол зарурий чораларни кўриш керак.

- ўқувчи мурожаатини эътироф қилиш (ишонч, қизиқ таклиф учун миннатдорчилик билдириш);

- мурожаатчи ҳолатини тушунаётганликни ифодалаш (ачиниш изҳор қилиш, унинг ҳамма фикрлари тушунарли эканини таъкидлаш);

- шахсий позицияни аниқлаштириш (шунчаки, “хоҳламайман” билан чекланмай раддиянинг сабабини келтириш);

- ўртадаги чегарани аниқ белгилаб олиш (раддияни аниқ-тиниқ айтиш, “бунинг иложи йўғов”, “чамаси буни қила олмайман”, “ўйлаб кўрилса, балки ўхшаб қолар” тарзидаги жавоблардан қочиш);

- мурожаатчига жавобни озгина пауза сақлаб қайтариш (автоматик розилик бериб юбориш ҳавфидан сақланиш);

- ортиқча узур-маъзур қилмаслик, қадди-қоматни тутиб, дадил овоз билан жавоб қайтариш (айбдорлик ҳисси уйғонишидан эҳтиёт бўлиш;

- мурожаатчи шартларига кўниш ўзига манфаатсиз эканини таъкидлаш (масалан, вазифани енгиллаштириш имтиҳондаги бўладиган қийин саволларга тайёргарлик қилиш имконини чеклашига урғу бериш).

Асосийси, болалар эҳтиёжларидан келиб чиқиб янгича ёндашувларга ва мослашишга тайёр бўлиш, аммо айни вақтда шахсий қоидалар ва қадриятларни маҳкам тутиш зарур.

Ахир унутмайлик, ўқувчида битта ташвиш бор – ўқитувчининг заиф томонини қидириш! Қачонки топса, ғалаба унинг томонидадир!!!

Устоз кундалиги жамоаси (психол. ф. д. П.С. Эргашев илмий таҳрири остида)

@Ustoz_kundaligi

5k 0 29 8 89

Устоз — Роналду

2020-йил Роналду матбуот анжуманида «Coca-cola» ичимлигини четга суриб қўяди.

Футболчининг бу ҳаракатидан кейин — компания акцияси 56,10 доллардан 55,22 тушади.

«Coca-cola» нинг бозор қиймати эса 242 миллиарддан 238 га тушиб — 4 миллиард (!) зарар кўради.

Роналдунинг биргина ҳаракати инсонларга қандай таъсир кўрсатганини кўриб — ҳайратланасиз.

Сабаби: футболчи соғлом турмуш тарзига, ҳақиқатан, амал қилади.

Биз нега ўқувчиларга таъсир ўтказа олмаяпмиз?

Ислоҳ бўлмасдан — ислоҳ қилишга интиламиз:

Гапирамиз — амал қилмаймиз. Ўрнак бўлолмаймиз.

Хуллас

Ўзимизни ўзгартирайлик — ўқувчилар ўзи ўзгаради.

@Ustoz_kundaligi

6.2k 1 84 11 222

Шароитми? Комфорт зонами?

Ёшлигимда оилавий сайрга кам чиқардик.

Бунга сабаб шароитимиз йўқлиги деб ўйлардим.

Нотўғри фикр — нотўғри хулоса чиқаришга олиб келди:

Оилавий сайр қилиш, паркда айланиш, кўнгилочар масканларга бориш — қиммат:

Фақат бойлар боради.

Шу қараш билан улғайдим. Оилали бўлдим.

Дастлаб, ортиқча харажат қилмаслик учун сайрга кам чиқардим.

Бир куни қизим билан сайрга боғга бордик.

Маза қилдик. Оилам ҳам, қизим ҳам — бағоят бахтли!

Уларни кўриб мен ҳам.

Қайтгач, ўтириб харажатларимизни ҳисобладим:

Йўл кира — 20 000

Кириш — 20 000

Жами: 40 000 сўм..

Дўстларимиз билан тушликка сарфлайдиган пулимизнинг тўртдан бири эди..

Ўйлаб қарасам, муаммо пулда эмас, эринишимизда экан:

Комфорт зонамизга кириб олганмиз. Чиқ деса "пулим йўқ", деб баҳона қиламиз.

Бўлар-бўлмас харажатлар қилиб, бахт излаймиз..

Хуллас, нима демоқчиман?

Аслида бахтли яшаш қиммат эмас.

Муаммо эринчоқлигимиздамикан?

@Ustoz_kundaligi

5.6k 0 81 16 221

Ўйлаб қарасам:

Ўқитувчи сифатида фақат — шанба одамга ўхшаб дам оларканман.

Якшанба:

- эртанги дарсга тайёрланиш;
- 1 ҳафта давомида кутаётган қийинчиликларни ўйлаш;
- дарсим қандай ўтаркан деган ҳаяжон билан ўтаркан.

Яхшиям, хусусий мактабларда дам олиш икки кун..

Сиздачи?

@Ustoz_kundaligi

5.3k 0 20 31 146

Бахтсиз болалик — буюкликка йўлми?

Дунёнинг жисмоний ва руҳий энг кучли инсони — Давид Гоггингс ҳақида

Давид Гоггинс ақл бовар қилмас рекордлари билан дунёни лол қолдирган:

• 2000-йили қисқа вақт ичида: 135 дан 86 кгга вазн ташлайди (расмга қаранг)

• 2004-йили 24 соатда 217 км югуриб, гиннес рекордини ўрнатади

• 2014-йили Давид турникда 24-соат ичида 4030 (!) маротаба тортилиб, яна гиннес рекордини янгилайди

• 2015-йили узоқ вақт сувда сузиш бўйича навбатдаги рекордини ўрнатади: 11 соат тинмай сузиб, 130 км йўл босиб ўтади

• 2018-йили бутун дунёда «бест-селлер»га айланган "Can't Hurt Me" китобини ёзади

Энди Давид Гоггингсни тарихига назар ташлаймиз:

Болалиги ичкиликка берилган дадасидан калтак ейиш билан ўтади;

Мактаб даврида ўрганишдаги нуқсони сабабли, унга ақлий заиф ташхиси қўйилади;

Ирқчилик сабабли тенгқурларидан давомий «Буллйинг» — ҳақоратга учрайди;

Ўсмирлигида эса ўта оғир вазндан азият чекади.

Давид оғир болалик травмаларини бошидан кечирганига қарамай, замонамизнинг муваффақиятли инсонига айланди:

Шароитини баҳона қилмади. Масъулиятни ўзига олди. Ўзгарди.

Хулоса

Балки сизнинг болалигингиз ҳам: жисмоний, руҳий, оилавий азоблар билан ўтгандир.

Сизда энди иккита йўл бор:

1. "Мени шароитим йўқ", "мен соғлом муҳитда катта бўлмаганман", "ёшлик жароҳатларим бор", - деб баҳона топиш;

2. Масъулиятни олиб, ушбу қийинчиликларни мотивацияга айлантириш.

Иккинчисини танланг.

@Ustoz_kundaligi

7.5k 2 132 6 151

Педагоглар — бировнинг боласи деб уйқуси бузиладиган ягона соҳа одамлари.

Николас Феррони

@ustoz_kundaligi

10.1k 1 148 16 273

Ўрмонимиз бўрилари

Кийиклар бегуноҳ ўтхўр жонивор.

Бўрилар эса ваҳший қонхўр ҳайвон:

Бўрилар — душман. Кийиклар — дўст, дейиларди 100 йил аввал.

Шу фикрлаш билан — 1926-йили «Yellowstone» ўрмонида ходимлар барча бўриларни қириб ташлайди.

Мақсад: душман бўриларни камайтириб — кийикларни кўпайтириш.

Бўриларсиз ҳаёт даҳшатли фалокат олиб келади.

Ўрмон экологик мувозанати ишдан чиқади:

Кийиклар ҳаддан зиёд кўпайиб, кичик ниҳол ва ўтларни еб тугатади.

Кийиклар кўпайишда давом этиб — 20,000 дан ошиб кетади.

Ходимлар — чорасиз.

Ҳукумат бўриларни йўқ қилиш катта хатолигини тушуниб етади:

1995-йилда Канада ўрмонларидан бўрилар тутилиб, Yellowstone ҳудудига қайта олиб келинади.

Ҳаётимизда ҳам бизга салбий кўринадиган "қонхўр бўрилар" бор:

Гўштимизни ейди, азоблайди, қўрқитади.

Ҳаётингизда шундайлар борми? сиқилманг, беҳикмат эмас!

Улар, аслида, бизни шахс сифатида ривожлантираётган бўлади.

Уларни қадрлаш керак.

Ўткир Ҳошимов айтганидек:

Ёмонларни эҳтиёт қилинг! Ёмон йўқ бўлса, яхшининг қадри билинмай қолади!

@Ustoz_kundaligi

14.1k 1 242 5 164

Ҳамма ўқувчиларга бирдек ёқмоқчи бўлсанг — устоз бўлма, музқаймоқ сот.

Стив Жобс

@Ustoz_kundaligi

9k 0 144 16 359

Ёлғончи болалар ва болалар ёлғончилиги ҳақида

Уч ёшдан кичик болалар ҳам одатда ёлғонни билдириб қўядиган имо-ишораларни кўрсатмай, яъни ёлғонни ниқоблаб, алдашга қодир бўларкан.

Кузатувлардан маълумки, бола ёлғонлари кўпинча жазоланиш эҳтимолидан сақланиш усули бўлиб хизмат қилади.

Хусусан, болага қўлланадиган жазо даражаси қанчалик оғир бўлса, ёлғоннинг кўлами ва оғирлиги ҳам шунчалик юқори бўлади.

Бошқача айтганда, ёлғон ҳам ўзгарувчан ташқи муҳитга мослашишнинг ўзига хос усули сифатида хизмат қилади.

Бундан ота-она ва тарбиячиларга амалий хулоса:

Бола ёлғон гапира бошладими, демак, тегишли вазиятларда ўзини хавфсиз ҳис этмаяпти.


Бу мантиққа кўра, болага унинг хавотирлари ўринсиз эканини кўрсата олсак, бу билан ёлғонга ўзини ҳимоя қилиш воситаси сифатида мурожаат этиш заруратини сусайтирган бўлар эдик.

Нимани ёлғон деб тушуниш ҳам ёшга боғлиқ экан:

- 5 ёшли болалар ёлғон деганда ҳар қандай нотўғри маълумот бериладиган вазиятни тушунадилар;

- тахминан 7 ёшга келиб, болалар одам бировни атайин эмас, бехосдан чалғитиб қўйган ҳолатни ёлғон ишлатилган вазият деб баҳоламай қўяди;

- 11 ёшли болалар 9 ёшли болалардан фарқли равишда бирор нарсани била туриб, индамай қўя қолишни худди шундай ёлғон вазияти сифатида тушунмайди

5 ёшли болалардан фарқли ўлароқ 11 ёшли болалар яхшилик мақсадида қилинган ёлғонни энди ёлғон деб билмайди;

Мутахассислар ота-она ва педагогларга бола феъл-атворида ёлғон ишлатишдек зарарли одат чуқур илдиз отиб кетишига йўл қўймаслик учун қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишни тавсия этадилар:

1)бола ёлғонига дуч келганда асосий эътиборни ёлғон ишлатилган вазиятга эмас, шу вазиятни юзага келтирган сабабларга қаратиш ақллироқ ишдир;

2)“билганинг фақат ёлғон”, “алдаганинг алдаган”, “рост гапирганингни ҳам эшитармиканмиз” каби тамғасифат мулоҳазалардан фойдаланмаслик;

3)тарбиявий ишлар индивидуал ўтказилиши самаралироқ бўлиб, бунда ишни “аввалдан бекор қилинган танқид” услубида, яъни бола, албатта, муваффақият қозониши, ёлғондан қутила олишиги умид намоён этиш орқали унда ўзига ишончни уйғотиш муҳимдир;

4)болалар ёлғончилигини тўғрилашда унинг ҳам ақлий, ҳам эмоционал-мотивацион соҳасига таъсир кўрсатиш, яъни тарбиявий таъсирни вербал ва ҳаракат йўналишида амалга ошириш (масалан, ёлғончи болага бирор ўйинда шунчаки бошқалар назоратчиси эмас, балки қолганларга тўғри иш қилишни ўргатувчи ўқитувчи, маслаҳатчи қилиб тайинлаш тўғри бўлади.

Бир сўз билан айтганда, ёлғон ва ёлғончилик ҳам яхши инсон тарбияси йўлида ота-она ва педагоглар олдидан чиқадиган кўп сонли давонлардан биридир.

Уни енгиб ўтиш ҳам улкан сабр-тоқатни ва ҳаётий донишмандликни талаб қилади.

Бу жабҳадаги кураш ҳам осон кечмаслиги аниқ. Ахир бу ҳақиқий инсон учун тарбия майдонларида кечадиган оғир жангларнинг биридир.

Устоз кундалиги жамоаси (психол. ф. д. П.С. Эргашев илмий таҳрири остида)

@Ustoz_kundaligi


Шу йигит менман) 😎

7.3k 0 1 19 188

Forward from: Sodiq School
Video is unavailable for watching
Show in Telegram
🌍 Sodiq School’da Tarix nega ingliz tilida o‘qitiladi?

🔑 “O‘tmishni bilgan odam kelajagni o’zgartiradi.”

✅ Ingliz tilida yozilgan kitob va tadqiqotlarni aslida o‘qish;

✅ IELTS va SAT imtihonlariga tayyorlanish;

✅ Chet el universitetlariga kirish imkoniyatini oshirish.

Sodiq School — Xalqaro ta’lim sari dadil qadam!

📞 788888080
Telegram | Instagram | Facebook | YouTube

8k 1 26 8 118

Ўқитувчи темирданмас-ку ёҳуд педагогнинг касбий куйиши ҳақида

Педагогик фаолият ҳиссий бўёқдор меҳнат турлари тоифасига киради.

Жисмоний қувватнинг ҳам маълум чегараси бўлганидек, ҳиссиётлар базаси ҳам чексиз уммон эмас.

Доимий ҳиссий ифодалар билан тўлиб тошган меҳнат педагогни эмоционал толиқтириши табиий.

Толиқиш сурункали тусга кириши оқибатида эса фанда “касбий куйиш” деб аталадиган ҳодиса рўй беради.

Педагог касбий куйиш даражасида толиққанини уйқу ва иштаҳа бузулиши, тез-тез бош оғриши ва касалликларга чалинаверишдан ташқари қуйидаги психологик аломатлар кўрсатади:

1.Болалар ва ҳамкасбларни “кўргани кўз йўқлиги”, ҳуда-беҳуда бақироқ бўлиб қолиш, ҳатто, уйдагиларга ҳам бақиришга одатланиш.

2.Машғулот ўтказиш, уй вазифа текширишга нисбатан қаттиқ оғриниб, ғашлик билан қараш, муҳим ишлар қолиб, эътиборсиз майда ишлар билан ўралашиб юришга мойил бўлиш.

3.Ишга фақат кун кўриш учун иложсизликдан бориладиган жой сифатида қарашга ўрганиб, фан, методика бўйича янгиликлар ўрганишга тоқатсиз, эътиборсиз бўлиб қолиш.

4.Касбий фаолият доирасида учрайдиган одамларга нисбатан мутлақ бефарқ муносабатга, ишга фақат расмиятчилик кўзи билан қарашга ўтиб олиш.

Бунинг олдини олса бўладими?

- дам олиш вақтини қизиқарли машғулот, хобби билан ўтказиш, ақлий ва жисмоний меҳнатни алмаштириб туришга ўрганиш;

- ишдаги нохушликларни вақтинчалик ҳолат сифатида идрок этиш, касбий муваффақиятлар учун ўзини мақташ, рағбатлантириш;

- ҳар доим ҳамма ишни “ипидан игнасигача” билиш, мукаммал қилишга интилмаслик, бошқалар билан доим мусабақалашишга ружу қўймаслик;

- энг яқин мулоқот доирасида касбий фаолиятга умуман алоқасиз одамлар ҳам бўлишига, ишга тегишли бўлмаган адабиётларни ҳам ўқишга интилиш;

- ишда шахсий ҳаётдаги муаммоларни муҳокама этмайдиган, очиқ, позитив инсонлар билан мулоқот қилишга интилиб, ёқимсиз шахслар билан салом-алик даражасида муомалани енгилгина чеклаш;

- психологик ўзини-ўзи бошқариш методикалари, мушакларни бўшаштирувчи, юз соҳасини массаж қилиш техникаларини қўллаш;

- бажараётган ишнинг кундалик деталлари, ёқимсиз томонларидан кўра ижтимоий аҳамияти, инсонпарварлик мазмунига эътибор қаратиш.

Шундай формула ишлайди:

Ўзимиз қилаётган ишдан маъно топа олсак, унинг паст-баланди ҳам кўзимизга унчалик кўринмайди.

P.S. Мавзу ўта жиддий ва оғриқли бўлгани учун касбий куйиш рўй бериб бўлган тақдирда қандай йўл тутиш мумкинлиги масаласини алоҳида кейинги постларга қолдира қолдик...

Устоз кундалиги жамоаси (психол. ф. д. П.С. Эргашев илмий таҳрири остида)

@Ustoz_kundaligi

13.2k 2 126 11 64
20 last posts shown.