ҲАҚИҚИЙ ОЧЛИК КЎЗДА
Имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Шуъабул иймон” китобида саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ҳадис келтиради:
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бирига қўйнинг калласи ҳадя қилинди. У : “Фалон дўстим ва унинг оиласи бунга биздан кўра муҳтожроқ”, деб уни дўстига юборди. У ҳам шундай деб ўйлаб бошқасига юборди. Шундай қилиб қўйнинг калласи етти кишидан айланиб яна биринчи кишига келди. Шундан кейин Аллоҳ таолонинг: “Гарчи ўзлари муҳтож бўлишса ҳам (биродарларини) ўзларидан устун кўрадилар!”, ояти нозил бўлди!”.
Улар ана шундай, ўзлари муҳтож бўлишса ҳам ўзгаларга беришар эди. Биз эса муҳтож бўлмасак ҳам ўзимизга олаверамиз.
Уятли ҳолатлардан бири шуки, бирор киши қаттиқ нон бўлсада эҳсон тарқатса борми, ўзига тўқ бўлганлар ҳам юқоридаги қўл бўлиш ўрнига пастки қўлга айланиб ундан ҳисса олгиси келади. Фақирларга беришадиган садақани олиб уларни яна танг аҳволга солади.
Таассуфки, ҳақиқий очлик меъдада эмас, кўзда бўлиб қолаяпти!
https://t.me/Abdulqodir_Polvonov