Нега «яшил» энергия фойдасига газдан воз кечиш лозим?Бугунги кунда иқлим ўзгариши, атмосфера ҳавоси ифлосланиши ва бошқа долзарб экологик муаммолар кечиктириб бўлмас чора-тадбирларни тақозо этмоқда. Ана шундай чоралардан бири қайта тикланадиган манбалардан олинадиган электр энергиясидан фойдаланишга — «яшил энергетика»га тўлиқ ўтишдир.
Иссиқхона газлари ташламалари камаяди
Табиий газни ёқиш пайтида ҳар бир кубометр газ учун тахминан 2,75 кг CО₂ ажралиб чиқади. Бу жараён, шунингдек, оз миқдорда метан чиқаради, бу карбонат ангидриддан 25-28 марта кучли иссиқхона газидир.
Ҳаво сифати яхшиланади
Овқат пишириш жараёнида газ плитаси соатига тахминан 0,2-0,3 куб метр табиий газни ёқади, бу соатига 0,4-0,6 кг CО₂ ташламалари ажралиб чиқади дегани. Электр печь эса соатига ўртача 2-3 кВт / соат энергия (қайта тикланадиган манбалардан олинадиган энергия) истеъмол қилади, зарарли ташламалар эса деярли йўқ (соатига 0,05 кг CО₂ дан кам).
Метан хавфи бартараф этилади
Табиий газни қазиб олиш ва ташиш жараёнида кучли иссиқхона гази — метан ажралиб чиқади. Метан сизиб чиқишини назорат қилиш жуда қийин ва углероднинг салбий таъсирини сезиларли даражада оширади. Электр энергиясидан, айниқса, қайта тикланадиган манбалардан фойдаланиш эса бу хавфни бутунлай йўқ қилади.
Энергия самарадорлиги оширилади
Замонавий электр жиҳозлари (масалан, индукцион печлар, иссиқлик насослари) газга қараганда анча тежамкор, бу эса умумий энергия сарфини камайтиради.
Атмосферага 6,5 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади
Ўзбекистонда 2030 йилга келиб ишлаб чиқаришда қайта тикланадиган энергия манбаларининг улушини 54 фоизга етказиш, 19 минг МВт қувватга эга қўшимча «яшил қувватлар»ни қуриш кўзда тутилган. Шунингдек, 3400 МВт қувватга эга 18 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 1800 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимини ишга тушириш мақсад қилинган. Мазкур чора-тадбирлар «яшил энергия» ишлаб чиқариш ҳажмини 12 миллиард кВт/соатгача ошириши кутилмоқда. Бу 5 миллион хонадоннинг йиллик истеъмолига тенг бўлиб, атмосферага 6,5 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олдини олади.
Юртимизда аҳоли сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 37 миллион 543,2 минг кишига етди ва 2024 йилда аҳоли ўсиши 2 фоизни ёки 743,4 минг кишини ташкил этди (2025 йил 1 январь ҳолатида). Аҳоли энг зич ҳудуд эса Тошкент шаҳри ҳисобланади. Албатта, ҳар ким энг қулай шароитларда яшашни истайди ва бунга ҳақли. Аммо табиат ҳақида ҳам қайғуриш, нафақат ўзимиз, балки атроф-муҳит билан ҳисоблашиб яшаш вақти келди.👉
Tochno.uz