3
Қариндош туркман халқида ўзаро «Руҳбаланд бўлинг», «Руҳингиз доимо баланд бўлсин», «Руҳни асло туширманг» каби тилакларни ишлатиш, бир-бировнинг кўнглини кўтариш миллий-маънавий қадриятлар тизимида муҳим аҳамиятга эга. Туркман шоирлари, жумладан, Махтумқули Фироғийдек халқпарвар санъаткор ўз асарларида одамизотга умидбаҳшлик руҳини бағишлаш каби эзгу ният билан ҳам қалам тебратганлар.
Махтумқули, Ҳақдан тила борингни,
Тилар бўлсанг тила ўз иймонингни.
Т.Ж.:-Бу – Махтумқулининг инсон қалбига жо этаётган энг юксак умидбаҳшлик руҳи, энг мўътабар илоҳий мақсад-тилаги ҳисобланади. Дарҳақиқат, бизнинг асосий умидимиз, муҳим тилакларимиз энг аввало меҳрибон Парвардигордангина бўлади. Шоир «Карам истарман» шеърида ҳам «Авваламбор Қодир Оллоҳ, Сендан бир карам истарман» деб ўз илтижосини баён этган. Оллоҳ бошини сийлаган, йўлини тўғри қилган инсон ҳеч нарсадан юки бўлмайди. Шу маънода «Карам»ни – илтифот ёки раҳнамоликни, бойлик ёки мартабани, илм ёки истеъдодни яратган Оллоҳимизгина беришини билишимиз, бу умидларни ул буюк илоҳдангина қилишимиз лозим бўлади. Чунончи, валий шоиримиз юксак ишонч ва эътиқод билан уқтирганидек, «Ҳақ бандаси Ҳаққа чиқар». Бу ҳар банданинг кўнгли Оллоҳ-Ҳақнинг ёди ва эътиқоди билан нурафшон бўлиши лозимлигини англатадиган сабоқдир. Биз одатда умид ва тилакни ким-ким мансабдор ёки бадавлат каслардан қилиб, хатога йўл қўйганимизни, ғофилликдан алданиб қолганимизни сезмаймиз. «Номардларга, миннатли бандасига қолган кунингиз қурсин, болам, – дердилар раҳматли падаримиз Исоқ Пўлатов. – Ҳар не қилинг, ўзингиздан, ўз кучингиз, ўз заковатингиздан қолманг. Умид қилинг, умидни фақат Худойимдан қилинг».
Отамизнинг кўп ишлатадиган яхши кўрган бир иборалари бўларди, «Машойихлар айтибдиларки, ҳосил умиди бор экин экканга, деб...» дердидар у киши. Падаримиз тенгдошлари, чўпон ёки деҳқонлар билан ўзаро иш-ташвиш муносабатларида шу иборани қўллаб, ҳамсуҳбати қалбига ёруғ бир умид, ғайрат ва истиқболга ёруғ ишонч руҳини бағишлай олардилар. Бу ажиб ҳодисани қарангки, падаримиз ишлатадиган севимли иборалари аслида «Ҳосил умиди бор экин экканга» шаклида ҳазрат Маҳхтумқулига тегишли бир мисралик ҳикмат экан. Болалик кезларимдан эслайманки, падаримиз Махтумқули ҳақида эҳтиром билан гапирар, гап орасида асарларидан таъсирчан мисоллар келтиришни яхши кўрардилар.
А.Х.Б.:-«Ҳосил умиди бор экин экканга», деган ҳикмат барча меҳнат аҳлига, ҳунарманд ёки ижодкорга, қолаверса, Худо берган умрини яшаб, ризқини териб юрадиган бандага юксак умидбахшлик руҳини бағишлаш кучига эга бўлган фикр-даъватдир.
Йиғлабон Махтумқули, даргоҳига арз айлагил,
Не учун, кўп йиғлаган бир кун кулосидир кўнгил.
Ростки, ҳар қандай бахтсиз бахтни, мулксизлар мулкни, мавқесизлар мавқени, фарзандсизлар зурриёдни фақат Ҳақ даргоҳидан тилаб олишлари, бу борада умидни фақат Оллоҳнинг ўзидангина қилишлари мумкин. Махтумқули учун Ҳақдан ўзгасидан ҳар қандайин номарду нокасдан кутиш мумкин эмас:
Қодир Жаббор, сендан тилагим кўпдир,
Сен мени номардга муҳтож айлама.
Хазинангдан бергин менинг ризқимни,
Бандангни бандангга муҳтож айлама.
Қодир Жабборнинг хазинаси туганмас, истифоти адо бўлмасдир. Шу маънода бўлса керакки, доно авлодларимиз «Қўлдан берганга чумчуқ тўймас, ётиб еганга тоғ чидамас» каби ҳикматомуз фирк-танбеҳлар ижод қилганлар. Шоирнинг талқинича, Ҳақдан умид қилиб топилган мол-мулк ҳалолдир. Шунинг учун ҳам у бандани ҳаром топадиган эгри йўлга эмас, халол топадиган тўғри йўлга бошлашини Ҳақдан илтижо қилади:
Оздирмагин тўғри йўлдан эгрига,
Эгрини тенг қилма ҳаргиз тўғрига,
Ўзга моли насиб қилмаг ўғрига,
Ҳалолни ҳаромга муҳтож айлама.
Т.Ж.:-Оллоҳга умид-илтижо қилиб топилган мол-мулкнинг ҳалоллига – инсон умрининг безаги, обрўйи эканлигини унутмаслик, доимо ниятимизни шундай пок тутмоғимиз керак бўлади. Бундай ёруғ умидбахшлик, пок ният-илтижо намунасини Махтумқули ҳазратнинг ўзлари кўрсатиб, миллионларга намуна кўрсатаётганидек бўладилар:
Карвон бўлсам тўғри йўлдан қочмасман,
Номард кўпригидан ўлсам кечмасман,
Қўлидан бир коса шароб ичмасман,
Соғ қўлим сўл қўлга муҳтож айлама.