Қани, шаробдан қуй – бошқа не дейин –
Ҳукумат бир томон, жонинг бир томон бўлса.
Хаёлпараст шоир сенга ҳам қийин,
Элим деганинг бир оломон бўлса.
Бугун сочларингнинг оқлари кўпроқ,
Йиллардан-йилларга ўтгансан кўчиб.
Онадай ғамгусар пойингда тупроқ,
Қуш каби кетмадинг олисга учиб.
Оёқдан нам ўтар қон кечган палла,
Гоҳ бўйнингда дор, гоҳ қўйнингда дилдор.
Ёниб ҳақиқатни айтдинг баралла,
Патинкам тешик деб айтмадинг бир бор.
Барчасини бир кун қаро ер ейди,
Ватан яшар кўзинг қоралиғида.
Чўлпонни отганлар ҳақиқат дейди,
Яшадинг икки ўт оралиғида.
Маддоҳлардан бездинг, юракни эздинг,
Жигарингни бўлдинг тозиларга ҳам.
Қамоқни ҳам кездинг – барини сездинг,
Тупуриб қўйгансан қозиларга ҳам.
Қайдадир увласа ёлғиз бир бўри,
Бўрининг овози сўзсиз бўзингдир.
Сенга тожу тахтмас – аталган сўри,
Шоир – Ватан сенинг айтар сўзингдир.
Қоронғу кечада ёқиб ўтдинг шам,
Сен ғамлаб яшадинг қишга ўтинни.
Орсизлар ўрисга чопқиллаган дам,
Босқинчи деб айтдинг золим Путинни.
Пул учун соч юлар шаллақи аёл,
Пул учун гапирар оғзи қийшиқ бой.
Фақат инсон қодир суришга хаёл,
Итга ватан бўлар қорни тўйган жой.
Бу дунё Ҳайёмнинг ўткинчи туши,
Пахталар тергансан оғриганча бел.
Эркинлик сасидан оққандир ҳуши –
Каримов даврида оғзи юмуқ эл!
Ким бошини эгган, ким алам ютган,
Кўрдинг – кўрмаганнинг кўрганларини.
Мошин навбатида кимлар унутган,
Нонга қатор навбат турганларини.
Бош эгса ошиқлар бошини эгсин,
Маъшуқ қўлида чалинганда най.
Қўлингдаги қадаҳ лабингга тегсин,
Самарқанднинг гўзал маликасидай.
Қани, шаробдан қуй, бошқа не дейин,
Балки ҳаётингга муҳаббат меҳмон.
Хаёлпараст шоир сенга ҳам қийин –
Севгидан устундир бир Ўзбекистон!
2.01.2025.
Талант ТОЛЕРАНТ@sheriylahzalar