– Бизлар абдоллармиз, – деди ул зот. – Ер юзида Аллоҳнинг йўлига кирган ҳар кимнинг ёрдамига шошамиз. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгач, унинг сулбидан одамларнинг барчасини чиқариб, “Мен Сизларнинг Роббингиз эмасманми?” – деб сўраганида барчамиз: “Албатта, Сен бизнинг Роббимизсан!” – деганмиз. Аллоҳ бизлардан руҳ ҳолимизда Ўзига итоат қилиш қасамини, мусулмонлик ваъдасини олди. Дунёнинг ҳаёти мангулик олдида бир неча лаҳзадир. Шу бир неча лаҳзалик ҳаётда ваъдамизга мувофиқ яшамоғимиз лозим. Роббимиз бизга лутф қилди, биз бу ҳақиқатни англадик. Жисм оламининг ўткинчилиги ва руҳ оламининг абадийлигини билдик. Жисм биз руҳларга кийдирилган либослар, холос. Агар бу либосни пок ҳолда сақлаб дунё ҳаётидан яшаб ўта олсайдик, Роббимизга берган ваъдамизга хиёнат қилмаган бўлардик. Аллоҳ кимни муносиб билса, унга қурбат мақомини беради ва уни жисм оламидан руҳ оламига лутф қилиб ўтказади. Биз шулар сафига кирдик. Роббимизнинг изни билан Унга талпинган бандалар ҳақига дуо қиламиз, уларга Аллоҳнинг мададини сўраб берамиз. Биздан ихлос ила дуо сўраганларга дуолар қиламиз. Бу мухлис бандаларнинг насибаси. Ҳаммамиз Роббимизнинг қулимиз. Ҳаммамиз Унинг лутфига кўз тутамиз. Унинг қайтариқларидан қайтамиз. Амрларига итоат қиламиз. Денгиз сен Хористон халқини Роббимизнинг ҳидояти томон даъват этмоғинг керак. Ҳуррият, Аллоҳнинг дини бўлмаса, асло бўлмас! Сўнг қул эканларини ҳам идрок эта олмайдиган у халқни ҳурриятга бошла. Биз ҳамиша Сен учун Аллоҳдан мадад сўраймиз. Ўз ишингда собит туришинг учун сени меҳмон қилмоқдамиз. Сен билан суҳбат қурмоқдамиз. Шуни ёдда тут. Дарвоқе, мени таниб ол: Зуннуни Мисрий деб атайдилар. Булар эса менинг дўстларимдир. Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаган, аммо ул зоти шариф алайҳис салоту вас саломнинг силсиласига боғланмоқ умидидаги ҳалқалармиз, иншааАллоҳ. Сенга Аллоҳнинг изни билан ошкораю пинҳона мадад йўллаб тургаймиз. Роббимиз Ўзи истаган бандаларига нусрат ва ғалабалар ёғдириб қўяди. Умид қиламизки, Сен ўша бандалар сафида бўлажаксан!
Денгиз бу нуроний зотлар суҳбати ва илтифотидан шодлик ва бахтиёрлик туйди, айни пайтда, нақадар ҳақир ва хор ҳолатидан уни шундай улуғлар жирғасига келтирган Аллоҳга ҳамд айтди.
Суҳбатдан сўнг бир лаҳзада ҳужрага қайтдилар. Барча истироҳатда эди. Ҳазрат сассиз ва садосиз ҳолда чиқди.
Денгиз бу нуроний зотлар суҳбати ва илтифотидан шодлик ва бахтиёрлик туйди, айни пайтда, нақадар ҳақир ва хор ҳолатидан уни шундай улуғлар жирғасига келтирган Аллоҳга ҳамд айтди.
Суҳбатдан сўнг бир лаҳзада ҳужрага қайтдилар. Барча истироҳатда эди. Ҳазрат сассиз ва садосиз ҳолда чиқди.