Ким Ҳаққа қул бўлса, ким Ҳақ дўсти бўлмоқ учун интилса, уларни дўст тутади. Ҳеч қачон ҳавосидан келиб чиқиб қарор бермайди. Аллоҳдан ғофил бўлмоқ – энг катта бахтсизликдир. Халқни шайтон зулмидан озод қилишга бел боғлаган сардорнинг Аллоҳдан ғофил қолиши мумкин эмас. Агар у ғофил қолса, бутун оламга ўт кетади. Ғофил қолмасликнинг йўли доимий зикрдир. Доимий тоатдир. Вирддир! Вирд нелигини биласанми? Вирд ичиш дегани. Ворид сув ичирувчи, соқий демакдир. Аллоҳнинг зикрини ич. Аллоҳга бўлган итоат ва тоатни ич. Аллоҳга қуллик қилиб, Унга ибодат қилмоқни олий мақсад, балки ягона мақсад деб билсанг, билки, сен уйғоқсан. Зотан, бошинг саждада бўларкан, вужудинг рўза тутаркан, тилинг Унинг исмини айтиб ҳўлланаркан, қалбингда фақат Унинг ёди бўларкан, бу энг гўзал Уйғоқликдир. Бундан айрилиш ухлаш, балки тирик ҳолда ўлишдир. Ўлик ҳолда яшашдир. Денгиз! Инсон табиати нуқсон ва камолга тўла. Унинг ботинида иккиланиш, катталик, қўрқув, иккиюзламачилик, ҳийла, ёлғон ва яна саноқсиз касалликлар жам бўлган. Шу қаторда қатъият, камтарлик, жасорат, ростгўйлик, самимият, тўғрилик ва шулар сингари бир қанча фазилатлар ҳам бор. Одамларни тарбиялашда ана шу фазилатларни излаб топиш лозим. Ҳар бир инсон ўзидан ана шундай камолот белгиларини кашф этмоққа интилсин. Инсон юксалгани сайин ўзидаги камчиликларни яққол кўради, чунки у юксалмоқда, юксакдан пастдаги нарсаларни аниқроқ ва тўлиқроқ кўрмак имкони бор, зотан. Чўкаётган банда эса ботқоқ тубига киргани сайин умидсизликка қул бўлади. Қутулмоқнинг ҳеч қандай иложи йўқ деган ёлғонга асир тушади. Сенинг вазифанг бу ёлғондан Хористон халқини халос этмоқдир. Жоҳиллар ҳар бир тақдирда битилган, биз ҳар қанча интилсак ҳам у ўзгармайди деб исён қиладилар. Нақадар чуқур жаҳолат бу! Қадар инсонни мажбурлаш учун ёзилгани йўқ, у Аллоҳнинг азалий илмидан бир хабар ўлароқ битилди, холос. Роббимиз инсонга бир қисм ихтиёр берган, ана шу ихтиёр билан банда ўз ишларини хоҳлайди ва бажаради, Роббимиз эса унинг ихтиёрига яраша ишларни яратиб беради. Одамларга бу ҳақиқатларни англатмоқ шарт. Улар инонсинлар. Ишонсинлар! Инонмакдан ўзга чора йўқ. Акс ҳолда, хорлик ҳаётидан қутула олмаслар. Денгиз, Хористон мустабиди ҳукмдорнинг тошдан бунёд қилинган қасрининг энг чуқур ертўласида бир кутубхона бор. У кутубхонада сизлар яшаётган ўлканинг тарихлари битилган саҳифалар сақланмоқда. Уларни золимлар йўқ қилиб юбормайдилар, чунки бу уларнинг ўзлари учун зарурроқ. Агар тарихни унутсалар, келажакни қўлдан чиқаражакларини чуқур англайдилар. Шунинг учун тарих саҳифаларини асраб-авайлайдилар, ўқийдилар ва унга суяниб иш юритадилар. Аммо бу тарихни асл эгаларидан беркитадилар. Нуҳ алайҳиссаломнинг кенжа ўғли пайғамбар Ёфас алайҳиссаломнинг тўнғич фарзанди исми Турк эди. Хористон Туркнинг авлодларидан бўлган бир қисмнинг Ватани эди. Сен ҳам турклардансан. Қолган ҳақиқатлар эса мозий варақларига битилган. Мустабид ҳукмдорни енгиб, бошини танасидан жудо қилганингдан сўнг уларни олиб ўқий оласан...
Бистомий ҳазратларининг сўзлари Денгиз учун нурга тўла уфқларни очди. Фикратидан пардалар кўтарилди. Устози Исмоилни эслади. Онаси Ойгул хаёлидан кечди. Ишни нимадан бошлашини эса тасаввур ҳам эта олмасди.
– Устозинг Исмоил тирик ва у иблис зиндонида ётибди. У Аллоҳ изн берган фурсатда қутулиб келади ва сенга энг яқин ёрдамчи бўлади. Онанг Ойгул ҳам умрининг сўнгига қадар сенга ҳамроҳлик қилади. Унинг бошидан кўп машаққатлар ўтган ва у матонатли муслимадир. Ишни нимадан ва қандай бошлашинг Аллоҳнинг изни билан сенга кўрсатилади, – деди Бистомий ҳазратлари Денгиз ҳали бирор сўз айтмай туриб. Балки бу сўзларни ҳам ҳазрат овоз чиқариб баён қилмагандир, балки у ҳам қалби билан нидо қилгандир Денгизга...
Денгиз тутқунликда эканида кўрган тушларини эслади. Нуҳ алайҳиссалом, Юсуф алайҳиссаломлар ҳақида кўрган эди. Айниқса, Юсуф алайҳиссаломни Миср азизининг хотини туҳматига учрагани устида бу туш узилган эди. У энди билдики, буларнинг барчаси ҳақ ва раҳмоний тушлар бўлиб, пайғамбарлар ҳаёти унга танитилган экан.