2009 йилги Чемпионлар Лигаси финали олдидан ечиниш хонасида Гвардиола шогирдларига «Гладиатор» филмини қўйиб берган экан. Уёғини футболчилардан бири ҳикоя қилади:
«Филм қандайдир баландпарвоз шиорга уланиб кетди, биз бошқача бўлиб қолгандик. Салга йиғлаб юборадиган даражада ҳиссиётлар жунбушга келганди. Ўйин бошланганда то ўзимизни босиб олгунимизча, «МЮ» уч марта гол уриши ҳам мумкин эди. Менимча, Пепнинг бундай ғояси унчалик тўғри қарор эмасди»
Хусановнинг дебюти олдидан ҳам негадир ўша ҳикояни эслагандим. Футболчига боғлиқ хабарлар кўпайгани мутлақо табиий, аммо ҳаммаси футболдан ҳам каттароқ даражага чиққанида, менимча, нотўғри. Абдуқодир, сени ватан кутади, Абдуқодир, сени бутун Ўзбекистон кузатмоқда, Абдуқодир, ортингда қирқ миллион ўзбек турибди ва ҳоказолар, умид қиламанки, Абдуқодир бундай чақириқларни ўқимаган.
Унинг хатоси голга сабаб бўлгач, кейинги тўлқин бошланди, Абдуқодир, бўш келма, Абдуқодир, ҳечқиси йўқ, Абдуқодир, сен биланмиз, эй, Абдуқодирни қувватла, қанақа ўзбексан? Умид қиламанки, Абдуқодир буларни ҳам ўқимаяпти.
Футболчининг энг кучлиси ҳам фақат футболдаги босимни кўтара олади. У ҳозир бизнинг эмас, жамоадошларининг, уни шу пайтгача танимаганларнинг ишончига кўпроқ мухтож - бу ўша ерда ҳал бўладиган масалалар. Биз шундоғам ишонамиз, биз учун ўша ерга тушганининг ўзи ҳам етарли, тамом. Жозе Моуриньо баъзи футболчиларга кескин танқидлар мотивация беришини, баъзилар эса доимий қувватлашга мухтож бўлиб, умуман ҳар бир футболчи турлича муносабат таъсирли бўлишини айтганди. Яъни айни пайтда Хусановга нима ёрдам беради, у бундай босимларни қандай енгиб ўтишга одатланган, унинг яқинлари яхшироқ билишади, навбат уларга.
Менимча, энди Хусанов биз учун максимум бир футболчи сифатида қолиши, ортиқча баландпарвоз шиорлар камида фойдасиз эканини тушунишимиз яхшироқ бўларди. У «Бунёдкор»дан Белоруссияга, кейин Францияга йўлни бизсиз босиб ўтди, ёнида биз йўқ эдик. Айни паллада ҳам унга биз керак эмасмиз.
@aslanov_futbol