Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафоти муносабати билан ҳамдардлик Воҳамиз санъати оғир жудоликка учради. Вилоятимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган фидойи хонанда ва актриса,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Дўстлик” ордени соҳибаси Ойгул Халилова вафот этди.Ойгул Халилова 1961 йилда Шаҳрисабз туманида туғилди. Ўрта мактабни тамомлаб, Шаҳрисабз туманидаги “Шодиёна” ашула ва рақс ансамблида хонанда сифатида иш бошлади. Бетакрор овози билан тезда санъатсевар халқимиз назарига тушди.
Қарши давлат университетида таҳсил олди. Вилоят мусиқали драма театрида, Қарши шаҳридаги “Мулоқот”, “Эски масжид” театр-студияларида актриса сифатида фаолият юритди. Турли спектаклларда юзлаб бош ролларни маҳорат билан ижро этиб, томошабинлар ва соҳа мутахассисларининг эҳтиромини қозонди.
Воҳамиз театр жамоаларининг Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Италия, Франция, Германия, Бельгия, Миср Араб Республикаси каби давлатларда ўтказилган нуфузли халқаро театр-фестивалларда “гран-при” ва бошқа бир қатор совринларга сазовор бўлишида Ойгул Халилованинг улкан хизматлари бор.
Турли йилларда Қарши давлат университети доценти, Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқитувчиси сифатида ёшларга мусиқа ва анъанавий ижрочиликдан дарс берди.
Халқ меҳрини қозонган хонанда ўзининг лирик ва мумтоз қўшиқлари билан республика ва вилоят миқёсида ташкил этиладиган Мустақиллик, Наврўз сингари байрамлар тантаналари, турли нуфузли анжуманлар файзига файз қўшиб келди. Вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманлари, олис чўл ва тоғ ҳудудларида ўтказилган маданий тадбирларда фаол қатнашиб, халқимизни ўз санъати билан баҳраманд этди.
Халқимиз севган фидойи санъаткор Ойгул Халилованинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
М.Азимов, Я.Иноятов, М.Шарапова, И.Тўраев.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.