Пичирлашнинг сирли кучи ёҳуд устозларга ибратбўладиган воқеа
Педагогика оламида Шалва Амонашвилли исмини эшитмаганни топиш қийин.
Биз ҳам каналимизда устоздан айрим маҳорат дарслари билан бўлишгандик.
Ишонасизми, педагогика фанлари номзоди (1960), психология фанлари доктори (1972), педагогика фанлари академияси академиги (1989) Шалва Амонашвилли 7-синфгача қип-қизил иккичи бўлган.
Ҳамма фандан баҳолари ёмон бўлганидан дастлаб 3-синфдан, кейин 5-синфдан кейинги синфга шартли ўтказилган.
Аммо шундай “қолоқ” уқувчи мактабни олтин медал билан тугатади.
Ҳаммасига битта устоз сабабчи бўлган экан.
Еттинчи синфда уларга грузин тилидан янги устоз тайинланади.
Кечаги иккичи кундалигида дастлабки “5” лар пайдо бўлади.
Олимнинг хотирлашича, бу “5” лар аслида ошиқча рағбат билан қўйилган:
“Чамаси, бу устозимиз, мени дастлаб бир нима билан “илинтириб олиш” кераклигини ҳис этган”.
Дастлабки бешлардан кейин ўқувчи кутубхонага борадиган бўлди, ўқиб тайёрланиб келадиган бўлди, аммо бошқа фанлардан ҳали ҳам “2” олишда давом этди.
Кунлардан бирида синф дарсда иншо ёзадиган бўлди.
Шалва устозини хурсанд қилиш илинжида, “Шундай иншо ёзайки, бунақасини ҳали ўқимаган бўлсинлар, қойил қолсинлар”, деб турганида ўқитувчи охиста олдиган келиб қулоғига ПИЧИРЛАБ шундай дейди:
“Болакай, менинг бешларим иккилар орасида уятдан роса қизариб кетаяпти-ку, нима қилсак бўлади?”.
Ҳозирда 94 ёшда бўлиб турган Шалва Амонашвилли қарийб 80 йил олдинги бу бир зумлик пичир-пичирдан қолган хотирани шундай эслайди:
“Кўзим одида устоз либосидаги бежирим тақинчоқ, димоғимда “Қизил Москва” атири, ва бетимда оҳиста теккан устоз кокилларини ҳис этиб, айтган гапларидан бошимни эгиб, йиғлаб юборганман.
Ўша сўзлардан кейин ўзимни қўлга олиб, иккиларни 3 га, кейин 4 га айлантирдим, охири мактабни олтин медал билан тугатдим”.
Нуроний олим-устоз ўзи иқрор бўлишича, ўша олис мактаб йилларида ўқитувчи опа икки оғиз пичир-пичир сўзи бўлмаганида, ҳозирги юксаклик даражаси, миллионлаб одамлар эътиборига тушиш мақоми ҳам бўлмасди.
Балки кимдир педагог ўз сўзини ўтказиши учун албатта, бор овози билан бақириши керак, кимдир дўқ урмасанг, сени эшитишмайди ҳам, ҳурмат қилишмайди ҳам, деб ҳисоблар.
Балки бундай ҳисоблаш учун уларнинг асослари ҳам бордир, эҳтимол, қайсидир вазиятда шундай қилишга ўзини мажбур ҳис этар.
Ҳар қалай биз бир инсоннинг ҳаётидаги кичик лавҳани эслаб, устоз бошқача йўлни танлаши ҳам мумкинлигини эслатмоқчи бўлдик, холос.
Биз шунчаки, бир инсоннинг ҳаётидаги бир лавҳа. Хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзидан...
Устоз кундалиги жамоаси (психол. ф. д. П.С. Эргашев илмий таҳрири остида)@Ustoz_kundaligi