БИРОВГА ЗОР БЎЛМАСАМ БЎЛДИ
Синовларга майли тўлсам ҳам,
Шаҳодатсиз ўлмасам бўлди.
Бу дунёда нима бўлсам ҳам,
Бировга зор бўлмасам бўлди.
Мард тўкмасин кўздан ёшини,
Номардга эгмасин бошини.
Пасткаш миннат қилар ошини,
Бировга зор бўлмасам бўлди.
Ҳасад қилиб тўқчилигимдан,
Қувонишар йўқчилигимдан.
Дўст ҳам чалар гоҳ илигимдан,
Бировга зор бўлмасам бўлди.
Нафс бошлайди гуноҳ йўлига,
Жоним чида ёмғир дўлига.
Муҳтож қилма банда қўлига,
Бировга зор бўлмасам бўлди.
Шақоллар кўп камайди шерлар,
Бир бирини гўштини ерлар.
Тўрт сўм бериб отанманг дерлар,
Бировга зор бўлмасам бўлди.
Қилдан нозик номусим орим,
Ғурурлиман шунақа борим.
Сендан қолмай парвардигорим,
Бировга зор бўлмасам бўлди.
Тупроғимга тўлгунимча ман,
Куним битиб ўлгунимча ман.
Кафанимда бўлгунимча ман,
Бировга зор бўлмасам бўлди.
✍ Одилбек Қодиров
❤️ 𝗞𝗮𝗻𝗮𝗹 |
𝙾𝚍𝚒𝚕𝚋𝚎𝚔 𝚀𝚘𝚍𝚒𝚛𝚘𝚟